40-модда. Низоларни ҳал этиш
Туризм соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
41-модда. Туризм тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Туризм тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 30 августда қабул қилган "Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонуни 36 моддадан иборат.
Мазкур Қонуннинг асосий мақсади - Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги бўлмиш маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонуннинг туризм билан боғлиқ ўта муҳим 3-моддаси "Асосий тушунчалар", - деб номланиб, унда маданий мероснинг қуйидаги асосий тушунчаларига таъриф берилади: маданий мерос объектлари, ёдгорликлар, ансамбллар. Шунингдек, Қонунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Маданият ишлари вазирлигининг, Бош Архив бошқармасининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги Ваколатлари, маданий мерос объектларининг паспорти, тарихий - маданий экспертиза, маданий мерос объектларининг Умумжаҳон маданий мерос рўйхатига киритиш, маданий мерос объектларидан фойдаланиш, тарихий - маданий қўриқхоналар, тарихий манзилгоҳлар ҳақида ҳам муҳим маълумотлар мужассам.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Республика Вазирлар Маҳкамасининг туризм соҳасига оид фармон ва қарорлари
Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлашга оид ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатлардан бири, бу - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Қарори бўлди. Бу қарор мамлакатимизда жаҳон андозаларига жавоб берадиган туризм тизимини барпо этиш, ушбу соҳа бошқарувини такомиллаштириш, унинг иқтисодий самарадорлигини ошириш бўйича ўз вақтида ва жуда зарур қабул қилинган қарордир. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилаб берилди:
мамлакатнинг туризм салоҳиятини тубдан оширишга, туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақомини беришга, туризм соҳасида ягона давлат сиёсати ўтказилишига йўналтирилган туризмни ривожлантиришнинг яхлит концепцияси шакллантирилиши ва амалга оширилишини таъминлаш;
туризм хизматларининг ташқи ва ички бозорларида маркетинг тадқиқотлари олиб боришга, тарихий-маданий меросни кенг тарғиб қилишга, Ўзбекистон Республикасининг туризм қиёфасини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга, миллий туризм маҳсулотлари ва брендлари халқаро туризм бозорларига кириб боришига йўналтирилган фаол реклама-ахборот сиёсатини амалга ошириш;
ички, кириш ва чиқиш туризмини комплекс ривожлантиришнинг миллий ва ҳудудий дастурлари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш ва уларнинг амалга оширилиши мониторинги, туризм турларининг кенг доирасини жадал ривожлантириш, халқаро стандартларга мувофиқ бўлган туризм инфратузилмасини ривожлантиришга хорижий инвестицияларни, шунингдек халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотларнинг кредитлари ва грантларини жалб этиш;
туризм фаолияти ривожланишини мувофиқлаштириш, минтақаларда янги туризм йўналишлари ташкил этилишини таъминлаш, уларни паспортлаштириш, туризм йўналишлари, гидлар (экскурсоводлар) ва туризм объектлари бўйича ягона миллий реестрларни шакллантириш;
туризм хизматларини ташкил этишда, энг аввало, туристлар жойлаштириладиган жойларда, овқатланиш пунктларида, республика ҳудуди бўйлаб ҳаракатланишда ва туризм объектларига ташрифларни уюштиришда туристларнинг хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлашга йўналтирилган туризм хизматлари кўрсатиш сифати ва хавфсизлиги стандартлари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш, туризм соҳасида хизматларни лицензиялаш ва сертификатлаштириш ҳамда лицензияланадиган ва сертификатлаштириладиган туризм хизматларининг белгиланган талаблар ва стандартларга мувофиқлиги бўйича инспекция назоратини амалга ошириш;
туризм соҳасини давлат томонидан ва бозор муносабатлари асосида тартибга солишни мақбуллаштириш ва туризм хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш, туризмни ривожлантиришга қаршилик қилаётган барча ғов ва тўсиқларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш, туризм соҳасида тадбиркорлик фаоллиги ошишига ҳар томонлама кўмаклашиш, ушбу соҳага ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш;
туризм фаолияти соҳасида биринчи навбатда БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти, туризм бўйича нуфузли халқаро ва миллий ташкилотлар ҳамда туризм соҳасида фаолиятни амалга оширувчи хорижий компаниялар билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро ва давлатлараро стандартлар ва нормаларни туризм фаолияти ва амалиётига жорий этиш;
туризм фаолияти субъектлари ходимларини мунтазам равишда қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни юқори сифат даражасида ташкил этиш, тармоқ туризм фанларини ривожлантиришга кўмаклашиш.
Муҳим ҳужжатлар қаторига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 2 июндаги "Буюк ипак йўли"ни қайта тиклашда Ўзбекистон Республикаси иштирокини авж олдириш ва Республикада халқаро туризмни ривожлантириш борасидаги чора - тадбирлар тўғрисида"ги Фармони ҳамда мазкур фармонни амалга ошириш мақсадида эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 3 июндаги "Ўзбекистон Республикасида халқаро туризмнинг замонавий инфратузилмасини барпо этиш чора - тадбирлари тўғрисида"ги қарорини киритиш мумкин. Қарор билан Буюк Ипак йўлидаги шаҳарлар — Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкентда халқаро туризм бўйича махсус очиқ иқтисодий минтақалар ташкил қилинди.
Юртимизда туризм ишини янада ривожлантириш ва уни ташкил этишни такомиллаштириш, туризм хизматлари бозорида кичик ва ўрта туристик ташкилотларининг қатнашишини фаоллаштириш, хорижий сармоядорларни туризм соҳасидаги фаолиятга кенг жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 1998 йил 8 августда "Туризм ташкилотлари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида" қарор қабул қилди.
Навбатдаги ҳужжатлар - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги "Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари, кетишлари, бу ерда бўлишлари ва транзит ўтишлари тартиби тўғрисида"ги Қарори ва унга Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 октябрдаги Қарори билан ўзгартиришлар ва қўшимчаларнинг киритилиши бўлди.
Ушбу қарорларда "Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари ҳамда Ўзбекистон Республикасидан кетишлари тартиби" тасдиқланди.
Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикасига хорижий фуқароларнинг кириши тартибини оптималлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 4 июлдаги 3836-сонли қарорига мувофиқ 2018 йил 15 июлдан эътиборан қуйидагилар жорий этилди:
- электрон туристик виза олиш: ушбу тизим виза расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартибидан фойдаланиши мумкин бўлган 51 давлат фуқароларига нисбатан амал қилади;
- Ўзбекистонга беш кунгача визасиз транзит кириш: ушбу тартиб 101 давлат фуқароларига нисбатан жорий этилган бўлиб, бунда чет эл фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортлари орқали транзит билан трансит билан ва учинчи мамлакатга учиш чиптасига эга бўлиши лозим. Ушбу амалиёт Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари билан танишишни истаган транзит йўловчиларга нисбатан қўлланилади;
- 16 ёшга тўлмаган хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига визасиз кириши: Бунда ушбу фуқаролар қонуний вакиллари ҳамроҳлигида бўлиши ва биометрик ўтиш ҳужжатига эга бўлиши талаб этилади ва Ўзбекистон ҳудудида ҳамроҳ шахснинг визаси амал қилиш даврида, лекин 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатда бўлиши мумкин.
Республикамизда туризм соҳаси бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, туризмнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва унинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 30 июндаги "Ўзбекистонда туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тўғрисида"ги Фармони ва мазкур Фармон ижросини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 2 июлдаги "Ўзбекистонда туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора - тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, 1999 - 2000 ўқув йилидан бошлаб туризм соҳаси бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаш Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетида мужассамлаштирилиши баён этилди. Шу мақсадда Университетда Халқаро туризм факультети ва унга қарашли "Туризм менежменти", "Туризм сервиси", "Туризм маркетинги" каби мутахассислик (ва бошқа номутахассислик) кафедралари ташкил этилди. Университетда "Туризм менежменти" таълими йўналиши бўйича магистратура ҳам фаолият кўрсатмокда.
Шунингдек, Халқаро туризм соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этиш ҳамда илмий-тадқиқот ишлари ва ижодий ишларни олиб бориш бўйича республиканинг ташаббусларини амалий рўёбга чиқариш, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг тарихий ва маданий-гуманитар алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 июндаги “Ипак йўли” туризм халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида Қарори қабул қилинди.
