Конюнктура ахборотномаси - бу бозор конюнктурасининг ҳозирги ҳолати ва унинг асосий хусусиятларини акс еттирувчи ҳужжатдир. Бу конюнктурани ўрганишнинг энг содда шакли бўлиб, одатда савдо ассортиментининг мақбуллигини баҳолаш учун фойдаланилади.
Конюнктура таҳлили - конюнктурани мавжуд ҳолатга келтирган омилларнинг таҳлилини ўз ичига оладиган ҳужжат ҳисобланади. Амалда таҳлил бозор конюнктурасиниг махсус изланишларини акс еттиради ва омилларнинг таъсир доирасини аниқлашга хизмат қилади.
Конюнктура прогнози бозордаги ҳолатни маълум давр ичида олдиндан кўриш ва унинг асосий параметрларини аниқлашни ўз ичига олади. Бунда конюнктурага таъсир ўтказувчи омилларнинг яқин келажакдаги хусусиятларини аниқлашга эътибор қаратилади.
Шуни эътиборга олиш лозимки конюнктура таҳлили ва прогнозида унинг ўзига эмас, балки конюнктурага таъсир қилувчи омилларга кўпроқ аҳамият берилади. Шу сабабли, бозор конюнктурасига таъсир қилувчи омилларни ажратиш мақсадга мувофиқ бўлади. ҳар қандай бозор конюнктурасини белгилаб берувчи омилларни икки гуруҳга бўлиш мумкин:
макроиқтисодий омиллар;
микроиқтисодий омиллар, яъни мазкур бозордаги талаб, таклиф, нарх ва рақобат омиллари.
Ҳеч қандай алоҳида товар бозори мамлакат иқтисодиётидан ажралган ҳолда ривожлана олмайди. Шу сабабли, иқтисодиёт қандай ҳолатда, унинг жаҳон бозорида тутган ўрни қандай, миллий бойликлар қай даражада қўлланилмоқда деган саволларга жавоб топиш лозим бўлади.
Конюнктурани ўрганишнинг биринчи босқичи иқтисодиётнинг ҳолатини таҳлил қилишдан бошланади. Ялпи миллий маҳсулот, миллий даромад, експорт ҳажми, инвестициялар ва истеъмол даражаси ва бошқа кўрсаткичлар ички бозорнинг ривожланганлик даражасини аниқлашга ёрдам беради.
Бозор конюнктурасининг ҳозирги ҳолати иқтисодий сиёсатнинг бир-икки йил олдин бажарилган ҳаракатларнинг маҳсули бўлганлиги сабабли, макроиқтисодий таҳлил камида икки йиллик муддатни қамраб олиши мақсадга мувофиқ.
Кейинги босқичи бозорни шакллантирувчи соҳанинг таҳлилига бағишланади. Бунда қуйидаги саволларга жавоб топиш лозим бўлади:
соҳанинг иқтисодиётдаги ўрни қандай?
соҳа технологик жиҳатдан ҳаётий циклнинг қайси босқичида?
соҳанинг ривожланиш суръатлари қандай?
соҳада қандай муаммолар мавжуд?
Бундай изланиш натижасида таклифнинг умумиқтисодий имкониятлари маълум бўлади. Шуниси эътиборлики, макроиқтисодий омилларнинг таҳлили комплекс равишда олиб борилиши ва олинган маълумотлар кенг доирадаги конюнктура таҳлилларда қўлланилиши мумкин. Шу сабабли кўпчилик давлатлардаги, шу жумладан Ўзбекистонда бундай ахборотларни давлатнинг махсус органлари ва ҳалқаро ташкилотларни ваколатли органлари тайёрлаб берадилар. Масалан, БМТ нинг инсон тараққиёти ҳисоботлари, ТАCИС дастурининг иқтисодий ривожланиш ахборотномалари, Ўзбекистон Республикаси статистика қўмитаси таҳлилий ахборотлари ва ҳ.к.
Юқорида санаб ўтилганидек, микроиқтисодий омилларга ушбу бозордаги талаб, таклиф, нарх ва рақобат киради.
