Фридерик Шопен
Фридерик Шопен - буюк поляк композитори. Шунингдек у Моцарт ва Бетховен каби моҳир фортепиано ижрочиси ҳам эди. Мусиқий ижод ва ижрочиликда Шопен мусиқа санъатини янги мазмун ва образлар билан бойитди, янги ўша давргача номаълум бўлган янги ифода воситаларини очиб берди, фортепиано ижрочилигининг янги усулларини кашф қилди.
Шопен асосан фақат фортепиано сози учун асарлар ёзди. У мусиқа санъатидаги романтизм оқимининг ёрқин вакилидир. Унинг фортепиано асарларида романтизм оқимининг асосий мавзуси бўлган инсоннинг ички дунёси, руҳий олами, ҳис туйғулари ва ички кечинмалари маҳорат билан тасвирлаб берилган. Шу билан бирга шуни айтиш керакки, Шопен ижодининг асосий мавзуси - бу ватан мавзусидир. Композитор ватани Полшани ниҳоятда севган, аммо тақдир тақозоси билан узоқ вақт ватанидан айрилиқда яшаган ва ҳорижда вафот этган. Шунинг учун унинг жуда кўп асарларида ватанни соғиниш, уни қўмсаш билан боғлиқ бўлган ғамгинлик кайфияти сезилиб туради.
Шопеннинг бутун ижоди миллий руҳ билан суғорилган. Унинг асарларида поляк халқ мусиқасининг таъсири аниқ сезилиб туради. Бунинг сабаби шундаки композитор қишлоқда туғилиб ўсганлиги сабаб, болалигидан поляк халқ куй ва қўшиқларини эшитиб улғайган ва дунёқараши шу мусиқа таъсирида шаклланган. Шопен поляк классик мусиқасининг асосчиси ҳисобланади. Негаки у халқ куй ва қўшиқлари асосида бетакрор, умрбоқий, юксак даражадаги бадиий асарларни яратган.
Шопен ижодида жуда кўп янгиликларни учратиш мумкин. У ўзининг ажойиб асарлари билан фортепиано ижрочилик санъатини янада бойитди. Шопен ижодида биринчи марта бир неча янги жанрлар пайдо бўлди. Мазуркалар, полонезлар, скерцолар, балладалар Шопен ижоди туфайли мустақил фортепиано жанрлари сифатида танилди. Бу асарлардан ташқари композитор фортепиано ижроси учун прелюдиялар, валслар, этюдлар, ноктюрнлар, сонаталар ва бошқа турли хил асарлар ёзган. Фортепиано ва оркестр учун ёзилган иккита контсерт Шопеннинг энг йирик асарлари ҳисобланади.
Шопен асарлари композитор ҳаётлик давридаёқ катта шуҳрат қозонган. Бугунги кунда ҳам Шопен барча мусиқа санъати ихлосмандлари ва бутун жаҳон фортепиано ижрочиларининг энг севимли композиторларидан бири ҳисобланади.
Шопен яратган асосий асарлар қуйидагилардир:
Фортепиано ва ансамбл ёки оркестр учун 9 та асар
51 та Мазурка
11 та Полонез
19 та Ноктюрн
17 та Валс
3 та Соната
26 та Прелюдия
4 та Экспромт
27 Этюд
4 та Скерцо
4 та Баллада ва бошқалар
Do'stlaringiz bilan baham: |