Ижтимоий-иқтисодий ҳаёт. Солиқ сиёсати. Араблар Ўрта Осиёни босиб олгач бу ҳудуддаги ҳаммашаҳар ва аҳоли жойларида ўз қўшинларини жойлаштирдилар. Бу ҳарбий кучлар ўз вақтида маҳаллий аҳоли устидан назорат қилиб турарди. Араб халифалиги тасарруфига ўтган Мовароуннаҳр ҳудудида кўпгина йирик ер эгалари - деҳқонларнинг мавқеи аввалги ҳолатича сақланиб қолди. Улар сиёсий жиҳатдан халифа ва унинг ноибига бўйсунар эдилар.
Бутун VIII аср давомида араб зодагонларининг деҳқонлар билан тил топишув ҳоллари кучаяди ва айнан мана шу даврда йирик деҳқон уруғ аймоқлари қўли остидаги ер-мулкларнинг юқори араб ҳарбий мулкдорига ўтиши руй беради. Араб қўшини таркибига маҳаллий аҳоли ичидан кўплаб эркаклар мажбуран сафарбар қилинди. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида аҳолининг бир қисми ҳалок бўлди, бир қисми асирга олинди. Барча шаҳар ва қишлоқларда ўз ҳарбий гарнизонларини жойлаштирган араблар, шу ҳарбий кучларга таяниб аҳолидан турли солиқлар ундиришар, уларни турли жамоа ишларига сафарбар қилишар эди.
Йирик ер эгалари ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршилик арабларнинг аралашувига сабаб бўлар ёки мулкнинг бир шахсдан иккинчисига ўтишини таъминлар эди. Ўрта аср муаллифлари маълумотларига кўра, деҳқонлар қўли остида кишлок жамоалари бўлиб, бу жамоадан ер олган кишилар хирож тўлаганлар. Деҳқонлар мустақил қўрғонларда ҳаёт кечириб, уларнинг яхши қуролланган ҳарбий бўлинмалари бўлган. Бундай бўлинмаларнинг аскарлари чокарлар деб аталган. Деҳқонлар халифа ноибининг маҳаллий аҳоли орасидан бўлган вакилига буйсунадилар. Меҳнаткаш аҳоли, асосан кадиварлар, кашоварзлар ҳамда қуллар деҳқонларда мавжуд бўлган ер-мулкларнинг маълум улушини ижарага олиб ишлашган ва бунинг эвазига солиқ тўлаганлар. Деҳқонлар орасида ер-мулк, шахсий уй-жой ва қўрғонлар масаласида низо ва жанжаллар чиқиб қолса, муаммони халифа ҳал қилган. Ҳар бир ҳуқуқий муаммо ислом қонун-қоидаларига биноан кўриб чиқилган.
Араб халифалиги давлат бошқаруви
VIII аср ўрталарига келиб Мовароуннаҳр ҳудудида сиёсий бошқарув араб халифалиги сиёсий тизимига мослаштирилган эди. Вилоятлардаги ҳокимлар ва бошқа ҳукмдорларнинг қўли остидаги маъмурий-идора усули ўз шаклини саклаб қолган бўлишига қарамай, хокимларнинг халифа ноибига итоат этишлари шарт эди. Маҳаллий давлат бошлиқларининг кўпчилиги ўз ҳуқуқлари ва имтиёзларини сақлаб қолиш мақсадида ислом динини қабул қилган эдилар. Ислом динини қабул қилмаган зодагонлар ўз мол-мулкларидан маҳрум этилар ёки катта миқдордаги товон тулар эдилар.
Араблар иқтисодий ҳаётни ўз қўлларидан чиқармаслик мақсадида босиб олинган ҳудудларда сосонийлар тартибидаги солиқ тизимини жорий қилдилар. Булар асосан қуйидагилар эди:
Қавонин ёки мукатиъа - майда вилоятлар ва туманлардан хазинага тушиб турган йиғин.
Мақосима –ҳосилнинг маълум улуши миқдорида тўланган. Унинг ҳажми суғоришга боғлиқҳолда белгиланган.
Мисоха - ер ҳажмига қараб миқдори белгиланадиган солиқ бўлиб, унда экин экилиши ёки экилмаслигига эътибор берилмаган.
Бу солиқ тизимига ер солиғи - хирож (ҳосилнинг ўндан бир ёки ўндан икки кисми миқдорида), чорва, ҳунармандчилик, савдо-сотиқдан закот (қирқдан бир миқдорда) ҳамда исломни қабул қилмаган шахслардан олинадиган - жизья солиғи ҳам қўшилган.
Замонавий илмий адабиётларда таъкидланишича, арабларнинг Ўрта Осиёни босиб олинган ҳудудларини бошқариш маркази Марв шаҳри бўлиб, бу ердан туриб халифанинг ноиби Мовароуннаҳр ҳамда Хуросонни идора қилган. Юқорида таъкидлаганимиздек, VIII асрнинг ўрталари ва охирларига келиб Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳудудларида сиёсий бошқарув араб халифалиги сиёсий тизимига мослаштириб бўлинган эди. Бу даврда Мовароуннаҳрда Суғд, Шош, Фарғона, Хоразм, Уструшона, Тохаристон қабилардаги маҳаллий ҳокимлар зиммасига аҳолидан белгиланган солиқларни йиғиш, маъмурий бошқарувни амалга ошириш асосида ислом дини ғояларини аҳоли ўртасида ёйиш асосий вазифа қилиб белгиланган эди. Маҳаллий ҳокимлар фаолияти халифа томонидан тайинланадиган махсус амирлар томонидан катта назорат остига олинган бўлиб, бундан ташқари улар халифанинг Хуросондаги ноибига итоат этиши шарт бўлган.
Араблар истилосидан кейин Мовароуннаҳрда мусулмон қонунчилик тизими ҳам жорий этилди. Ислом ҳуқуқшунослигининг асосини ташкил этувчи шариат муқаддас китоб - Қуръони карим ва Ҳадиси шарифга ҳамда фикҳшунос олимларнинг турли саволларга жавоблари ва қарорларига таянар эди. Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, Ислом динининг кўп жиҳатдан афзаллиги, аҳлоқ ва интизом нуқтаи назаридан оммавийлиги хусусияти араблар босиб олган мамлакатлар аҳолиси томонидан унинг тез орада қабул этилишига сабаб бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |