Йил бошидан то ҳисобот ойига қадар бўлган давр учун ходимларнинг ўртача сони йил бошидан ҳисобот ойига қадар олинган давр учун ўтган жами ойлар учун ходимларнинг ўртача ойлик сонини қўшиш ва олинган суммани ташкилотнинг йил бошидан буён бўлган даврда ишланган ойлари сонига, яъни тегишлича, 2, 3, 4 ва ҳоказога бўлиш орқали аниқланади.
Масалан: Ташкилот март ойидан ишлай бошлади. Февраль ойида ходимларнинг ўртача ойлик сони 450 кишини, апрель ойида – 560 кишини ташкил қилган. Йил бошидан бошлаб бўлган давр учун ходимларнинг ўртача сони (3 ой учун) 337 кишини ((450+560):3) ташкил қилган.
Бир йил учун ходимларнинг ўртача сони ҳисобот йилининг барча ойлари учун ходимларнинг ўртача ойлик сонини қўшиш ва олинган суммани 12 га бўлиш орқали аниқланади.
Агар ташкилот тўлиқ бир йил ишламаган бўлса (ишнинг мавсумий тусдалиги ёки январь ойидан кейин фойдаланишга топширилган ва ҳоказо) у ҳолда ходимларнинг ўртача йиллик сони ташкилотнинг барча ишлаган ойлари учун ходимларнинг ўртача ойлик сонини қўшиш ва олинган суммани 12 га бўлиш орқали аниқланади.
Масалан: Мавсумий ишлаш тусига эга бўлган ташкилот апрель ойида ишлашни бошлади ва август ойида уни ниҳоясига етказди. Апрель ойида ходимларнинг ўртача ойлик сони 641 кишини, майда – 1254, июнда – 1318, июлда – 820, августда - 457 кишини ташкил қилган. Ходимларнинг ўртача йиллик сони 374 кишини ((641+1254+1318+820+457):12) ташкил қилган.
Иқтисодий – ишлаб чиқариш характеридаги сабаб билан вақтинча иш фаолиятини тўхтатган ташкилотлар ўртача давр учун ходимлар сонини умумий асосда аниқлайди.
3. 101-сатр 2-устун бўйича. “Ўртача иш ҳақини ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ходимлар сони” кўрсаткичини олиш учун ходимлар сонидан қуйидаги ходимларнинг айрим тоифаларини чиқариб ташлаш зарур: ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилда бўлган, бевосита туғуруқхонанинг ўзидан янги туғилган чақалоқни фарзандликка олиш муносабати билан таътилда бўлган, ҳамда болани унинг қонун ҳужжатларига мувофиқ маълум бир ёшга тўлгунига қадар парвариш қилиш бўйича таътилда бўлган аёллар; умумтаълим муассасаларида ўқиётган ва иш ҳақи сақланмаган холда қўшимча меҳнат таътилида бўлганлар, шунингдек умумтаълим муассасаларига кириш имтиҳонларини топшириш учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилда бўлган ходимлар.
Ўртача иш ҳақини ҳисоблаш учун олинадиган ходимлар сонини аниқлаш чоғида, тўлиқ бўлмаган иш кунига ёки тўлиқ бўлмаган иш ҳафтасига ишга олинган ходимлар ҳақиқатда ишланган вақтга мутаносиб равишда қуйидаги тартибда ҳисобга олинадилар: ушбу ходимлар томонидан ишланган киши-кунларининг умумий сони аниқланади, бунинг учун ҳисобот ойида ишланган киши-соатларининг умумий сони белгиланган иш куни давомийлигига бўлинади. Кейин ходимларнинг сони аниқланади, бунинг учун ишланган киши-кунлари сони ҳисобот ойидаги календарь бўйича иш кунлари сонига бўлинади.
4. 101-сатр 4-7-устунлари бўйича. Жисмоний шахсларга ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга тўлов ҳужжатларига мос ҳолда тўлаш учун ҳисобланган (солиқ ва бошқа ундирмаларни чиқармасдан) пул маблағлари киради ва Солиқ кодексининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар тўғрисидаги моддаларига асосан шакллантирилади. Бунда кўрсатилган суммалар қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа ушланмаларни чегириб ташлашларсиз олинади.
Ҳар йилги ва қўшимча таътиллар учун ҳисобланган суммалар ҳисобот ойида фақат ушбу ойдаги таътил кунларига тўғри келадиган ҳисобланган суммада кўрсатилади. Келаси ойдаги таътил кунларига тўғри келадиган ҳисобланган суммалар, тегишлича келгуси ойнинг ҳисоботи таркибига киритилади.
5. 102-106 сатрлар бўйича маълумотлар Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг 2021-йил 6-майдаги 05-1288-сонли қарорига мувофиқ тўлдирилади.
6. 107, 108 сатрлар бўйича. Меҳнат статистикаси талабларига кўра, кўп ихтисосли фаолият кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларининг меҳнат бўйича ҳисоботларида ходимларни қуйидаги тоифаларга бўлиш назарда тутилган: асосий ва иккинчи даражали (иккиламчи) иқтисодий фаолият турларида банд бўлганларни статистика органлари томонидан белгиланган иқтисодий фаолият турлари Рўйхатига асосан аниқланади. Шу билан бирга, ушбу сатрни тўлдиришда Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг 2011 йил 28 январдаги 05-268-сонли қарори билан тасдиқланган ва жорий этилган Ўзбекистон Республикаси иқтисодий фаолият турлари таснифлагичи (ИФУТ-2; 2-таҳрир)дан фойдаланиш зарур. Ташкилотдаги ёрдамчи иқтисодий фаолият турлари (бошқарув бўлинмалари, маъмурий хизмат, бухгалтерия, моддий-техника таъминоти бўлимлари, тозалаш ва қўриқлаш бўйича, бошқа ташкилотлар ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатмайдиган транспорт бўлинмалари ходимлари) асосий иқтисодий фаолият сифатида ҳисобга олинади.