Ўзбекистон тарихини даврлаштириш масаласи ва тарихни ўрганишда манбаларнинг аҳамияти
Ватан тарихида ҳам даврлаштириш масаласи ўта муҳим масаладир. У шу тарихни ўрганувчи тарих фанининг методологик илмий-назарий асослари ва метод (усул)лари билан бевосита боғлиқ. Демак, тарих фани қанчалик ҳаққоний илмий-назария, ғоя, таълимот ва методология (услубият) ҳамда усуллар билан қуролланган бўлса, у шунчалик тўғри даврлаштирилади.
Маълумки, тарихимиз жуда қадим ва катта даврни ҳамда жуда кенг географик минтақани шунингдек, туб бурилиш, юксалиш ва инқироз босқичларини ҳам ўз ичига олади. У хилма-хил ижтимоий воқеа ва ҳодисаларга, ҳар хил диний ва маданий қатлам, ғоявий дунё қараш ва фалсафий оқимларга бой, жаҳон тарихи ва цивилизациясининг энг қадимий ва навқирон ўчоқларидан бири ҳисобланади. Ўтмишда тақдир тақозосига кўра тарихимиз аниқроғи Ватаними худуди жаҳон миқёсда кенгайиб ва маълум географик минтақада торайиб келди. Бу тарихимизнинг ўта буюк, шу билан бирга, жуда ҳам мураккаб бўлганлигидан далолатдир. Шуни ҳам айтиш жоизки, бу ҳолат ҳозирги жонажон Ватанимиз Ўзбекистон тарихининг чегараси ва даврлаштирилишини анча мураккаблаштирди.
Ҳозирги кунда асосий эътибор тарихни эволюцион-тадрижий узликсиз ривожланиш ва географик ҳудудий минтақа асосида давлаштиришга қаратилмоқда. Бунга кейинги пайтларда чоп этилган тарихий асарлар, ўқув қўлланма ва дарсликларнинг мазмун ҳамда мундарижалари гувоҳлик бериб турибди. Ушбу дарслик махсус тузилиб тасдиқланган дастур асосида ёзилди. Шунинг учун ҳам, унда Ўзбекистон тарихи бошдан-оёқ шартли равишда энг муҳим даврларга бўлинди. Булар қуйидагилар:
Энг қадимги давр (палеолит давридан бошлаб антик давр билан тугулланади);
Ўрта асрлар даври (V асрдан бошланиб XIX асрнинг ўрталари билан тугайди);
Россия империяси мустамлакачилиги даври (XIX асрнинг ўрталаридан бошлаб 1917 йилгача);
Ўзбекистон советлар ҳукмронлиги даврида (1917-1990 йиллар);
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон (1991-2006 йй.)
Бундай хронологик даврлаштириш Ватан тарихини ўқитишга ажратилган соатларнинг миқдори ва ўқитишнинг бошқа ўзига хос хусусиятлари ҳамда усуллари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилди.
Ўзбекистон тарихи фани ва тарихни ўрганишда тарихий манбаларнинг ўрни ва аҳамияти беҳад катта. Шунинг учун ҳам улар миллат ва халқнинг маънавий-маданий мероси, бебаҳо маданий-тарихий бойлиги ҳисобланиб, махсус ҳужжатхона (архив) ларда, кутубхона ва музейларда ҳамда оилавий архивларда жуда авайлаб, эҳтиёткорлик билан сақланмоқда.
Манбалар ўз холатига кўра, ёзма ва моддий кўринишларга эга бўлади. Ёзма манбалар энг қадимги ёзувлар, битиклар ва китоблардан иборатдир. Ҳозирги кунга қадар ўлкамиз ҳудудлари ва бу ердан четда битилган ўрта асрларга оид ёзма манбаларни ўрганиш бўйича талайгина ишлар амалга оширилган бўлишига қарамай, бу йўналишда қилинадиган ишлар ниҳоятда кўп.
Тарихимизнинг энг қадимги, яъни ёзув пайдо бўлмаган замонларга оид даврини ўрганишда археологик, антропологик ва этнографик манбалар ёрдамга келади. Бу манбалар турли-туман бўлиб, уларга қадимги манзилгоҳлар ва шаҳар харобалари, мозор-қўрғонларнинг қолдиқлари, турмуш ва хўжаликда ишлатиладиган буюмлар, меҳнат ва жанг қуроллари, турли-туман ашёлар киради. Моддий ва ёзма манба маълумотларини солиштириб, қиёслаб тарихни талқин этиш муҳим аҳамият касб этади.
Тарихий манбаларни ўрганишнинг ўзи тарих фанининг махсус соҳаси бўлиб, тарих фани ривожланиши ва тарих ёзилишида ўта муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги пайтда манбашунослик фани кенг ривожланмоқда. У юқорида кўрсатилган методологик илмий-назарий, ғояфий-мафкуравий асос ва илмий усулларга таяанади.
Хулоса шуки, манбалар тарихий жараён ва воқеликларнинг ўзида реал акс эттирган бўлиб, тарихийликнинг инъикоси бўлмоғи керак. Мана шунда уларнинг тарихий аҳамияти, тарихий эканлиги юқори бўлиб, тарихий ҳақиқатнинг юзага чиқишига яқиндан ёрдам беради.
Марказий Осиё жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми
Олимларнинг илмий фаразига кўра, биз яшаётган Она замин бундан беш миллиард йил илгари пайдо бўлиб, унда дастлаб ҳеч қандай ҳаёт бўлмаган. Она ер тарихи геологик жихатдан архей, палеозой, мезозой ва кайназой эраларига бўлинади. Архей эраси охиларида Ерда жуда оддий мавжудотлар, палеозойда эса сувда ва қуруқликда яшовчи ҳайвонлар, мезозойда судралиб юрувчи жонзотлар, кайназойда сут эмизувчи ҳайвонлар пайдо бўлади. Кайназой эрасининг тўртламчи даври бундан 3-3,5 млн. йилги даврни ўз ичига олиб, бу даврда одамзотнинг дастлабки аждодлари пайдо бўлади.
Тарих фанида инсоният табиатнинг бир қисми бўлиб, у ердаги тараққиётнинг маълум босқичида вужудга келиб узлуксиз изланиш ва меҳнат туфайли такомиллашиб борганлиги ҳақидаги хулосалар, кўплаб назариялар ҳамда ривоятлардан устунлик илади. Фанда одамнинг пайдо бўлиши ва ривожланиш жараёни антропогенез (юнонча, антропос - одам, погеноз - ривожланиш ) деб аталади.
Инглиз олимлари ота-бола Ликилар ўтган асрнинг 50-60-йилларида Шарқий Африкада (Олдувой дарасида) қазишма ишлари олиб бориб оддий тош қуроллар ва қазилма одам қолдиқларини топиб, улар бундан 3-3,5млн. йил илгари мавжуд булган деган ғояни илгари сурдилар. Бу турдаги одамлар фанда “Зинжантроп” (“Ишбилармон одамлар” ёки “Гомоҳабилис”) ва “Австралопитек” (“Жануб маймуни”) деб ном олган.
Зинжантроплардан кейинги даврда яшаган қазилма одамлар қолдиқлари Индонезиядаги Ява оролидан ХIХ асрнинг охирларида топилган бўлиб фанда уларни “Питекантроп” (“Маймун- одам”) деб аташ расм бўлган. Питекантроплар бундан тахминан 1 млн.-700-600 минг йил илгари (Э.Дюбуа) яшаганлари аниқланган. Шунингдек, 1927 йилда Хитой ҳудудларидан топилган (Д.Блек) қадимги одам қолдиқлари (“Синантроп” - “Хитой одами”) бундан 600-500 минг йил илгариги даврга оидлиги аниқланган. Ундан ташқари энг қадимги қазилма одам қолдиқлари Германиянинг Гейделберг, Венгриянинг Будапешт шаҳри яқинидан ҳам топилган.
Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда зинжантроп, питекантроп, синатроплар энг қадимги одамлар шаклланиб ривожланишининг турли тарихий босқичларидир. Бу турдаги қадимги одамлар гавдаларини тик тутиб юрганлар ва тошдан турли меҳнат қуроллари ясаб улардан фойдалана билганлар. Қурол ясай билиши, ўсимлик илдизлари ва меваларни истеъмол қилишда шу қуроллардан фойдаланиши, шунингдек, айрим ҳайвонларни овлаши қадимги одамларни ҳайвонот оламидан ажратиб турган.
Бу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, “Архантроп”лар (қадимги одамлар) энг қадимги одамлардан фарқланиб, улар замонамиздан 100-50 минг йил кейин яшаганлар. Қадимги одамларнинг қазилма қолдиқлари даставвал Германиянинг Неандертал водийсидан топилганлиги сабабли фанда уларни “Неандертал одами” деб номлаш қабул қилинган.
Неандертал қиёфасидаги одамларнинг суяк қолдиқлари бугунги кунга қадар Африка, Ўрта Ер денгизи қирғоқлари, Ўрта Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари ҳудудларидан, Қора денгиз бўйларидан, Шимолий Европа ҳамда Осиё ерларидан кўплаб топилган. Бу қиёфадаги одамлар нисбатан жисмоний жиҳатдан анча бақувват бўлиб, 25-26 йил умр кўрган. Улар тошданхилма-хил қуроллар ясашни билганлар.
1968 йилда тадқиқотчилар Франциянинг Тордони вилоятидаги Кроманьон ғоридан 5 та одам даф этилган мозорни очиб ўрганадилар. Тадқиқотлардан шу нарса маълум бўлдики, бу ерда баланд бўйли (180 см.), ташқи кўриниши ва қиёфаси, мия ҳажми замонавий одамларга ўхшаш одамлар дафн этилган. Олимлар ғордан топилган одамлар қолдиқларини ғор номи билан “кроманьон одами”, яъни “замонавий одам” деб атадилар. Замонавий одам қолдиқлари бугунги кунда ер юзининг юздан зиёд маконларидан очиб ўрганилган.
Таъкидлаш лозимки, кроманьон одами замонасига келиб дастлабки аждодларимизнинг биологик ва жисмоний қиёфаси ҳозирги замон одамидан фарқ қилмайдиган даражада эди. Кроманьонлар даври уруғчилик жамоаси даври эди.
Энг қадимги одамлар ўзларининг ривожланиш босқичларида меҳнат қуролларининг турларини кўпайтириб ва сифатини яхшилаб борганлар. Натижада уларнинг турмуш тарзида, жисмоний кўринишида ўзгаришлар бўлиб борган. Антропогенез жараёнида меҳнатнинг ўзгартирувчанлик моҳиятини археологияга оид турли-туман манбалар тасдиқлайди. Турли даврларга оид моддий маданиятнинг алмашиши ҳамда янги асосларда ривожланиши моддий манбаларнинг ташқи кўринишидан ҳам аниқланади. Кўп минг йиллар давомида ривожланган тарихий жараёнлар - одам ва жамият тараққиётида асосий, бош мезон меҳнат эканлигидан далолат беради.
Ўтган асрнинг 80-йилларида археолог Ў.Исломов бошчилигидаги тадқиқотчилар Фарғона водийсидаги Селунгур (Сўх тумани) ғоридан палеолит даври маконини очишга муваффақ бўлдилар. Сўнгги тадқиқотлар натижаларига қараганда Селунгур илк палеолит даврига оид бўлиб ўн учта маданий қатламдан иборат. Бу қатламлардан жуда кўплаб ибтидоий тош қуроллар топилган. Бу қуроллар кўп ҳолларда Олдувой қуролларига ўхшаб кетади. Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда, Селунгур топилмаларининг ёши 1 млн. йилдан зиёдроқдир. Селунгур топилмалари орасидан энг аҳамиятлиси қадимги одам жағ суяклари, тишлари ва елка суякларидир. Фанда “Фарғона одами”-”Фергантроп” деб номланган бу қазилма одам қолдиқлари энг қадимги одам ҳақидаги тасаввурларимизни янада кенгайтириш билан бирга Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистоннинг инсоният пайдо бўлиб ривожланган ўчоқлардан бири эканлигини узил-кесил исботлайди.
Ундан ташқари Кўлбулоқ маконидан (1962 йилда очилган, Шимоли-шарқий Ўзбекистон, Тошкент вил.) ҳам кўп қатламли ёдгорлик очилган бўлиб, унинг энг пастки қатламлари илк палеолит даврига оиддир. Шунингдек, Қизилолмасой ва Тошсой (Оҳангарон) маконларидан ҳам илк палеолит қатламлари очилган ҳамда бу ердан 100дан зиёд чоппер, нуклеус, қирғич ва тарашлағич тош қуроллар топилган.