Туризмга оид бошқа меъёрий ҳужжатлар
Ўзбек давлат стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш марказининг 1998 йил 31 декабрда рўйхатдан ўтказган "Меҳмонхоналар классификацияси"
Мазкур стандарт камида 10 номерга эга бўлган меҳмонхоналар, мотеллар, кемпинглар, туристик базалар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига келаётган туристлар ва фуқароларнинг бошқа вақтинча яшаб туриш жойларининг классификациясини белгилайди. Унда, шунингдек, ишлатиладиган асосий атамаларнинг шарҳи, меҳмонхоналарга қўйиладиган умумий талаблар, уларнинг жавобгарлиги, турли тоифадаги меҳмонхоналарга қўйиладиган талаблар ҳақида батафсил маълумотлар берилган. Айниқса, турли тоифадаги меҳмонхоналарга қўйиладиган талабларда: бино ва унга тегишли ҳудуд, техник жиҳозлар, номерлар фонди, техник таъминот, мебель ва бошқа жиҳозлар таъминоти, жиҳозлаш ва номерлардаги санитария - гигиена буюмлари, умумий фойдаланиш санитария объектлари, жамоат жойлари, овқатланиш хизматлари кўрсатиш жойлари, хизматлар, овқатланиш хизматлари, хизматчилар ва уларни тайёрлашга бўлган талаблар ҳақида 1 - 5 юлдузли меҳмонхоналарга хос конкрет вазифалар берилган.
Туризм бўйича Самарқанд декларацияси
1994 йил 5 октябрда Самарқанд шахрида ЖТТнинг Яхши ниятли кишилар мажлисида ушбу декларация қабул қилинди. Унда бутун дунёга чақирув эълон қилиниб, туризмни ривожлантириш масалаларига эътибор берилди. Айниқса, "Буюк ипак йўли"нинг марказини ташкил этган Ўзбекистонга туризм ишида кенг аҳамият берилиши хусусида, юртимиздаги мавжуд Туризм ресурсларидан унумли фойдаланиш учун имкониятларни излаб топиш ҳақида фикр -мулоҳазалар билдирилди.
ЮНЕСКО бўйича маълумотлар:
Маълумки, Ўзбекистон тарихий ва маданий ёдгорликларга бой мамлакат. Мана шу бебаҳо меросимизнинг кўпгина қисми инсоният мулкига айланганлигига кўп вақт бўлган. ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига Хивадаги Ичан Қалъа 1990 йил, Бухоронинг тарихий маркази 1993 - йил, Шаҳрисабзнинг тарихий маркази 2000 йил киритилган. 2001 йил 12 - 16 декабрь кунлари Финляндиянинг Хельсинки шаҳрида ЮНЕСКО Жаҳон мероси Қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб, унда Самарқанд шаҳри ҳам ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилди. Демак, эндилиқда мазкур тўрттала тарихий маскан халқаро ҳамжамият муҳофазасида бўлади. Ҳозиргача дунёдаги 721 та маданий ва тарихий ёдгорликлар ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Хулоса
"Туризм ва меҳмондорчилик асослари" курси машғулотлари жараёнида студентлар туризмнинг асл моҳиятини ўрганадилар ҳамда туризмнинг тарихи, тараққиёт босқичлари, тажрибаси, ҳозирги кундаги муаммолари, турлари, категориялари, индустрияси, йўналишлари, хизматлари, ресурслари ҳақида маълум билимларга эга бўладилар. Туризм тушунчалари ва атамаларининг ҳар бирига таъриф берилади. Курс давомида туризмнинг иқтисодий, сиёсий, маънавий ва ижтимоий аҳамиятини, Ўзбекистон ва жаҳон туризм бизнесининг илдизларини ўрганадилар, курснинг бошқа билимлар тизимида тутган ўрнини биладилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг туризм тўғрисидаги давлат сиёсати ҳақида маълумот берилади ва жаҳон туризм тажрибасининг илғор намуналаридан мисоллар келтирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |