Ижтимоий шерикликнинг тарихи ва тадрижи
Ибтидоий жамоа тузуми даврида ҳали катта ижтимоий гуруҳлар вужудга келмаган эди. Жамият кичик гуруҳлар (оила ва ибтидоий гала)дан ташкил топган бўлиб уларнинг орасида тез-тез зиддиятлар пайдо бўлар эди. Бу зиддиятлар асосан ҳудуд ва тирикчилик манбаларини талашиш оқибатида юз берар эди.
Жамиятнинг манфаатлари бир-бирига зид бўлган катта ижтимоий гуруҳлар: қуллар ва қулдорлар синфига бўлиниши манфаатлар зидлигини кескинлаштириб юборди. Манфаатлар ўртасидаги зиддиятнинг кескинлашуви манфаатлари поймол этилаётган синф-қулларнинг стихияли чиқишлари исён ва қўзолонларга олиб келди. Бундай исёнларни бостириш учун қулдорлар миршаблар ва армия сингари тузилмаларни ташкил қилди. Қулдорлар мафкураси қулдорларнинг олий табақа эканини асослашга, одамлар ўртасидаги мулкий ва ҳуқуқий тенгсизликни илоҳий кучлар иродаси билан ифодалашга ҳаракат қилар эди.
Феодализмга ўтиш билан боғлиқ янги ижтимоий гуруҳлар: феодаллар ва деҳқонлар синфининг вужудга келиши улар ўртасидаги зиддиятни шаклан бироз юмшатди. Заминдорлар деҳқонларга анчагина ён босишди: уларга оила қуриш, ҳосилнинг муайян улушини олиш ҳуқуқи берилди. Бироқ заминдорлар мафкураси феодаллар, улар ичидаги табақалар: дворянлар, граф, маркиз, герцог ва ҳоказоларнинг асилзодалиги, улар олий ирқ вакиллари экани маъбудлар иродаси билан белгиланганини асослашга хизмат қилар эди. Деҳқонларнинг тўла тизим шаклига келмаган мафкурасида эса адолатли подшо, меҳрибон заминдор тўғрисидаги орзу-умидлар ифодаланар эди. Айни пайтда бу мафкура бешафқат хўжайинларни қоралар эди. Кўриниб турганидек, қулдорлар мафкураси фақат қулдорлар манфаатини, заминдорлар мафкураси феодаллар манфаатини ифода ва ҳимоя қилар эди. Бу мафкуралар эзилаётган муқобил синфлар: қуллар ва деҳқонлар манфаатини мутлақо ўйламас эди
.3Ижтимоий шерикликнинг назарий асослари
Ижтимоий низоларни тизимли таҳлил қилиш бўйича дастлабки уринишларни италиялик давлат арбоби ва назариётчи Никколо Макиавелли амалга оширган эди. У биринчилардан бўлиб низоларнинг фақат вайронкор эмас, балки яратувчилик функциялари ҳам мавжудлигига эътибор қаратди. Бунда у низоларга тўғри таъсир ўтказиш зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрига кўра бундай вазифани давлат бажариши лозим эди.
Ижтимоий меҳнат муносабатлари тизимини биринчилардан бўлиб англиялик Фрэнсис Бэкон назарий таҳлил қилди. У ижтимоий табақаларнинг фикрларини менсимаслик, бошқарув жараёнидаги хатоликлар, миш-мишлар ва ғийбатларнинг тарқалиши жамиятдаги низоларнинг пайдо бўлишига олиб келишини далиллар билан кўрсатиб берди.
Одамлар ўртасида ижтимоий шартнома тузиш зарурлиги ғояси Томас Гоббснинг асарларида баён қилинди. Мазкур шартнома жамиятнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиши ҳамда хусусий мулкнинг абадий бўлишига хизмат қилади. Унинг “Левиафан”, “Фуқаролар ҳақидаги таълимотнинг фалсафий элементлари” асарларида ижтимоий шартномага эришиш зарурлиги асослаб берилган. Бундай шартнома умумий келишув ҳамда хусусий мулкнинг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |