Йўлланма – меҳнат фаолияти усулларини тушунтириш ва кўрсатиш ҳамда меҳнат фаолиятларини тўғри ва хавфсиз бажариш бўйича тасаввур ҳосил қилишга ва ўқувчиларнинг амалий фаолиятларини тўғри йўналтиришга қаратилади. Йўлланма дарснинг қисми (элементи)дир. Йўлланма(йўриқнома)га қуйидаги дидактик талаблар қўйилади:
Йўлланма жараёнида таълимнинг ҳар хил методларидан фойдаланиш. Йўлланма мазмунини ўқитувчи асослаши. Агар ўқитувчининг ўқувчилар олдига қўйган топшириғи уларга тушунарли бўлмаса, ўқувчилар уни бажариш шартини кўпинча бузадилар, чунки улар бу нимага олиб боришини билмайдилар. Шунинг учун ўқитувчининг ҳар бир талаби асосланиши керак.
Йўлланманинг тўлалиги ва йўлланмани элементларга ажратиш. Меҳнат топшириғининг қийинлиги ва у қайси синфда бажарилаётганига қараб йўлланма бутун ёки ишнинг боришига қараб қисмларга ажратиб берилиши мумкин.
Йўлланмада шундай кўрсатмалар бўлиши керакки, ўқувчи улар ёрдамида ўз фаолиятларини назорат қила олиши керак.
Кириш, жорий ва якуний йўлланмалар бир-биридан фарқ қилади.
Янги операцияни ўрганиш бўйича кириш йўлланмаси операция характеристикасини; меҳнат усулларини меёрий ва секинлаштирилган суръатларда бажариш қоидаларини намойиш қилишни; ўз-ўзини назорат қилиш белгиларини; аниқ меҳнат вазифасини ўз ичига олади.
Жорий йўлланма: ўқувчилар ишини тўхтатиш – хатога йўл қўйган ўқувчининг ишига эътибор бериш, ундан нотўғри ишланганлигининг сабабини тушунтириб беришини талаб қилиш, шу аснода ҳамма ўқувчилар билан суҳбат ўтказиш, ўқитувчининг хулосаси: ўқитувчининг тўғри усулларни кўрсатиши, хатога йўл қўйган ўқувчининг усулларини хотирада тиклаши, гуруҳга ишни давом эттиришга рухсат беришдан иборатдир.
Якуний йўлланма сифатли бажарилган ва нотўғри қилинган буюмларни намойиш қилишни, ўқувчилар ишининг умумий тавсифини, ўқувчилар йўл қўйган хатолар таҳлилини, ўқувчилар ишини баҳолашни ўз ичига олади. Кириш йўриқномалари ишлаб чиқариш таълими дастурининг мавзуси, мавзучаси ёки бўлимини ўрганишдан олдин берилади. Буларнинг вазифаси ўқувчиларни ўқув-ишлаб чиқариш ишларини онгли равишда энг самарали усуллар билан бажаришга тайёрлаш, нуқсон ва хатоларнинг олдини олиш, хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилинишига эришишдир.
Меҳнат жараёнинг бўлинишида айрим такрор ўтишларни бажаришга мўлжалланган, меҳнат операциялари ичидаги иш-ҳаракатларини ўзида ифодаловчи меҳнат усуллари навбатдаги босқич ҳисобланади.
Меҳнат ҳаракати ишчи томонидан амалга ошириладиган ҳамда ўтишнинг технологик элементларини бажаришга қаратилган ички меҳнат усулининг меҳнат ҳаракатини ўзида ифодалайди. Меҳнат ҳаракати ўзида ишчи томонидан ўтиш элементини бажаришга қаратилган нерв-мускул фаолияти (физиологик жиҳатдан тушунилганда) сарфланишини ифодалайди.
Меҳнат жараёни ва унинг элементлари (меҳнат операциялари, усуллари ва ҳаракатлари)ни пухта билиш ўқувчиларда меҳнат усулларини илмий-методик жиҳатдан юқори даражада рационал шакллантириш имконини беради.
Ишлаб чиқариш техникаси ва технологияси тараққиёти билан бирга меҳнат жараёнларидаги ўхшашликларни кўрсатадиган, технологик мазмуни жиҳатидан ҳатто жуда хилма-хил бўлган ишчилар бажарадиган касбларида ҳам, айрим меҳнат турлари, илмий-техника асосларининг умумийлиги энг кўп аҳамият касб етмоқда.
Бу тамойиллар касб-ҳунар коллежларида касб-ҳунар таълимига татбиқ этила бориб, ёғоч, мэталл ва газламага ишлов беришда меҳнат усуллари маълумотларининг техник-технологик умумийлигида очилади.
Слэсарлик (мэталл қирқиш) ва тикувчилик (газламага ишлов бериш) операцияларини бажаришда меҳнатнинг хусусий усуллари ва характерларини таҳлил қила бориб уларда кўпгина умумийлик борлигини кўрамиз. Масалан, бу операцияларни бажаришда иш жойини ташкил этишга бўлган талаблар ҳеч қандай фарқ қилмайди. ўнг қўл билан олинадиган ўша асбоб дастгоҳда иш бажараётган ишчининг ўнг томонида туради. Чап қўлга мўлжалланган асбоб эса чап томонда туради.
Меҳнат таълими дарсларида газлама ва мэталлга ишлов бериб меҳнат операцияларини бажаришда меҳнат усулларидаги аниқланган умумийлик ёрдамида ўқувчиларда умумлашма характердаги касбий кўникма ва малакаларини шакллантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилади.
Хусусий меҳнат усулларини бир ишлов операциясидан иккинчисига ёки меҳнат турининг бири (газламага ишлов бериш)дан иккинчиси (мэталлга ишлов бериш)га психологик-физиологик ўтказиш натижасида меҳант кўникма ва малакаларини умумлаштириш мумкин бўлиб қолади.
ўқувчиларда касбий кўникма, баъзи ҳолларда эса касбий малакани шакллантириш касб-ҳунар таълимининг асосий мақсадларидан бири саналади. Касбий кўникма ва малака ҳам у ёки бу меҳнат усулини амалий машқларда бажариш йўли билан шаклланади. Аммо бунда касбий кўникмасининг ақлий томонини ҳам эътиборда четда қолдирмаслик лозим, чунки уни таркиб топтиришда ўқувчилар техник ҳисоблаш ва технологик режалаштириш масалаларини ҳам ҳал қилишларига, меҳнат усулларини бажаришнинг ва иш сифатини назорат қилишнинг энг қулай йўлини танлашларига тўғри келади.