3.2 Меҳнат стажини ҳисоблаш.
Меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат
ҳисобланади. Меҳнат дафтарчаси ёки унда тегишли ёзувлар бўлмаган
тақдирда иш стажини тасдиқлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 11 майдаги 249-сон қарори билан тасдиқланган "Пенсия тайинлаш учун меҳнат стажини тасдиқлаш тартиби тўғрисида НИЗОМ"нинг2 1-бандига кўра: "Меҳнат стажи иш, хизмат, ўқиш жойидан ёки иш стажига қўшиб ҳисобланадиган бошқа фаолият амалга оширилган жойдан, ёхуд архив муассасалари томонидан берилган ҳужжатлар асосида аниқланади.
Стажга қуйидагилар имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланади:
а) ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш,
байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш-уч ҳисса баробарида;
б) Улуғ Ватан уруши йилларида (1941 йил 22 июндан 1945 йил 9 майга
қадар) мамлакат ичкарисида ишлаш, шу жумладан ҳарбий қисмлардаги
эркин ёлланганлар таркибидаги иш-икки ҳисса баробарида;
в) имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган-эркакларда 10
йилдан ортиқ ва аёлларда 7 йилу 6 ойдан ортиқ ишланган ҳар бир тўлиқ йил-
икки ҳисса баробарида;
г) моховхоналарда, вабога қарши муассасаларда, иммунодефицит
вируси билан касалланган шахслар даволанадиган юқумли касалликлар
муассасаларида ишлаш-икки ҳисса баробарида;
д) патологоанатомия муассасалари ва суд-тиббий экспертиза
муассасаларининг тиббий ходимларидан айрим тоифаларининг иши-бир
ярим ҳисса баробарида;
е) асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилган, асоссиз равишда
қатағон қилинган ва кейинчалик оқланган фуқароларнинг қамоқда бўлиш ва
ҳибсда сақлаш жойларида турган вақти-бир ярим ҳисса баробарида
Меҳнат дафтарчаси, шунингдек, Пенсия жам-армаси органлари томонидан берилган суғурта бадаллари тўланганлигини тасдиқловчи маълумотномалар иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатлар ҳисобланади.
Чет элда ишланган даврлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган тақдирда, агар давлатлараро битимларда ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ёлланма (битим) асосда чет элда ишлаганлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган органлар меҳнат дафтарчасига киритган қайдномаларга қараб аниқланади.
Чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга чет элдаги иши Ўзбекистон Республикасида ишланганига тўғри келадиган стажнинг 1/3 ҳиссасидан ошмаган миқдорда, агар давлатлараро битимларда
(шартномаларда) ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, стажга қўшилади.
Меҳнат дафтарчаси бўлмаган тақдирда ҳамда меҳнат дафтарчасида зарур ёзувлар бўлмаган ёки ёзувлар хато ва ноаниқ ёзилган бўлса, меҳнат стажини тасдиқлаш. учун (иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган ходимлар стажи бундан мустасно) маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, иш ҳақи бериш бўйича шахсий счётлар ва ведомостлар, уларнинг бажарганлиги қайд этилган ёзма меҳнат шартномалари (контрактлар) ва иш даврлари тўғрисида маълумотлар бўлган бошқа ҳужжатлар қабул қилинади. Юқорида кўрсатилган ҳужжатлар бўлмаса, меҳнат стажини исботлаш учун касаба уюшмаси билетлари ва ҳисоб-китоб дафтарчалари қабул қилинади. Ҳисоб-китоб дафтарчалари иш ҳақи тўланганлиги тўғрисида белги қўйилган вақт учун, касаба уюшмасига аъзолик билети эса иш ҳақи ёки стипендиядан аъзолик бадаллари тўланганлиги тўғрисида белги қўйилган вақт учун иш даврини тасдиқлайди.
Касаба уюшмасига аъзолик билети бўлмаган тақдирда, стаж ҳисобга олиш варақаси асосида аниқланиши мумкин, бунда фақат аъзолик бадаллари тўланган вақт стажга киради.
Иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган ходимларнинг меҳнат стажи Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисида Молия вазирлиги қошидаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими томонидан бериладиган маълумотномалар бўйича аниқланади.
Мехнат стажини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса (иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган ходимлар бундан мустасно) иш даври гувоҳларнинг кўрсатмаси асосида аниқланади".
Меҳнат стажини тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг мазмуни ва зарур даражада расмийлаштирилганлигини ҳуқуқий бахолаш, зарурат бўлганда уларни беришнинг асосланганлигини текшириб кўриш тўғрисида қарор қабул қилиш; зарур ҳолларда меҳнат фаолиятининг айрим даврларини стажга қўшиб ҳисоблаш ёки олиб ташлаш ҳақида қарор қабул
қилиш;. гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида иш стажини аниқлаш; айрим шахсларни парваришлашга кетган вақтни аниқлаш Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларининг ваколатига киради
Табиий офатлар, ҳалокатлар, фалокатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар натижасида иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар тўлиқ ёки қисман йўқотилган ҳолларда меҳнат стажини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тузилган махсус комиссия томонидан амалга оширилади.
Қисман сақланиб қолган ҳужжатлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида қайд этиб ўтилган комиссиялар томонидан аниқланган меҳнат фаолияти даврлари умумий стажга, шунингдек, имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берувчи махсус ҳужжатлар билан тасдиқланган иш вақти сифатида стажга қўшилади.
Мавжуд иш стажи тўғрисида маълумотлар бўлмаган ва ҳарбий ҳаракатлар, табиий офатлар, ҳалокатлар, фалокатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар муносабати билан уларни олиш имконияти бўлмаса, меҳнат стажи, шу жумладан, имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берувчи меҳнат стажи ариза берувчини бир корхона, муассаса, ташкилот, жамоа хўжалиги ёки бир тизимда у билан бирга ишлаган ва уни билган камида икки гувоҳнинг кўрсатмаси асосида белгиланади.
Архив маълумотлари йўқлиги сабабларидан қатъи назар, мавжуд иш стажи тўғрисидаги ҳужжатларни олиш имконияти бўлмаган ҳолларда 1965 йилгача жамоа хўжалигида ишлаш даври юқоридаги тартибда гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқланади.
Умумий меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берувчи ишнинг характери гувоҳларнинг кўрсатмалари билан белгиланмайди.
Меҳнат фаолиятини тасдиқлаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар мансабдор шахслар томонидаи имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган бўлиши керак.
Меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар ушбу дафтарчани тўлдириш ва юритиш пайтида амал қилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда меҳнат дафтарчаларини жорий этиш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома талабларига мувофиқ расмийлаштирилиши керак.
Меҳнат дафтарчаларидаги ва бошқа ҳужжатлардаги ёзувлар белгиланган қоидалардан четга чиққан ҳолда амалга оширилган ҳолларда уларни меҳнат стажининг исботи сифатида қабул қилиш мумкинлиги тўғрисидаги масала Молия вазирлиги қошидаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими томондан ҳал этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |