4. Юридик кадрларда касбий компетенсияларни ривожлантиришнинг аҳамияти
Юристлар ҳам, бошқа аксарият касб эгалари сингари, мижозлар билан ишлайдилар. Яъни юристлар мижозлар билан шахслараро муносабатга киришадилар. Бинобарин, ўзлари ёлланиб ишлаётган юридик фирма ёки бирон муассаса ва компанияда юридик хизматни амалга ошириш жараёнида улар ушбу муассаса ва компаниянинг раҳбарлари, жамоси билан шахслараро муносабатга киришадилар.
Демак, юристлар ўз фаолияти даврида икки хил гуруҳдаги шахслар доираси билан шахслараро муносабатга киришадилар. Булар:
1. Мижозлар.
2. Муассаса ва идора раҳбарлари, жамоаси (ҳамкасблар).
Касбий юксалиб боришда юристлардан мижозлар, шунингдек, муассаса ва компания раҳбарлари ҳамда ҳамкасблар билан шахслараро муносабатларга муваффақиятли тарзда киришиш талаб этилади. Шу ўринда ҳаётий саволлар туғилади: юристлар бунинг уддасидан қай даражада чиқмоқдалар? Ҳозирги шароитда Ўзбекистон юридик кадрларида “Soft Skils”ни ривожлантиришнинг аҳамияти нимада?
Бугун Ўзбекистон очиқ давлатга айланмоқда. Давлат сиёсати қўшни давлатлар билан муносабатларни янада яхшилаш, олис давлатлар билан эса янгича муносабатларни кучайтиришга қаратилмоқда. Энг муҳими – мамлакатда инвеститсиявий муҳит яхшиланмоқда, шу туфайли жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон тўғрисида ижобий фикрлар билдирмоқда.
Демак, мамлакатга кириб келаётган чет эл инвесторлари билан самарали шахслараро муносабатларни йўлга қўйишга қодир кадрлар, жумладан, юридик кадрларга бўлган эҳтиёж кундан-кунга ортиб боради.
Бунинг учун эса юридик кадрларда бизнес субъектлари, хусусан, хорижий инвесторлар билан самарали мулоқот қила олиш, жамоада ишлай билиш, стрессга чидамли бўлиш, тақдимотлар билан чиқиш, мижозларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида музокаралар олиб бора олиш кўникма ва малакалари бўлиши зарур.
Қайд этиш жоизки, “Soft Skils” давлат хизматчилари учун ҳам зарур. Давлат хизматчилари том маънода халққа хизмат қилишлари учун шахслараро муносабатларни тўғри ташкил этишни яхши билишлари керак. Улар фуқаролар билан суҳбатлашиш жараёнида уларга ҳурмат билан муомалада бўлишлари, фуқаролар томонидан айтилаётган муаммоларни диққат билан тинглашлари ҳамда ваколатлари доирасида қўлдан келганча уларга ёрдам беришлари зарур. Фуқаролар билан муносабатларга шундай ижобий ёндашув одамлар онгида давлатга бўлган ишончни вужудга келтиради, уни янада кучайтиради.
Юристнинг мижози, шифокорнинг бемори сингари, унинг касбига содиқ эканига умид қилади. Бунда мижоз ва юрист ўртасидаги мулоқот жуда шахсийдир. Улар ўртасидаги мулоқотнинг табиати мижоз ва юрист ўртасидаги муносабат шахсий сир каби сақланиб қолиши кераклигини юристлар англаб етишларини талаб этади.
2015 йилда Буюк Британияда 2 йил давомида адвокатларини ўзгартирмай келаётган 500 нафардан ортиқ мижоз орасида сўров ўтказилган. Уларга қуйидаги савол берилган: “Сиз юристлардан кутадиган энг муҳим нарсалар нималардан иборат?” Кўп такрорланган жавоблар эса қуйидагилар бўлди: кўрсатиладиган юридик маслаҳатнинг тахминий нархини олдиндан айтиш; иш қандай кетаётганидан мунтазам хабардор қилиб туриш; мижознинг эҳтиёжлари ва умидларини тўла ҳурмат қилиш; электрон хатларга ўз вақтида жавоб бериш; мижозни диққат билан тинглаш; вақтга эътиборли бўлиш, яъни ишни ҳал қилишни пайсалга солиб юришдан тийилиш; ҳуқуқий муаммонинг ечими ҳақида савол берилганда уни осон тилда тушунтириб бера олиш; тажрибага таяниб ишдан кутилаётган эҳтимолий натижаларни тушунтириб бера олиш ва мижознинг ҳолатига эътибор қаратиш.
2016 йилда Америка ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш бўйича институт томонидан АҚШнинг 37 штатидан 24 137 нафар адвокатлар ўртасида сўров ўтказилди. Улардан юристлар учун 147 та малака ва кўникмалар орасида энг муҳимлари қайсилари экани сўралди. Натижалар қуйидаги 10 та малака ва кўникмаларни кўрсатди:
1. Маълумотни сир сақлай олиш.
2. Мажлислар ва йиғилишларга ўз вақтида келиш.
3. Ўз касбига содиқ бўлиш.
4. Ростгўй ва ишонса бўладиган инсон бўлиш.
5. Хушмуомалалик ва ҳурмат билан муносабатда бўлиш.
6. Илтимос ва саволларга тезда жавоб қайтариш.
7. Диққат ва ҳурмат билан муносабатда бўлиш.
8. Иштиёқи баланд бўлиш.
9. Юқори касбий этикага эга бўлиш ва бор имкониятни жалб этган ҳолда ишлаш.
10. Деталларга эътиборли бўлиш.
2013 йилда ҳуқуқ мактабини тамомлаган битирувчилар борасида ҳам муҳим тадқиқот олиб борилган. Адвокатура ва турли ташкилотларнинг юристларидан “Ҳуқуқ мактабини тамомлаган битирувчининг қандай бўлишини истар эдингиз?” деган саволга қуйидагича жавоб олинди.
1. Юқори даражада касбий этика.
2. Ташаббус билдиришга нисбатан хоҳишнинг мавжуд бўлиши.
3. Ҳамкасблар ва мижозлар билан самарали мулоқот қила олиш.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бўлажак юристлар нафақат касбий билимларга эга бўлиши, балки шу билан бирга, карерани бардавом олиб бориш учун зарур бўлган шахслараро муносабатларни тўғри йўлга қўйишга қаратилган малака ва кўникмаларга ҳам эга бўлишлари бугунги замон талабидир. Ҳуқуқий кўникмалар ва методология модулининг асосий мақсади эса талабаларда айни мана шу жиҳатларни шакллантириш ва ривожлантиришдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |