44.Ўзбекистон иккинчи жаҳон уруши йилларида.
Инсоният жуда кўп урушларни бошидан кечирган бўлиб, булар ичида энг даҳшатлиси, 50 миллиондан ортиқ кишининг ёстиғини қуритган, ХХ аср фожиаси бўлмиш иккинчи жаҳон урушидир. Олти йил (1939 йил сентябрь - 1945 йил сентябрь) давом этган бу уруш ер шарининг 80% аҳолиси жойлашган ҳудудни, 61 та мамлакатни ўз ичига қамраб олган.Уруш бутун мамлакат хўжалиги, унинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. 1941 йил 30 июнда Давлат мудофаа Қўмитаси (ДМК)нинг тузилиши билан мамлакатдаги бутун сиёсий, ҳарбий ва хўжалик ҳокимияти унинг қўлига ўтди. Ушбу қўмитанинг раиси И.В.Сталин 19 июлдан СССР мудофаа халқ комиссари, 8 августда СССР қуролли кучлари Олий Бош қўмондони лавозимини эгаллади. У айни пайтда СССР ХКС раиси ва ВКП (б) МК бош котиби бўлган. Урушнинг дастлабки кунларида қабул қилинган махсус қарорлар кўрсатмаларда мамлакатнинг катта хавф остида қолганлиги, уни химоя қилиш учун зудлик билан барча иқтисодий-маънавий кучларни мудофаа манфаатларига бўйсиндириш, халқ хўжалигини тўлиқ ҳарбий изга солиш лозимлиги қайд этилди. Узоқ давом этган уруш қийинчиликлари Ўзбекистон меҳнаткашларини ҳам оғир аҳволга солди. Иккинчи жаҳон уруши даврида республикага раҳбарлик қилган Ўзбекистон Компартияси МКнинг 1-котиби Усмон Юсупов (1937-1950 йй.) ўзбекистонликларни фашизмга қарши курашга сафарбар қилишда бош-қош бўлди. Ўрта Осиё ҳарбий округи фронт учун 1941 йил июндан 1945 йил охиригача ҳарбий сафарбарлик асосида ҳарбий қўшилма тузилди, ҳаракатдаги армияга ва Олий Бош қўмондонлик қароргоҳи резервига двизия ва бригадалар жўнатилди.Уруш йилларида бир ярим милиондан ортиқ ўзбекистонлик фуқаро фашизмга қарши жангларда қатнашди. 1940 йилда республика аҳолиси 6,5 миллион кишидан иборат эди.Умумий ахволнинг кескин ёмонлашуви озиқ-овқат борасида қийинчилик туғдирди. Шаҳарларда озиқ-овқат карточкалари жорий қилинди. Уруш йилларида аҳолининг янги ижтимоий гуруҳлари - ҳарбий хизматчилар оилалари, кўчиб келган кишилар, уруш ногиронлари, етим болалар пайдо бўлди. Уруш йилларида республикага бир миллондан ортиқ киши, шу жумладан 200 минг етим бола эвакуация қилинди. Ўзбекистон уларга бошпана берди. Ўзбекистонликлар кўчириб келтирилган болаларга меҳрибонлик ва ғамхўрлик кўрсатдилар. 15 нафар етим болаларни фарзандликка олган Шомаҳмудовлар оиласининг олийжаноблиги ҳаммамизга маълум. Кўчириб келтирилган болаларнинг асосий қисми болалар уйларига жойлаштирилди. Уруш йилларида бундай уйларнинг сони икки баробардан зиёд кўпайди.1941 йил охиригача 300 га яқин корхона ҳарбий изга солинди, жанговор техника, қуроллар, ўқ-дори ишлаб чиқаришга мослаштириб қайта қурилди. Шулардан 100 таси уруш бўлаётган худудлардан кўчириб келтирилди ва қайта қурилди. Бундан ташқари яна жуда кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари, маориф ва маданият муассасалари Ўзбекистонга эвакуация қилинди. 1941 йил 1 октябргача Ўзбекистон соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги тизимида госпиталлар барпо этилди ва зарур ускуналар билан жиҳозланди.Иқтисодиётни жадал ҳарбий изга солиш энг муҳим вазифа эди. 1941 йил 26 июндан бошлаб ишчи ва хизматчилар учун иш вақтидан ташқари мажбурий ортиқча ишлар жорий қилинди, ҳафтасигамавжуд беш кунлик ўрнига олти кунлик, бир кунда 11 соатлик иш куни жорий қилинди. Аслида иш куни 12-14 соатга чўзиларди. Бу ишчи ва хизматчилар сонини оширмасдан, ишлаб чиқариш қувватини кўтариш имконини берди. Бироқ ишчи кучи барибир етишмасди. Ўзбошимчалик билан корхонадан кетиб қолганларга 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси белгилаб қўйилди. Темир йўл ҳам ҳарбий хизматга ўтказилди. Тошкент темир йўли кўчириб келинаётган корхоналарнинг асбоб-ускуналари Ғарбдан Шарққа етказиб бериладиган асосий йўлларидан бири бўлиб қолди, Шарқдан Ғарбга эса қурол-яроғлар юбориларди.Уруш даври талаблари почта ва телеграф ишини ҳам қийинлаштириб қўйди. Барча алоқа корхоналарида иш вақти тиғизлаштирилиб, иш ҳажми оширилди, почта корхоналарининг сони, телеграф ва телефон тармоқлари узунлиги ортди.Уруш бошланиши билан республика қишлоқ хўжалиги олдида ҳам фронт ва фронт ортини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан, саноатни эса хом ашё билан таъминлаш вазифаси турарди. Бунинг учун халқ хўжалигининг барча сохалари каби, қишлоқ хўжалигини ҳам ҳарбий изга солиш, техник экинлар, дон, полиз ва сабзавот экинларини кўпайтириш, чорвачилик маҳсулотларини ошириш зарур эди. 1941-1945 йиллардаги урушнинг барча жабҳаларида ўзбекистонлик жангчилар қаҳрамонлик ва мардлик кўрсатдилар. Иккинчи жаҳон урушида фашистлар ва Япония милитаризми кучларига қарши курашдаги жасорати, мардлик ва қаҳрамонлиги учун 120 минг киши орден ва медалларга, 280 киши эса Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди, улардан 75 таси ўзбек жангчилари эди, 82 ўзбекистонлик аскар ҳар учала даражали «Шухрат» орденини олишга муяссар бўлган.
Жанг ҳаракатлари даврида ҳарбий асирликда бўлганлар, хусусан, Туркистон легионида қатнашганларнинг тақдири ҳам ниҳоятда оғир кечди. Уруш тугагач, улар ҳамма жойда таъқиб этилди, кўпчилиги турли қийноқларга дучор қилинди. Бу қийноқлардан омон қолган оз сонли кишиларгина кейинчалик озодликка чиқарилди.1999 йил майда Тошкентда Хотира ва қадрлаш майдони барпо этилиб, унда «Мотамсаро она» ҳайкали ўрнатилди. Ҳиёбоннинг шимолий ва жанубий томонида қад кўтарган айвонлар токчаларида иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбекистонлик барча жангчиларнинг исм-шарифлари битилган металл тахталар қўйилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |