Bog'liq 1 маъруза Ўзбекистон Республикаси солиқ тизими фони буйича
Солиқ ҳисоботини тузиш ва уларни тақдим этиш тартиби Солиқ тўловчининг ҳар бир солиқ тури ёки тўланган даромадлар бўйича ҳисоб-китобларни ва солиқ декларацияларини, шунингдек ҳисоб-китобларга ҳамда солиқ декларацияларига доир иловаларни ўз ичига оладиган, солиқ тўловчиларнинг ва солиқ агентларининг солиқ мажбуриятларини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлари солиқ ҳисоботидир.
Солиқ ҳисоботи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган шаклларда тузилади.
Солиқ ҳисоботи солиқ органларига шахс фақат солиқ тўловчи деб эътироф этиладиган солиқлар бўйича тақдим этилади.
Солиқ ҳисоботида кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик солиқ тўловчининг ёки солиқ агентининг зиммасига юкланади.
Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шаклда қоғоз ёки электрон шаклда Солиқ кодексига мувофиқ солиқ ҳисоботига илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади.
Солиқ тўловчи Солиқ кодексига мувофиқ солиқ ҳисоботига илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этишга ҳақли.
Юридик шахс бўлган солиқ тўловчилар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ ҳисоботини ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шакллар бўйича электрон ҳужжат тарзида тақдим этади.
Йирик солиқ тўловчилар, жойлашган еридан қатъи назар, солиқ ҳисоботини Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига тақдим этади.
Солиқ ҳисоботи бланкалари солиқ органлари томонидан бепул тақдим этилади.
Солиқ ҳисоботи Солиқ кодексида назарда тутилган ҳолларда солиқ тўловчи томонидан солиқ органига шахсан ёки вакил орқали тақдим этилиши ёхуд почта жўнатмаси тарзида жойланмалар рўйхати билан юборилиши мумкин.
Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ ҳисоботини солиқ тўловчи номидан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон ҳужжат тарзида тақдим этишга ҳақли.
Солиқ органи солиқ тўловчи томонидан белгиланган шаклда тақдим этилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.
Солиқ ҳисоботи солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатларда тақдим этилади.
Солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари солиқ органларига солиқ ҳисоботини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни, агар Солиқ одексда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ҳисобот тақдим этилган йилдан кейин камида беш йил сақлаши шарт.