Кўчмас мулк объектларини техник экспертиза қилиш. Бино ва иншоотларда текширувларни ўтказиш махсус мутахассислар томонидан бажариладиган иш ҳисобланади. Баҳоловчилардан эса бино ва иншоотлар ва уларнинг конструкцияларини техник экспетиза қилиш тўғрисидаги асосий тушунчалар ва низомларни, таҳлил қилиш усулларини билишлари ва баҳоланадиган объект қийматини аниқлашда экспертиза хулосаларини тўғри қўллай билишлари талаб этилади.
Техник экспертиза кўчмас мулк объектининг мавжуд ҳолатини ва унинг жисмоний эскиришини аниқлаш учун хизмат қилиб унинг натижалари натурал-ашёвий кўрсаткичлар жамланмаси шаклида тақдим этилади. Кўчмас мулк объектларида техник экспертиза ишларини амалга ошириш учун қўлланиладиган ҳужжатлар бўлиб СНИП, ҚМҚ, ШНҚ, Давлат стандартлари, лойиҳалар, услубий қўлланмалар ва кўрсатмалар, шунингдек бошқа меъёрий ҳужжатлар ҳисобланади. Тегишли малакага эга бўлган кўчмас мулкни баҳолаш бўйича мутахассис таҳлил маълумотлари ва кўчмас мулкни назоратдан ўтказиш маълумотларига асосланган ҳолда хулоса чиқаради.
Техник экспертиза натижаси бўлиб бинони келгусида хавфсиз ва тўла қувватида эксплуатация қилишга қаратилган таъмирлаш ишлари стратегиясини ишлаб чиқиш ва унинг шикастланган конструкцияларининг кўтариш қобилиятини қайта тиклаш ҳисобланади. Техник экспертизани амалга ошириш жараёнида бинонинг асоси ҳисобланувчи пойдеворини, қурилиш конструкцияларини, деворларини, тўсиқ деворларини, тўсиқлари, зинапоялари, балконлари, тўсинлари, томёпмаси, дераза ва эшиклари, полларини, муҳандислик жиҳозларини, сув таъминоти ва оқава тизимларини, газ тармоқларини назоратдан ўтказиш талаб этилади.
Кўчмас мулк объектини баҳолаш жараёни ишончли кўрсатма берувчиларни топиш, мутасадди раҳбар ва мулк эгасидан маълумот олишдан бошланади. Баҳоловчи объектга борганида уни кўздан кечириши лозим. Одатда у баҳоланаётган объект тўғрисида катта ҳажмдаги маълумотларни очиб беради. Назоратдан ўтказиш ишларини бошлашдан олдин бино тўғрисидаги мавжуд техник ҳужжатлар билан танишиш, шунингдек, унга техник хизмат кўрсатувчи, техник эксплуатация қииш учун масъул ходимлар билан суҳбатлашиш лозим.
Техник ҳужжатлар билан танишиш жараёнида лойиҳага қандай ўзгартиришлар киритилганлиги, раконструкция ишлари амалга оширилган, капитал ва жорий таъмирлаш ишлари ўтказилан муддатлар, объектда авария содир бўлганлиги ва унинг натижаларини тузатиш учун қандай ишлар амалга оширилганлиги тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш лозим.
Бинони назоратдан ўтказиш ишларини уни техник ҳолати учун жавобгар бўлган масъул ходимлар иштирокида амалга ошириш лозим.
Кўздан кечириш жараёнида объектда мавжуд бўлган нуқсон ва бузилишларни аниқлаш лозим. Ҳисоботда бино ҳолати тўғрисидаги қуйидаги маълумотларни қайд этиш лозим: у эксплуатация қилинмоқдами, консервация қилинганми, у қўриқланадими, асосий турдаги муҳандислик ускуналари соз ҳолатдами, бинода иссиқлик ва намлик кўрсаткичлари меъёрдалиги кабилар. Кузатиш жараёнида объект ҳолати тўғрисида фото лавҳалар олиш, айниқса унда мавжуд бузулишлар ва нуқсонлар, масалан ёриқлар, деворларнинг намланганлиги кабиларни суратга тушириш лозим.
Бинода қайта тиклаш ишларини амалга ошириш учун ҳисоб-китобларни амалга оширишда техник ҳужжатлардан фойдаланиш лозим. Шу сабабли объект техник ҳужжатлари ва лойиҳаларини рақамлаган ҳолатда баҳоловчига топшириш лозим. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда унинг тўғрисидаги маълумотлар олинган манбаалар қайд этилиши шарт. Баҳолаш якунида техник ҳужжатлар буюртмачига далолатнома тузган ҳолда қайтарилиши шарт.
Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда тегишли стандартга мувофиқ баҳоланган сана кўрсатилиши шарт. У бинога борилган ва уни кўздан кечирган санага тўғри келиши керак. Баҳолаш жараёнида баҳоловчи объектга бир неча бор ташриф буюрган бўлса ҳужжатда энг сўнгги борилган ва бошланғич маълумот олинган сана қайд этилиши лозим.
Шуни қайд этиш лозимки, эскириш кўрсаткичини аниқлаш - баҳолаш жараёнининг асосий босқичи ҳисобланади. Чунки у бинонинг ҳақиқий ҳолати тўғрисидаги аниқ маълумотни, унинг иқтисодий ҳаёти давомийлигини аниқлаш ва уни қиёсий баҳолаш учун аналог объектни тўғри танлаш имконини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |