Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
«Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ва чегара режимини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат
чегараларини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш, чегара муаммоларини ҳал этиш, ноқонуний миграцияга, республика ҳудудига товарлар ва контрафакт маҳсулотларни ноқонуний олиб киришга қарши курашиш масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар (кейинги ўринларда ҳудудий комиссиялар деб аталади) 2018 йил 1 октябргача бўлган муддатда:
мамлакат маъмурий-ҳудудий тузилишига мувофиқ
туманлар, шаҳарлар, посёлкалар, қишлоқлар, овуллар, темир йўл станциялари, аэропортлар ва ҳудудида чегара зонаси белгиланадиган бошқа объектлар рўйхатини;
жойларнинг физик-географик шароитлари ва рельефига қараб, уларда Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси чизиғидан чегара минтақасининг чегарасини белгиласин.
3. Қорақалпоғистон
Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари,
геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳудудий комиссиялар ишларининг якунлари бўйича 2019 йил 15 январгача бўлган муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларининг жами узунлигида чегара минтақаси ва чегара зонасининг чизмасини тушунтириш хати билан биргаликда акс эттириш ишларининг бажарилишини таъминласин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун материаллар тақдим этсин;
Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини муҳандислик-техник жиҳозлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларининг жами узунлигидаги чегара минтақаси доирасида беғараз асосда доимий фойдаланиш учун ерлар ажратсин.
4. Белгилансинки, ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари,
Ички ишлар вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг бюджетдан ҳар йили ажратиладиган маблағлари доирасида амалга оширилади.
5. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Қуйидагилар:
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисидаги низомнинг янги таҳририни тасдиқлаш тўғрисида» 2001 йил 25 октябрдаги қарори;
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2004 йил 6 июндаги қарорининг 5-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Бош вазир ўринбосари З.Т. Мирзаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.
АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 5 июль,
504-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июлдаги 504-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чегара зонаси ва чегара минтақасида чегара режимини таъминлаш тартибини белгилайди.
2. Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси — Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасини (қуруқликда, сувда, ер остида ва ҳаво бўшлиғида) белгиловчи чизиқ ва бу чизиқ бўйича ўтувчи вертикал сатҳ;