Ўсимликлар таркибидаги алкалоидлар ва гликозидлар.
Алкалоидлар - ўсимликлар (қисман ҳайвонлар) тўқималарида тайёр ҳолда бўладиган асосли (ишқорли) хоссага ва кучли физиологик таъсирга эга бўлган азотли мураккаб органик бирикмалар алкалоидлар деб аталади. Алкалоид арабча –“алкали” – ишқор ва юнонча “эйдос” – ўхшаш (симон) сўзларидан иборат бўлиб, ишқорсимон бирикма деган маънони билдиради. Бу алкалоидларнинг асосли хусусиятга эга эканлигини кўрсатади. 1819 йилда Мейснер сабадилла ўсимлигидан асос хоссали бирикма ажратиб олди ва уни биринчи бўлиб алкалоид деб атади.
(G. Hopkins and Norman P. A. Huner. 2009.p ).
Алкалоидларни ўсимликлар дунёсида тарқалганлиги. Алкалоидлар ўсимликлар дунёсида кенг тарқалган. 1974 йил маълумоти бўйича ер юзида тарқалган юқори ўсимликларнинг 327 оиласидан 140 тасида (40% ини ташкил қилади) алкалоидлар борлиги аниқланган. Таркибида алкалоидлар бўлган туркумлар Ер шарида ўсадиган ўсимликлар туркумларнинг 8,7% ни (10615 туркумдан 926 тасини), турлар ичида эса тахминан 2% ини ташкил қилади.
Қуйидаги оилалар вакиллари алкалоидларга бой: бир паллалилар ичида лолагулдошлар (Liliaceae) ва чучмомадошлар (Amaryllidaceae); икки паллалилар ичида кендирдошлар (Аросуnасеае), айиқтовондошлар (Ranunculaceae), мениспермадошлар (Menispermaceae), кўкнордошлар (Papaveraceae), дуккакдошлар (Fabaceae) шамшоддошлар (Buxaceae), логаниядошлар (Loganiaсеае), итузумдошлар (Solanaceae), шўрадошлар (Chenopodiaceae), астрадошлар (Asteraceae) мураккабгулдошлар (Compositae), зиркдошлар (Berberidaceae) ва рўяндошлар (Rubiaceae). Ҳозирча Pandales, Salicales ва Fagales тартибининг вакиллари таркибида алкалоидлар топилганича йўқ.
Ўсимликлар таркибида жуда оз миқдордан тортиб, то 10-15, баъзан 25% гача алкалоидлар бўлиши мумкин. Трахилантус ўсимлигида 18% миқдорида алкалоидлар суммаси топилган. Ўсимликларда бир-бирига яқин кўпгина алкалоид бўлади. Алкалоидлар сони баъзи ўсимликлар таркибида 50 тадан ортади. Масалан, Vinca erecta ўсимлигининг алкалоидлар суммасидан 55 та алкалоид хиллари ажратиб олинган.
Ўзаро (ботаник жиҳатдан) яқин бўлган ўсимликлар таркибида кўпинча бир хил алкалоид бўлади. Масалан, итузумдошлар оиласига кирадиган бир қанча ўсимликлар (Atropa L., Hyoscyamus L., Datura L, Scopolia Jacq. турлари) таркибида тропан гуруҳига хос алкалоидлар (атропин, гиосциамин, скополамин) учрайди. Айни вақтда битта алкалоид ботаник жиҳатдан бир- бирига боғланмаган, бир қанча оилаларда ҳам бўлиши мумкин. Масалан, эфедрин алкалоиди Ephedraceae, Celastraceae, Malvaceae, Papaveraceae ва Taxaceae (яъни 5 та), кофеин алкалоиди Sapindaceae, Theaceae, Sterculiaceae, Rubiaceae, Aquifoliaceae, Liliaceae ва бошқалар (яъни 16 та) оилаларига кирадиган ўсимликлар таркибида учрайди.
Ўсимликнинг ўсиш даврида горденин алкалоиди аста секин камайиб, лигнинга айланиб кетади. Никотин оксидланишидан ҳосил бўлган никотин кислотанинг амид формаси ўсимликларни баъзи оксидланиш ва қайтарилиш жараёнида иштирок этувчи ферментларнинг асосий қисми ҳисобланади. Никотин ва конволамин алкалоидлари ўз метил гуруҳини бошқа бирикмалар синтези учун бериши мумкин. Пиридин ва пиперидин алкалоидлари пиридиннуклеид ферментлар синтезида иштирок этади. Ўсимликлар тўқимасида алкалоидларнинг оксидланган N-оксид формаси ўзидан кислород ажратиб беради ва керак бўлганда ортиқча кислородни ўзига бириктириб, тўқималардаги оксидланиш ва қайтарилиш жараёнларида фаол иштирок этади.
Алкалоидлар ўсимлик тўқималарида буфер ролини ҳам бажариши мумкин. Ўсимликларнинг кўкариб турган ер устки қисмида алкалоидлар одатда ўсимликнинг яхши ўсган вақтида максимал миқдорда тўпланади. Бу даврда ер остки органларида алкалоидлар минимал миқдорда бўлиб, уларнинг максимал миқдорда тўпланиши ер устки қисмининг қуриб қолиши ва ўсимликнинг уйқуга кириш даврига тўғри келади. Демак, алкалоидлар ўсимликларнинг айни даврида керак бўлган ва насл қолдириш учун асосий роль ўйнайдиган органларида максимал тўпланар экан. Бу ҳол алкалоидларнинг ўсимликлар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатадиган далиллардан биридир.
(William G. Hopkins and Norman P. A. Huner 2009.477 p)
Do'stlaringiz bilan baham: |