3-МАВЗУ. ИНВЕСТИЦИОН СИЁСАТ ВА САРМОЯЛАРНИНГ ИҚТИСОДИЙ САМАРАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ.
Инвестицион сиёсат – давлат иқтисодий сиёсатининг таркибий ва ажралмас қисмидир. Ушбу сиёсатнинг моҳияти, мақсади ва амалга ошириш усуллари кўп жиҳатдан мамлакатнинг техник қудрати ва иқтисодий салоҳиятини белгилайди. Бозор иқтисодиёти шароитида у нафақат давлат, балки турли юридик ва жисмоний шахслар, мулкчиликнинг турли шаклларидаги субъектлар томонидан ҳам бажарилади.
Инвестицион сиёсатни амалга ошириш, одатда, инвестицион лойиҳа ва дастурлар ишлаб чиқариш орқали амалга оширилади. Бу дастурлар эса ўз навбатида асосли бўлиб, тегишли экспертизадан ўтказилиши лозим. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йилнинг 11 ноябрдаги Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон республикасининг 2008 йилга инвестицион дастури умумий ҳисобда 4,2 млрд. АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги 100дан ортиқ турли лойиҳаларни амалга оширишни кўқда тутади. Бунда сармояларнинг ката қисми асосий тармоқлар – ёқилғи энергетик, кимёвий мажмуа, машинасозлик ва бошқа жабҳаларга йўналтирилди.
Инвестициялар (сармоялар) – бу даромад олиш ёки ижтимоий ва экологик самарага эга бўлиш мақсадида ишлаб чиқариш, тижорат, ижтимоий, илмий, маданий ёки бошқа соҳада турли дастурларни амалга оширишга киритиладиган пул, мулкий ва интеллектуал маблағлар бирлигидир.
1991 йилгача «инвестициялар» тушунчаси илм фан ва амалиётда ҳали мавжуд эмас эди. Унинг ўрнига «капитал қуйилмалар» атамаси ишлатилиб, у асосий ва айланма фондларни қайта тиклашга йўналтирилган сармояларнинг пул ифодасини билдирарди. Ҳар иккаласи ҳам капитал яратувчи вазифаларни бажаради.
Йирик кўринишда инвестициялар иккита йўналиш – ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш объектига қуйилмаларга ажралади. Биринчи йўналиш корхоналарнинг салоҳиятини мустаҳкамлашлаш ва ривожлантириш; турли жабҳалар ва умуман миллий иқтисод тараққиётига хизмат қилади. Иккинчи йўналиш эса ижтимоий, экологик, турар-жой муҳити ва инсон ҳамда жамият ҳаёти ва фаолияти учун зарур бўлган бошқа шароитларни шакллантиради.
Инвестициялар самарадорлигини ошириш – инвестицион стратегия ва сиёсатда акс этади ва кўп жиҳатдан сармояларнинг структурасига боғлиқ. Инвестициялар структураси эса 4 турда, яъни соҳавий, қайта тикловчи, технологик ва ҳудудий бўлиши мумкин. Қайта тикловчи ва технологик структура сармоялар самарадорлигига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Сармояларнинг қайта тикловчи структураси бу янги қурилиш, реконструкция, амалда фаолият кўрсатаётган корхоналарни кенгайтириш ва техник қайта жиҳозлашга кетган ҳаракатлардир.
Do'stlaringiz bilan baham: |