Бозор конюктураси таҳлилида талабнинг барча жиҳатларини ўрганишга алоҳида эътибор берилади. Жумладан: талабнинг географик тақсимланиши, ассортиментнинг кенглиги ва чуқурлиги бўйича тақсимланиши, истеъмол интенсивлиги, ҳажми ва бошқа хусусиятларни ўрганиш зарур бўлади. Талабни ўрганишда аввало қондирилган талаб, сўнг қондирилмаган талабга диққат жалб қилинади. Товар айланиш таркибини товар гуруҳлари ва алоҳида турлари бўйича таҳлил ҳилиш орқали қондирилган талаб ўрганилади, қондирилмаган талаб эса сотувчилар ва харидорларнинг фикрини ўрганиш усуллари ёрдамида аниқланади.
Конюнктурага таъсир қилувчи иккинчи омил - бу товар таклифидир. Таклифни ўрганишда аввало товар манбаларига, сотишга таклиф етиладиган товар ҳажми ва таркибига, товар захираларига эътибор берилади. Товар манбаларини таҳлил қилиш савдо тизимига маҳсулот етказиб берувчи корхоналар рўйхатини тузиш ва уларнинг имкониятларини ўрганишдан иборат бўлади.
Ишлаб чиқарувчилар товарларининг ассортименти ва етказиб бериш муддатлари таклифнинг таркибини аниқлашга ёрдам беради. Шундан сўнг бозор иштирокчиларидаги товар заҳиралари таҳлил қилинади. Заҳиранинг ҳажми ва таркиби, қачон вужудга келганлиги, заҳиранинг алмашиб бориш динамикаси ва бошқа кўрсаткичлар таклифнинг талабга нисбатини аниқлашга хизмат қилади. Савдо ташкилотларида юритиладиган ҳисоб тизимининг маълумотлари, инвентаризация натижалари ва махсус изланишлар товар заҳиралирини комплекс ўрганишга асос бўлади.
Нархларнинг бозор конюктурасидаги ўрни ва уларнинг шаклланиш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда нарх таҳлилига катта эътибор берилади. Нархларни ўрганишда қуйидагилар таҳлил объекти сифатида олинади: нархларнинг барқарорлиги, товар ассортименти доирасида нархларнинг ўзгариш даражаси, сотувчи томонидан нархлар бўйича ўзгарувчан тизимларни қўллаш, мавсумий нархларнинг қўлланиши ва бошқалар. Нарх бозор конюктурасига таъсир қилувчи энг мураккаб омил ҳисобланади. Унинг ўзига ҳам бир қанча омиллар таъсир кўрсатади. Шу сабабли нарх таҳлилида нафақат хужжатларни текшириш усули, балки махсус усуллар ҳам кенг қўлланилади.
Микроиқтисодий омилардан яна бири шу бозордаги рақобатдир. Товар бозорларидаги рақобатни таҳлил қилишда аввало корхоналар рақобати, сўнг товарлар ва эҳтиёжлар рақобати ўрганилади. Корхоналар рақобатининг таҳлили сотувчилар сони, ихтисослашуви, маҳсулот ассортименти, ишлаб чиқариш ҳажми, йўналтирилган мақсадли сегменти ва бошқаларни ўз ичига олади.
Товарлар ва эҳтиёжлар рақобатининг таҳлили асосан конюнктура прогнозида амалга оширилади ҳамда рақобатчи товарлар, ўрнини босувчи товарлар ва тўлдирувчи товарларнинг ўзаро мувозанатини аниқлашга қаратилади. Бундай рақобатни баҳолаш учун маркетингнинг бозорни ўрганиш усулларидан кенг фойдаланилади.
Бозор конюктурасини ўрганишнинг сотувчи ва ишлаб чиқарувчилар учун зарурлиги келажакда ишлаб чиқариш қувватларини қайси йўналишда ривожлантириш ва қандай сотиш сиёсатини қўллаш бўйича аниқ ва ишончли ахборотга эга бўлишда намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |