“(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз. Дарҳақиқат, у (намоз) оғир ишдир. Илло, итоатли (хокисор) кишиларга (оғир) эмас” (Бақара сураси, 45-оят)[51].
Бу йилда Саъид ибн Усмон билан бирга тўққиз саҳобий, тобеъий ва табаъа тобеъийлар Самарқандга кириб келган. Улар Саиъд ибн Усмон ибн Аффон, Қусам ибн Аббос, Абул Олия Руфай ибн Миҳрон, Муҳаммад ибн Восиъ, Анас ибн Моликнинг мавлоси Бурд, Заҳҳок ибн Музоҳим, Лайс ибн Абу Сулайм, Зиёд ибн Миҳрон ва Хулайд ибн Ҳассон. Қусам ибн Аббос (р.а.) саҳобийлардан бўлса, Абул Олия Руфай ибн Миҳрон (в. 94/712) басралик тобеъийлардан саналади. У Мовароуннаҳрда биринчи бўлиб азон айтган шахс сифатида тарихда қолган. Абул Олия Қутайба даврида ҳам Мовароуннаҳрда илму ирфон тарқатиш билан банд бўлганлиги эҳтимолдан холи эмас[52].
61-ҳижрий (милодий 680) йилда Салам ибн Зиёд Язид ибн Муовия томонидан Хуросон волийси этиб тайинлангач, Самарқандга юриш қилади. У билан аёли ҳам бирга эди. Аёли унга бир ўғил туғиб беради. Салам ўғлини Сўғдий деб атайди. Бу ҳақда Хузоъа бобосидан шундай ривоят келтиради: “Мен Салам ибн Зиёд билан Хоразмга юриш қилдим. Хоразмликлар кўп мол эвазига сулҳ туздилар. Сўнг Салам Самарқандга юриш қилди ва у ерликлар билан ҳам сулҳга келишди. Салам билан бирга унинг ўғли Муҳаммаднинг онаси, яъни хотини ҳам бирга эди. Самарқанд юриши чоғида Салам мазкур аёлидан ўғиллик бўлади. Саламнинг хотини Сўғд ҳокими аёлига элчи юбориб, зийнат ва либосларни қарзга бериб туришни илтимос қилади. Сўғд ҳокимининг аёли унга ўз тожини юборади. Сўнг Салам ортига қайтиб кетади. Тож ҳам улар билан бирга кетади”.[53]
85-ҳижрий (милодий 704) йилда Мусо ибн Абдуллоҳ бошчилигидаги мусулмонлар Самарқанд шаҳрига келадилар. Самарқанд ҳокими Тархун меҳмонларни яхши кутиб олади ва Самарқандда истиқомат қилиш учун уларга рухсат беради. Сўғдликларнинг йилда бир марта тортиладиган анъанавий дастурхони бўлиб, бу дастурхон Сўғд қаҳрамони шарафига ёзилар эди. Дастурхонга думба гўшти, нон ва бир кўза ичимлик тортиш одат тусига кирган бўлиб, бу таомга фақат Сўғд қаҳрамони эгалик қилар, бошқа ҳеч ким мазкур дастурхонга яқинлашишга журъат қила олмас эди. Агар бирортаси бу дастурхондан тановул қилса, Сўғд қаҳрамони билан жанг қилишга мажбур бўлар ва жангда ғалаба қоғонган жангчи Сўғд қаҳрамонига ҳамда мазкур шохона дастурхон соҳибига айланар эди. Мусо ибн Абдуллоҳ билан келган бир мусулмон бу қизиқ одатдан хабар топгач, хаёлида: “Мен бу дастурхондаги таомлардан еб, Сўғд қаҳрамони билан жанг қиламан. Уни ўлдирсам, Сўғд қаҳрамонига айланаман”, дея режа тузади. Сўнг шу тарзда Сўғд қаҳрамони билан жанг қилиб, уни енгади. Бундан хабар топган Сўғд ҳокими: “Мен сизларни ҳурмат қилиб, бошпана бердим, сизлар бўлса, Сўғд қаҳрамонини ўлдирдингиз. Агар сиз ва шерикларингизга омонлик ваъда қилмаганимда, сизларни аллақачон қатл қилган бўлар эдим. Менинг юртимдан чиқиб кетинглар”, деб уларни ҳайдаб юборади[54].
90-ҳижрий (милодий 708) йилда Қутайба Сўғд шоҳи Тархун билан янги сулҳ тузади. Тархун маълум миқдордаги фидя тўлаш эвазига Қутайба билан сулҳга рози бўлади[55].
93-ҳижрий (милодий 711) йилда Қутайба ибн Муслим Хоразм билан сулҳга келишгач, Самарқандга юриш бошлайди. Уни бу ишга Мужашшар ибн Музоҳим ундаб, шундай маслаҳат беради: “Агар Сўғдга юриш ниятингиз бўлса, ҳозир айни вақти. Чунки улар сизни бу йил Сўғдга юриш қилмайди, деб ўйлаб, ўзларини хортижам ҳис қилмоқдалар. Бу ердан Сўғдгача ўн кунлик йўл бор”. Қутайба: “Сенга буни бирортаси ўргатдими?”, деб сўради. У: “Йўқ”, деб жавоб берди. Қутайба: “Аллоҳга қасамки, агар бу сўзларни сендан бошқаси айтганида бошини танасидан жудо қилган бўлар эдим”, деди ва эртаси куни тонгда укаси Абдураҳмонни чақириб, отлиқ ва камончи аскарлар билан бирга юкларни Марвга элтиб қўйишни буюради. Сўнг шу куни кечаси Қутайба Абдураҳмонга: “Тонг отгач, юкларни Марвга жўнат ва ўзинг отлиқ ва камончилар билан бирга Сўғдга йўл ол. Бу хабарни махфий тут. Мен ортингдан етиб бораман”, дея мактуб жўнатади.
Қутайба Сўғдга юриш олдидан шундай хутба ўқиди: “Албатта, Аллоҳ сизларга бу шаҳарни фатҳ этади. Сўғд орамиздги сулҳни бузди, улар Тархун билан тузган сулҳимизга монеълик қилишди ва сизлар эшитган бошқа кўнгилсизликларни амалга оширдилар:
Do'stlaringiz bilan baham: |