1-мавзу. Тарбия фанининг предмети, мақсад ва вазифалари
1.Тарбия фанининг асосий тушунчалари ва методологияси
2. Тарбия жараёнининг ўзига хос хусусиятлари, қонуниятлари ва тамойиллари
3.Узлуксиз маънавий тарбия концепциясининг мазмун-моҳияти
1.Тарбия фанининг асосий тушунчалари ва методологияси
Тарбия — шахсда муайян жисмоний, руҳий, ахлоқий, маънавий сифатларни шакллантиришга каратилган амалий педагогик жараён; инсоннинг жамиятда яшаши учун зарур бўлган хусусиятларга эга бўлишини таъминлаш йўлида кўриладиган чора тадбирлар йиғиндиси. Тарбия инсоннинг инсонлигини таъминлайдиган энг қад. ва абадий қадриятдир. Тарбия сиз алоҳида одам ҳам, кишилик жамияти ҳам мавжуд бўла олмайди. Чунки одам ва жамиятнинг мавжудлигини таъминлайдиган қадриятлар Тарбия туфайлигина бир авлоддан бошқасига ўтади.
Педагогик адабиётларда «Тарбия» атамаси кенг ва тор маъноларда ишлатилади. Кенг маънода Тарбия инсон шахсини шакллантиришга, унинг жамият ишлаб чиқариши ва ижтимоий, маданий, маърифий ҳаётида фаол иштирокини таъминлашга каратилган барча таъсирлар, тадбирлар, ҳаракатлар, интилишлар йигиндисини англатади. Бундай тушунишда Тарбия фақат оила, мактаб, болалар ва ёшлар ташкилотларида олиб бориладиган тарбиявий ишларни эмас, балки бутун ижтимоий тузум, унинг етакчи гоялари, адабиёт, санъат, кино, радио, телевидение ва б. ни ҳам ўз ичига олади. Шунингдек, кенг маънодаги тарбия тушунчаси ичига таълим ва маълумот олиш ҳам киради.
Тор маънода Тарбия шахснинг жисмоний ривожи, дунёқараши, маънавий-ахлоқий қиёфаси, эстетик диди ўстирилишига йўналтирилган педагогик фаолиятни англатади. Буни оила ва тарбиявий муассасалар ҳамда жамоат ташкилотлари амалга оширади. Таълим ва маълумот олиш тор маънодаги Тарбия ичига кирмайди. Лекин ҳар қандай Тарбия таълим билан чамбарчас боғлиқ ҳолдагина мавжуд бўлади. Чунки таълим ва маълумот олиш жараёнида шахснинг факат билими кўпайибгина қолмай, балки ахлоқиймаънавий сифатлари қарор топиши ҳам тезлашади.
Тарбия ҳар қандай жамият ва ҳар қандай мамлакат ҳаётида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ёш авлоднинг, умуман, жамият аъзоларининг Тарбияси билан етарлича шуғулланмаган мамлакат турғунлик ва инқирозга маҳкумдир. Негаки, ўсиши ва ривожланиши учун ҳар қандай жамиятда ҳам моддий ва маънавий бойликлар ишлаб чиқариш. тўхтовсиз равишда юксалиб бориши лозим. Бунинг учун ёш авлод моддий ва маънавий бойликлар етиштиришни аждодлари даражасида, улардан ҳам яхшироқ ишлаб чиқара билишлари керак. Ёш авлодда ана шундай моддий ва маънавий қобилиятларни шакллантира билиш учун эса, жамият узлуксиз равишда самарали фаолият кўрсатадиган тарбиявий интлар тизимига эга бўлиши лозим.
Тарбия жамият тараққиётининг турли даврларида турлича изоҳлаб келинган. Шўро замонида ҳукмрон коммунистик мафкура тарбияга синфий ва партиявий ҳодиса сифатида ёндашишни талаб этган. Шунинг учун ҳам синфий жамиятда Тарбия фақат синфий хусусиятга эга бўлади ва турли синфларнинг Тарбияси бир-бирига қарамақарши туради деган қараш қарор топган. Ҳолбуки, дунё илми, айниқса, Шарқ тарбияшунослиги ва ўзбек халқ педагогикаси тажрибаси Тарбиянинг синфий кўринишга эга эмаслигини исбот этди. Шунингдек, коммунистик мафкура тазйики туфайли Тарбияда ижтимоий муассасаларнинг ўрнига ортиқча баҳо берилди, бу жараёнда ирсий ва биологик хусусиятлар деярли хисобга олинмади.
Шўролар педагогикасида Тарбия оркали хар кандай одамни истаган ижтимоий киёфага солиш мумкин деган караш ҳукмрон бўлганлиги учун ҳам унинг шахсни шакллантиришдаги ўрнига ошиқча баҳо берилди. Тарбияланувчи шахсининг Тарбияга берилиш ёки берилмаслик хусусиятларининг ҳисобга олинмаслиги тарбиявий тадбирларга махлиё бўлишдек педагогик хатоликка олиб келди. Бунинг натижасида Тарбия мақсадсиз бўлиб қолди, тарбияланувчиларга алоҳида шахс сифатида эмас, исталган ижтимоий йўналишга солиниши мумкин бўлган қиёфасиз туда, оломон тарзида қараш карор топди, Бу ҳол тарбия нинг самарасизлигига олиб келди. Чунки Тарбиянинг асосий объекта бўлмиш шахс ва унинг ўзига хослик жиҳатлари унутилган эди. Шўро педагогик тизимидаги камчиликларнинг илдизи, асосан, мана шу ёндашув тарзига бориб такалади.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, тарбия ва унга боғлиқ жараёнларга янги ҳамда соғлом педагогик тафаккурга таянган ҳолда ёндашув қарор топа бошлади. Уни изоҳлашда ғайриилмий синфий-партиявий ёндашувдан воз кечилди. Тарбиянинг миллийлигига алоҳида эътибор каратилмоқда. Бунинг учун халқ педагогикаси бойликлари, ўзбек мутафаккирларининг педагогик қарашлари синчковлик билан ўрганилаётир. Натижада, Ўзбекистон педагогика фани ва амалиётида оила Тарбиясининг ҳам, ижтимоий Тарбиянинг ҳам ўзига хос ўрни борлиги тан олина бошланди. Шунингдек, Тарбияда ирсий ва биологик омиллар ҳам ҳисобга олинадиган бўлди. Айни вақтда, шахснинг шаклланишида Тарбиянинг ўрнига керагидан ортиқ баҳо бериш ҳам барҳам топди. Бу ҳол Тарбияга дойр ҳодиса ва ҳолатларни тўғри изоҳлаш, тарбиявий тадбирлар тизимини тўғри тайин этиш имконини берди.
Тарбия – муайян, аниқ мақсад ҳамда ижтимоий-тарихий тажриба асосида шахсни ҳар томонлама ўстириш, унинг онги, хулқ-атвори ва дунёқарашини таркиб топтириш жараёни. Бошқачароқ талқин этилганда, тарбия ёш авлодни муайян мақсад йўлида ҳар томонлама вояга етказиш, унда ижтимоий онг ва хулқ-атворни таркиб топтиришга йўналтирилган фаолият жараёнидир.
Турли замон ва маконда ижтимоий тарбия моҳияти турлича бўлиб, унинг мазмуни ижтимоий мақсадлардан келиб чиқиб асосланган. Тарбия ғояси турлича ифодаланган бўлсада, аммо йўналтирувчанлик хусусияти ҳамда объектига кўра якдилликни ифода этади.
Тарбия - шахсни мақсадга мувофиқ такомиллаштириш учун уюштирилган педагогик жараён бўлиб, тарбияланувчининг шахсига мунтазам ва тизимли таъсир этиш имконини беради.
Тарбия жараёни ўқитувчи ва ўқувчи (тарбиячи ва тарбияланувчи)лар ўртасида ташкил этилувчи ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ҳамкорлик жараёнидир.
Тарбия жараёнида тарбияланувчининг онги шакллана боради, ҳис-туйғулари ривожланади, ижтимоий ҳаёт учун зарур бўлган ижтимоий алоқаларни ташкил этишга хизмат қиладиган хулқий одатлар ҳосил бўлади.
Тарбия жараёнида болаларнинг ҳаёти ва фаолиятини педагогик жиҳатдан тўғри уюштириш ғоят муҳимдир. Фаолият жараёнида бола ташқаридан келаётган тарбиявий таъсирларга нисбатан маълум муносабатда бўлади. Бу муносабат шахснинг ички эҳтиёж ва хоҳишларини ифодалайди. Психолог ва педагогларнинг тадқиқотлари шахсга ташқи омилларнинг (хоҳ салбий, хоҳ ижобий) таъсири боланинг уларга муносабатига боғлиқлигини кўрсатади. Бола фаолиятини уюштиришгина эмас, балки тарбияланувчининг бу фаолиятга нисбатан турли кечинмаларни қандай англаши, баҳолаши, ҳис қилиши, улардан ўзи учун нималарни олаётганлигини билиши зарур. Зеро, тарбия ижтимоий муносабатларнинг мураккаблашиб бориши асосида кечади.
Тарбия жараёнида ўқувчининг онгигина эмас, балки ҳис-туйғуларини ҳам ўстириб бориш, унда жамиятнинг шахсга қўядиган ахлоқий талабларига мувофиқ келадиган хулқий малака ва одатларини ҳосил қилиш лозим. Бунга эришиш учун ўқувчининг онги, ҳиссиёти ва иродасига таъсир этиб борилади. Агар буларнинг бирортаси эътибордан четда қолса, мақсадга эришиш қийинлашади. Тарбия жараёнига ўқитувчи раҳбарлик қилади. У ўқувчилар фаолиятини белгилайди, уларнинг ижтимоий жараёнда иштирок этишлари учун шарт-шароит яратади.
Ижтимоий жараёнда фаол иштирок этиш орқали ўқувчиларнинг мустақиллиги, ижодий ташаббускорлиги ортиб боради. Фаолият ўқувчилар жамоаси манфаати ва истаги асосида уюштирилса, бу жараёнда боланинг тенгдошлари ва ўзини ўзи англаш жараёни юзага келади. Бола ўз хулқи, хатти-ҳаракати учун жамоа олдида жавобгарликни сезишга эришгач, ижрочи эмас, балки умумий ишнинг фаол қатнашчиси бўлиб қолади.
Тарбияни самарали йўлга қўйиш учун унинг ҳаракатлантирувчи кучи, тарбия жараёнининг манбаини яхши билиш ва ҳисобга олиш муҳимдир. Бу тарбия жараёнидаги ички ва ташқи қарама-қаршиликлардан иборат.
Тарбияда ўқувчиларнинг тарбияланганлик даражасини ҳам ҳисобга олиш керак бўлади. Бу жиҳат унутилса, муайян қарама-қаршиликлар вужудга келади.
Фаолият жараёнида ҳосил бўлган малака ва одатлар ахлоқ меъёрларига риоя қилишни енгиллаштиради.
Демак, тарбиячи бола шахсининг тез ривожланадиган даври – ўқувчилик йилларида унинг онгига турли фаолият (ўқиш, меҳнат, ижтимоий ишлар, ўйин, спорт, бадиий хаваскорлик) ёрдами билан махсус таъсир этиш муҳимдир. Акс ҳолда хулқ меъёрлари, ахлоқ талабларини яхши тушунмай қолиши натижасида шахс ижтимоий муносабатларда беқарор, тасодифий таъсирга берилувчан бўлиб қолиши мумкин.
Тарбия яхлит жараёнда амалга оширилиб, унинг таркибий қисмлари айни бир вақтда, фаолиятнинг бирор тури асосида намоён бўлади.
Шахс ижтимоий тарбия орқали шаклланади.Шахсни шакллантириш, бошқариш, назорат характерига эга бўлиб, бу борада белгиланган вазифалар тасодифий ҳаракатлар орқали эмас, балки олдинда белгиланган ва пухта ўйланган режалар асосида ҳал этиб борилади.
Тарбия жараёнида унинг мақсади, шакл ва методлари, шахснинг ўзини-ўзи тарбиялаш ва қайта тарбиялаш жиҳатлари муҳим ўрин тутади. Тарбия мазмуни ижтимоий тузум буюртмаси асосида белгиланиб, унинг амалга ошиши учун маълум шарт-шароитларнинг мавжудлиги талаб этилади. Ўзбекистон Республикасида айни вақтда ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш жараёнида қуйидаги вазифаларни ҳал этиш муҳим аҳамият касб этмоқда:
а) ёшларни ижтимоий ҳаётга тайёрлаш, уларда кенг дунёқарашни таркиб топтириш, ўз шахсий турмушига мақсадли ёндашув, режа ва амал бирлиги ҳиссини уйғотиш;
б) ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятлар моҳиятидан огоҳ этиш, чуқур билим ва тафаккурга эга ёшларни тарбиялаш, уларнинг онгини бойитиш;
в) умуминсоний ахлоқ меъёрлари (одамийлик, камтарлик, ўзаро ёрдам, меҳр-муҳаббат, мурувват, адолатни ёқлаш, инсонпарварлик, ахлоқсизликка нисбатан нафрат ва ҳоказолар)нинг моҳиятини англаш, ўқувчиларда муомала одоби, юксак маданиятни қарор топтиришга эришиш;
г) ўқувчиларда ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрларга ҳурмат руҳида ёндашиш ҳисси ва фуқаролик туйғуси, ижтимоий бурчга масъулликни қарор топтириш;
д) табиатни муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни юзага келтириш борасидаги масъулиятни таркиб топтириш;
ж) ватанпарварлик ва байналминаллик туйғусини шакллантириш, ўзга миллат ва халқларни ҳурмат қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва бурчларини камситмаслик туйғусини қарор топтириш;
з) мустақил давлат – Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи сиёсатига тўғри ва холисона баҳо беришга ўрганиш;
и) инсонни олий қадрият сифатида қадрлаш, унинг шаъни, ор-номуси, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва бурчларини ҳурмат қилишга ўргатиш ва бошқалар.
Тарбия ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш тўғрисидаги фандир. Кишилик жамияти тараккий этиши билан у кам ўсиб боради. Кишилик жамияти пайдо бўлиши билан одамларнинг мехнат фаолияти жараёнида уларнинг ишлаб чикариш тажрибалари, мехнат малакалари пайдо бўлди ва улар ўзгариб, орта борди, уларда турли мехнат куролларини ишлата билиш кўникмалари хосил бўлди ва бу куролларни такомиллаштириш кобилияти, нутк ва тафаккур ўсиб, ривожланиб борди. Кекса авлод мехнат жараёнида орттирган тажрибаси асосида ўсиб келаётган ёш авлодни хам мехнатда иштирок этишга ўргатди. Шундай килиб, тарбия кишилик жамияти амалий эхтиёжининг объектив заруратидан келиб чикди, шу жамият билан бирга ривожлана борди.
Ижтимоий хаётнинг турли сохаларида кишилар орттирган тажрибаларнинг бойиб бориши билан, табиат ва ижтимоий хаёт хакидаги билимларнинг орта бориши билан мехнатда орттирган тажрибаларни ёш авлодга ўргатиш жараёни хам мураккаблашиб борди. Тарбия мохирлик ва ишнинг кўзини билишни талаб этди. Тарбияни амалга ошириш жараёнини англаш ва бу сохадаги тажрибаларни ўрганишга эхтиёжнинг тугилиши натижа педагогика фани юзага келди.
Болалар ва ёшларни тарбиялаш тўгрисидаги фан сифатида пайдо бўлган педагогика тарбия ишининг чегаралари ва жамият хаётида субъектив омилларнинг таъсир доираси кенгайган сари тобора кўпрок хамма ёшдаги
кишиларга тарбиявий таъсир кўрсатишнинг умумий конуниятлари хакидаги фанга айланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |