4-мавзу. Молиявий бошқарув
Режа:
Молиявий бошқарувнинг мазмун-моҳияти, таърифи, мақсади ва вазифалари.
Молиявий бошқарувнинг бошқариладиган (объектлар) ва бошқарувчи (субъектлар) тизимлар ягоналигидан иборатлиги.
Молиявий бошқарувнинг асосий методологик тамойиллари, усуллари ва шакллари.
Молиявий бошқарув органлари ва уларнинг вазифалари.
Молия тизимини умумий бошқариш ва уни амалга оширувчи органлар.
1-савол баёни. Бошқарув жамият муносабатларининг муҳим кўрсаткичи сифатида жамият ҳаётининг барча жабҳаларига тегишлидир. Ҳозирги пайтда, иқтисодий, сиёсий ва молиявий ўзгаришлар даврида бошқарув усуллари, тамойиллари ва техникасида сезиларли ўзгаришлар рўй бермоқда.
Бошқарув - бу маълум бир ижобий натижага эришиш учун, услублар ва тамойиллар йиғиндиси орқали бирор объектга мақсадга мувофиқ таъсир этишдир. Инсон фаолиятининг барча соҳаларига, шу жумладан молиявий соҳасига ҳам бошқарув жараёни тааллуқлидир.
Демак, “Бошқарув” атамаси умумий тарзда объектни ривожлантириш ва такомиллаштириш мақсадида унга онгли равишда таъсир кўрсатишни англатади. Молия тизими доирасида молиявий ресурсларни қайта тақсимлаш ҳар доим маълум бир мақсадларга эришишга йўналтирилган бўлади. Бу нарса маълум бир тарзда бошқарув схемасини ташкил этишни тақазо этади. Шу маънода ва энг умумий кўринишда бошқарув субъектининг бошқарув объектига мақсадга йўналтирилган таъсири бошқарув дейилади.
Молияни бошқариш – бу молия субъектларининг маълум усул ва услубларни қўллаган ҳолда, маълум мақсадга эришиш учун молия объектларга таъсири.
Молиявий бошқарувни маълум бир услуб ва тамойилларга ҳамда рағбатлантириш ва санкцияларга таяниб махсус аппарат амалга оширади. Маълумки, у ёки бу кўринишдаги вазифаларни бажаришда турли хил йўналишдаги ечимлар мавжуд бўлади, аммо уларни самарали ечишнинг ўзига хос бўлган муаммоларни бор имкониятлардан тез ва самарали фойдаланиш ёҳуд янги давр талабига мос бўлган услубларни жорий этиб кўзланган мақсадга эришишдир.
Ҳар қандай бошқарув тизимига хос бўлгани каби, молияни бошқаришда ҳам объектлар ва субъектлар мавжуд бўлади.
Давлат жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун зарур бўлган молиявий ресурсларни соғломлаштиришга (нормаллаштиришга) қаратилган муносабатлар тизимини такомиллаштириши ва бу ресурсларнинг самарали ҳамда оқилона фойдаланиши устидан назоратни амалга ошириши керак. Ана шу вазифани (муаммони) бажариш (ечиш) молиявий бошқарувнинг зиммасига юклатилган.
2-савол баёни. Молиявий бошқарув мураккаб жараён бўлиб, бошқариладиган (объектлар) ва бошқарувчи (субъектлар) тизимларнинг ягоналигидан иборатдир. Бошқарувчи тизим, бу ерда молиявий институтларнинг (ташкилотларнинг) тўпламидан (мажмуидан) иборат бўлган молия тизимини назарда тутса, бошқариладиган тизим эса пул муносабатлари тўпламидан (мажмуидан) иборат бўлган молия тизимини ўз ичига олади. Бунда молиявий бошқарув жараёни бир хил тарзда бўлмасдан, у бир томондан, фақат объектларни бошқаришни эмас, балки иккинчи томондан, бошқарув субъектларини ташкил қилишни ва улар фаолиятини такомиллаштиришни ҳам ўз ичига олади.
Молиявий бошқарувнинг объекти сифатида молиявий муносабатларнинг турли кўринишлари, шу жумладан, давлатнинг ижтимоий тузуми (тузилиши), мамлакатдаги сиёсий кучларнинг жойлашиши (нисбати) ва қайта тақсимлаш жараёнларига таъсир кўрсатадиган бошқа омиллар билан белгиланадиган ўзига хос бўлган молиявий муносабатлар майдонга чиқади. Давлат молияси, маҳаллий молия ва хўжалик юритувчи субъектлар молиясида молиявий бошқарувнинг субъекти бўлиб молиявий аппарат деб номланувчи махсус хизматлар ҳисобланади.
Давлатнинг хўжалик юритувчи субъектлар ва уй хўжаликлари билан молиявий муносабатлар соҳасидаги ўзаро муносабатлари солиқ тизими, кредит муносабатларини тартибга солиш, молия бозорини тартибга солиш, давлатнинг қўллаб-қувватлаш тизими, пенсия таъминоти тизими, ишловчи аҳолининг даромадларини тартибга солиш механизми ва ҳ.к.лар орқали амалга оширилади.
Юқорида таъкидлаганимиздек, молиявий бошқарув - бу молия субъектларининг маълум усул ва услубларни қўллаган ҳолда, маълум мақсадга эришиш учун молия объектларга таъсири бўлиб ҳисобланади. Молиявий бошқарувнинг мақсади макроиқтисодий мувозанатда, бюджет профицитида, давлат қарзининг камайишида, миллий валютанинг барқарорлиги ва мустаҳкамлигида ва ниҳоят, давлат ва жамият барча аъзолари иқтисодий манфаатларининг ягоналигида намоён бўладиган молиявий барқарорлик ва таъминлашдир. Шунга монанд равишда унинг вазифалари:
Давлатни ривожлантириш учун талаб этиладиган молиявий ресурсларни шакллантириш;
Давлат ўзининг функцияларини бажариши учун талаб этиладиган шакллантирилган молиявий ресурсларни самарали тақсимлаш ва улардан оқилона фойдаланиш;
Пул муомаласини тартибга солиш;
Рисклар даражасини максимал даражада самарага эриштириш;
Имкон қадар молиявий ресурсларнинг мутаносиблигини таъминлашга хизмат қилиш ва ҳ.к.
Do'stlaringiz bilan baham: |