كس بكس وانسف نسف ورد وردان
“Кешни ер билан яксон қил, Насафни вайрон қил ва Вардонга жавоб қайтар!”[41]
Ҳажжожнинг бу мактуби Қутайбани яна Бухоро сари етаклайди. Ҳажжож мактубида Бухорога қайси тарафдан ҳужум қилиш кераклигини ёзган эди. 90-ҳижрий (милодий 708) йилда Қутайба яна жангга отланади. Бухоро ҳокими Сўғд ва атрофдаги бошқа туркий қабилалардан ёрдам сўрайди. Вакиъ ва Бану Тамим раҳбари Ҳурайм бошчилигидаги саккиз юз кишилик пиёда мусулмонлар дарёга кўприк қуриб, нариги қирғоққа ўтадилар. Бу жангда араблардан Бану Қариъ қабила вакиллари жонбозлик кўрсатади. Қаттиқ жангдан сўнг Бухоро мусулмонлар ҳукми остига ўтади[42].
Мусулмонлар Самарқанд ва Сўғдда. Араб тилидаги манбаларда Сўғд номи икки хил тарзда берилади. Бири “син” ҳарфи билан “سغد”, бўлса, иккинчиси “сод” ҳарфи билан “صغد” шаклида келади. Ёқут Ҳамавий бу шаҳар ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Иккита Сўғд мавжуд. Бири Бухоронинг Сўғди, иккинчиси Самарқанднинг Сўғди. Сўғд суви сероб, дарахтлари ям-яшил бўлиб, унда турил сайроқи қушлар ва беш кунлик масофага чўзилган жаннатмакон боғлар бор. Дарахтзорларнинг кўплигидан унинг аксарият жойларига қуёш нури тушмайди, дарахтлар орасидан шаҳар кўринмай туради. Сўғд Бухоро ва Самарқанд орасида жойлашган бўлиб, унда кўплаб қишлоқлар жойлашган. Маркази Самарқанд шаҳри. Абу Абдуллоҳ Мақдисий Сўғдда ўн иккита кўркам жойларни санаган. Улардан олтитаси Амударёнинг жанубида жойлашган. Улар Панжикент, Варағсар, Маймурғ, Саҳарқаър, Дарғом ва Авфар. Қолган олтитаси шимолий томонда жойлашган. Улар Боргат, Варимад, Бурможар, Кабуданжакат, Вазор ва Мирзабон”. Унинг Кошония, Иштихон, Даббусия, Кеш, Насаф ва Кирмания номли шаҳарлари бор. Баъзилар Бухорони ҳам Сўғд деб биладилар ва Жайҳуннинг бошланиш жойидан Бухорогача бўлган ерларни Сўғд деб тушунадилар. Бу нотўғри, Сўғд аслида водийнинг номи”[43]. Қутайба Сўғднинг кўркам ва гўзал манзарасига маҳлиё бўлиб қолгани манбаларда таъкидланади[44]. Кейинчалик Сўғд “Амирул муъмининнинг бўстони”[45] деган номга ҳам сазовор бўлган. Тарихий манбаларда Сўғд номи асосан Самарқандга нисбатан қўлланилади. Бу икки атама бир-бирининг ўрнида ҳам қўлланилади.
56-ҳижрий (милодий 675) йилда Саъид ибн Усмон ибн Аффон Хуросон волийси этиб тайинлангач, дарёни кечиб ўтиб, илк бор Самарқандга кириб келади. Унга қарши сўғдликлар жангга ҳозир ҳолда чиқадилар. Икки қўшин бир кеча-кундуз юзма-юз турадилар, сўнг жангсиз ортларига қайтиб кетадилар. Бу ҳодиса тарихда “Сўғд куни” номи билан мухрланиб қолган. Шоир Молик ибн Райб Саъиднинг бу қўрқоқлигини қуйидаги байтлар билан изоҳлаган:
“Сўғд куни” мағлубиятдан хавфсираб,
Қўрқоқликла қалтирашдан бошқасига ярамадинг.
Эртаси куни Саъид ибн Усмон ибн Аффон Сўғдни қамалга олди. Сўғдликлар элликта қулни гаров сифатида бериб, 700 минг дирҳам эвазига ўзаро сулҳ тузишади. Саъид дарёни кечиб ўтиб, Термиз шаҳрида қўним топади[46]. Шу жангда Саъид ибн Усмон ва Муҳаллаб ибн Абу Суфра[47]нинг бир кўзи жароҳатланади. Саъид ибн Усмон Термизга келганида Қулаж Хотун келишилган сулҳни келтириб беради[48].
56-ҳижрий (милодий 675) йилда Расулуллоҳ (с.а.в.) амакисининг ўғли Қусам ибн Аббос (р.а.) Самарқанд шаҳрида шаҳид бўлади[49]. Қусам ибн Аббос (р.а.) Саъид ибн Усмон ибн Аффон билан бирга эди. Самарқандга келганларида Қусам (р.а.) вафот этади[50]. Аббдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) укасининг вафотини эшитиб: “Укамнинг туғилган ва вафот этган жойлари бир-биридан нақадар узоқ бўлмаса!”, дейди ва намоз ўқишга киришиб кетади. Ундан: “Бу нима қилганинг?”, деб сўрашганда, Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.): “Аллоҳнинг мана бу сўзларини эшитмаганмисиз?”, дея қуйидаги оятни тиловат қилади:
Do'stlaringiz bilan baham: |