Ўрта палеолит (Мусте маданияти) - қадимги тош асрининг муҳим ва ажралмас қисми ҳисобланади. Ўрта палеолит даврига келиб (бундан 100-40 минг йил муқаддам) неандертал қиёфали одамлар кенг ҳудудларга ёйиладилар ҳамда аввалги даврга нисбатан табиат билан фаолроқ муносабатга киришадилар. Бу даврда табиий шароит ўзгариб Европа, Осиё ва Американинг катта қисмини улкан музликлар қоплайди. Натижада мамонтлар, шимол буғулари, айиқлар, умуман, совуқсевар ҳайвонлар кенг тарқалади. Музликнинг силжиши оқибатида об-ҳавонинг совуши неандертал одамларининг табиий шароитга мослашишига туртки бўлган эди. Бундай мослашув яшаш заруриятининг турли кўринишлари - совуқдан сақланиш, бошпана излаш, кийим кийиш, оловни кашф этиш кабилар билан изоҳланади. Ундан ташқари бу давр одамлари ўз фаолиятлари давомида дунёни билиш, табиат тўғрисида, ундаги ўзгаришлар ва воқеаларга муносабат борасида маълум дунёқарашга эга бўлиб, ибтидоий билимлар ҳамда фикрлаш кўникмаларини эгаллай бошлайдилар.
Бу даврга оид Ўзбекистондаги дастлабки ёдгорлик Тешиктош (Сурхондарё) ғор макони 1938 йилда А.Окладников томонидан очилган эди. Кейинчалик Ўрта Осиё ҳудудларида тадқиқотчилар томонидан ўрта палеолит даврига оид кўплаб маконлар аниқланди ва уларда тадқиқот ишлари олиб борилди. Омонқўтон (Тахтақорача довони, Самарқанд), Қўтирбулоқ ва Зирабулоқ (Зарафшон водийси), Қорабура (Вахш воҳаси), Жарқўрғон (Шимолий Тожикистон), Обираҳмат (Тошкент вилояти), Кўлбулоқнинг юқори қатламлари (Тошкент вилояти), Қизилнур (Қизилқум), Тоссор (Қирғизистон), Оғзикичик (Тожикистон), Хўжакент (Тошкент вилояти), Қопчиғай (Қирғизистон) каби кўплаб маконлар ўрта палеолит даврига оид бўлиб, уларнинг жами 300 га яқинлашиб қолади. Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда, Ўрта Осиё ҳудудларида ўрта палеолит нисбий тарзда мил. авв. 100-40 минг йилликларни ўз ичига олади.
Тошкент вилоятидаги Обираҳмат макони (1962 йилда очилган) Тяншан-Чотқол тизмасидаги Палтов сойининг юқори оқимидан топилган. Ғор-макон ёйсимон шаклда бўлиб, жанубга қараган, саҳни кенг, қуруқ ва ёруғ. Ғорда 10 метр қалинликдаги 21та маданий қатлам аниқланган. Маданий қатламлардан оҳак тошли чақмоқ тошдан ясалган хилма-хил меҳнат қуроллари топилган бўлиб, уларнинг умумий сони 30 мингдан ошади.
Топилмалари билан машҳур бўлган Қўтирбулоқ макони Самарқанд вилояти Каттақўрғон ҳудудларидан топилган. Тадқиқотлар натижасида макондан 5 та маданий қатлам аниқланган. Қатламларнинг қалинлиги ҳар хил бўлиб, улардаги топилмалар ҳам бир хилда тарқалмаган. Бу қатламларда ўткир учли пойконлар, қирғичлар, тешгичлар, икки томонига ишлов берилган баргсимон қуроллар ва бошқа турли-туман тош қуроллар топилган. Шунингдек, кўплаб ёввойи ҳайвонлар - фил, буғу, ёввойи от, қуён кабиларнинг суяклари аниқланган. Қўтирбулоқда яшаган қадимги одамлар мевалар ва ўсимлик илдизлари ҳамда ёввойи ҳайвонларни овлаб турмуш тарзи юритганлар.
Ўрта палеолит даврининг ижтимоий ҳаётдаги энг муҳим хусусияти шундаки, бу даврда ибтидоий тўдадан уруғчилик жамоасига ўтила бошланди. Ҳозирги замон одамларига ўхшаш одамлар (кроманён) пайдо бўлиши учун замин ҳозирланди.
Ундан ташқари совуқ иқлим туфайли ўрта палеолит даври одамлари оловни кашф этдилар ҳамда сунъий олов чиқариш ва уни сақлашни ўзлаштирдилар. Ғор ва унгурларни ўзлаштириш, ўчоқ ясаб унинг атрофида тўпланиш ва ниҳоят жамоа бўлиб ов қилиш услубларининг пайдо бўлиши минтақамиздаги қадимги одамлар ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Сўнгги палеолит узоқ давом этган қадимги тош асрининг охирги босқичи бўлиб, нисбий тарзда мил. авв. 40-12 минг йилликларни ўз ичига олади. Бу давр ёдгорликлари мусте маданияти ёдгорликлари маданиятига нисбатан камроқ ўрганилган. Ҳозирги кунга қадар Ўрта Осиёда бу даврга оид 30 дан зиёд маконлар очилган. Самарқанд (шаҳарнинг ўзида), Хўжағор (Фарғона водийси), Шуғнов (Помир этаклари), Кўлбулоқ (Тошкент вилояти), Қоракамар (Тожикистон), Ачисай (Қозоғистон) ёдгорликлари шулар жумласидандир.
Бу даврда хўжаликни бошқариш, оловни сақлаш аёллар зиммасида бўлган. Шу боис ҳам уруғчилик тузумига асосланган ибтидоий жамоа - матриархат (она уруғи жамоаси) деб аталган. Шунингдек бу даврга келиб ҳозирги замон қиёфасидаги одамнинг шаклланиши бир вақтнинг ўзида европоид, негроид ва монголоид ирқларининг пайдо бўлишига олиб келган эди. Улар бир-бирларидан терисининг ранги, соч ва кўзларининг шакли ҳамда ранги, мускулар ва бўйларининг узун-калталиги, бош суягининг шакли, юз тузилиши ва бошқа белгилари билан фарқланган. Ирқларнинг шаклланишида табиий шароит ҳам муҳим аҳамият касб этган. Негроидлар Африкада, европоидлар Европада, монголоидлар Осиё ҳудудларида кенг тарқалганлар.
Тошкент вилоятида (Оҳангарон) жойлашган Кўлбулоқ маконининг энг тепадаги учта қатлами сўнгги палеолит даврига оиддир. Бу қатламлардан нисбатан такомиллашган тош қуроллар ҳамда кўплаб ҳайвон суяклари топилган. Шунингдек, сўнгги йилларда Тошкентнинг ғарбидаги Бўзсув I макони ҳам сўнгги палеолит даврига оид эканлиги аниқланган.
Самарқанд шаҳрида 1939 йилда очилган ёдгорлик минтақадаги сўнгги палеолит даврига оид дастлабки макон ҳисобланади. Самарқанд макони кўп қатламли бўлиб бу қатламлардан кўп сонли (7,5 минг) хилма-хил топилмалар топилган. Улар орасида қирғичлар, кесгичлар, сихчалар, пичоқлар, ушатгичлар, болталар кабилар бор. Шунингдек, маданий қатламлардан гулхан қолдиғи, кўмир парчалари ва гулхан атрофидан ҳайвонлар ҳамда ўсимликлар қолдиқлари аниқланган. Бу топилмалар бу ерда яшаган қадимги одамларнинг овчилик ва термачилик билан шуғулланганликларидан далолат беради.
Кўпчилик тадқиқотчилар Ўрта Осиё сўнгги палеолит даврини асосан учта - Самарқанд, Хўжағор ва Кўлбулоқ маданиятларига ажратадилар. Бу даврга оид маданиятлардан фақат Самарқанд шаҳридан сўнгги палеолит даври одамининг қолдиқлари, яъни, елка суяк қисмлари, пастки жағ ва тишлар топилган бўлиб, тадқиқотчилар бу суякларни 25-30 ёшли кроманён қиёфали аёлга тегишли бўлган деб ҳисоблайдилар.
Сўнгги палеолит даврига келиб одамларнинг ҳаёти ва турмуш тарзида ҳам турли ўзгаришлар бўлиб ўтади. Хусусан, одамлар ғорлардан чиқиб енгил турар-жойлар-чайла ва ярим ертўлаларда яшай бошладилар. Улар энди фақат тоғли ҳудудларда яшаб қолмай воҳалар бўйлаб тарқалиб, текисликларда, дарё ва кўллар бўйларида жойлашадилар ҳамда қариндош-уруғчилик жамоаларига бўлинадилар. Натижада жамиятда жуфт оилалар пайдо бўлади ҳамда улар айрим уруғларни бирлаштириб уруғ жамоасини ташкил этадилар.
Уруғчилик (матриархат) қадимги жамият тарихининг алоҳида босқичини ташкил этиб, бу жараён ижтимоий ҳаётдаги қатор ўзгаришларнинг пайдо бўлишига замин яратди. Лекин, дастлабки уруғчилик тузуми нисбатан ривожланишнинг юқори босқичига кўтарилган бўлишига қарамай, бу давр одамлари овчилик, термачилик ва балиқчилик билан кун кечирар эдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |