3-мавзу. Молиявий тизим
Режа:
Молия тизимининг таърифи. Молия тизимининг соҳалари ва бўғинлари.
Давлат молияси, маҳаллий молия, хўжалик юритувчи субъектлар молияси ва уларнинг бўғинлари. Молия тизимини иқтисодиётни бошқаришдаги роли.
Ривожланган хорижий мамлакатлар давлат молия тизими.
Бюджет тизими ва давлат тузилиши. Унитар ва федератив давлатнинг
бюджет тизими. Худудий молия. Давлат кредити. Нобюджет фондлар. Давлат корхоналари молияси.
1-савол баёни. Иқтисодиётнинг барча соҳалари жараёнида турли пул фондлари(дан) шаклланадиган ва фойдаланиладиган молиявий муносабатлар мажмуига молия тизими дейилади . Унга бошқача ҳам таъриф бериш мумкин: давлат ва корхоналарнинг пул фондларини шакллантириш, тақсимлаш ва фойдаланиш борасидаги шакл ва методлар тизимига молия тизими дейилади. “Молия тизими” тушунчаси кенг маънодаги “молия” тушунчасининг тараққиёти натижасидир. Мамлакатда бозор ислоҳотларининг амалга оширилиши ва принципиал жиҳатдан бутунлай янги бўлган иқтисодий ва молиявий сиёсатнинг ҳаётга татбиқ этилиши молия тизимининг соҳалари ва бўғинларига нисбатан объектив равишда янгича ёндошувни тақазо этди. Унга мувофиқ равишда, дастлаб, молия тизими қуйидаги уч соҳага бўлинади:
давлат молияси ва маҳаллий молия;
хўжалик юритувчи субъектлар молияси;
уй хўжаликлари молияси.
Ўз навбатида, молия тизимининг ҳар бир соҳаси пул фондлари ва даромадларни шакллантиришнинг конкрет шакллари ва методларига боғлиқ равишда бир неча бўғинлардан ташкил топади. Масалан, давлат молияси ва маҳаллий молия қуйидаги бўғинлардан ташкил топиши мумкин:
давлат бюджети;
давлат кредити;
давлат корхоналари.
Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар молияси қуйидаги бўғинлардан иборат:
тижорат корхоналари ва ташкилотлари молияси;
нотижорат ташкилотлари молияси;
Молия тизимининг алоҳида соҳалар ва бўғинларга бўлиниши ЯИМни шакллантириш, тақсимлаш ва қайта тақсимлашда, даромадларни шакллантириш ва улардан фойдаланишда иқтисодий муносабатлар субъектларининг бир-бирларидан фарқли равишда иштирок этиши билан белгиланади. Молия тизимининг ҳар бир соҳаси ва бўғинига пул фондлари ва даромадларини шакллантириш ва улардан фойдаланишнинг ўзига хос бўлган шакллари ва методлари тегишлидир. Масалан, корхоналар молияси моддий ишлаб чиқаришга, ЯИМни яратишга, уни корхоналар ўртасида тақсимлашга ва ЯИМ бир қисмининг бюджет ва нобюджет фондларига қайта тақсимлашга хизмат қилади. Давлат бюджети орқали ресурслар давлатнинг марказлаштирилган фондига жалб қилинади ва улар иқтисодий минтақалар, тармоқлар ва аҳолининг ижтимоий гуруҳлари ўртасида қайта тақсимланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |