Йиллик режалар сотилишлар ҳажмлари, бозор улуши, маркетинг ҳаражатлари ва сотилишлар ҳажми ўртасидаги нисбат, молия таҳлили ёрдамида назорат қилинади. Шу билан бир қаторда корхонанинг товарлари ҳақидаги истеъмолчилар фикри ҳам ўрганилади.
Сотилишларнинг таҳлили турли маҳсулотларнинг турли бозорларда ҳақиқий сотилиш ҳажмини бу соҳада қўйилган вазифаларга нисбатини ўлчаш ва баҳолаш мақсадида амалга оширилади. Бозор улушининг таҳлили корхонанинг рақобатчиларга нисбатан бозордаги ҳолатини аниқлаш мақсадида амалга оширилади.
Маркетинг ҳаражатлари ва сотилишлар ҳажми ҳаражатлари қуйидаги кўрсаткичлардан иборат: савдо агентлари фаолиятининг ҳаражатлари сотилишлар ҳажмига нисбати; реклама ҳаражатларининг сотилишлар ҳажмига нисбати; сотишни рағбатлантириш ҳаражатларининг сотилишлар ҳажмига ва сотиш бўлимларининг маъмурий ҳаражатлари сотилишлар ҳажмига нисбати. Маркетинг ҳаражатлари ва сотилишлар ҳажми ўртасидаги муносабатни таҳлил қилиш ҳақида гапирсак, у корхонага маркетинг ҳаражатларининг самарадорлигини баҳолашга ва уларнинг энг қулай катталигини аниқлашга имкон беради.
Таҳлилнинг миқдор турлари билан бир вақтда сифат ўлчашларни ҳам олиб бориш керак. Уларнинг натижалари раҳбариятни сотилишлар ҳажмида рўй бэриши мумкин бўлган ўзгаришлар тўғрисида огоҳ этиши мумкин. Гап истеъмолчилар, дилерлар ва бозорнинг бошқа субъектларининг фикри ва муносабатини ўрганиш ҳақида бормоқда. Бунда истеъмолчиларнинг оғзаки ва ёзма шикоятлари синчиклаб ўрганилади, махсус истеъмолчилар панеллари тузилади, истеъмолчиларнинг қисқа муддатли тадқиқотлари олиб борилади.
Фойдалилик назорати турли маҳсулотлар, ҳудудлар, истеъмолчилар гуруҳлари, товар ҳаракати каналларининг фойдалилигини таъминлаш мақсадида баҳолаш ва ўзгартирувчи хатти-ҳаракатларни амалга оширишдан иборат.
Амалда маркетинг самарадорлиги назорати маркетинг комплексининг алоҳида элементлари жиҳатидан амалга оширилади, яъни маҳсулот, нарх, маҳсулотни силжитиш ва маҳсулотни истеъмолчига етказиб бериш. Маҳсулот сиёсати назорати доирасида истеъмолчилар нуқтаи назаридан алоҳида маҳсулотларнинг хусусиятлари, уларнинг маркировкаси ва ўрамининг сифати баҳоланади. Нарх истеъмолчилар ва савдо воситачилари нуқтаи назаридан таҳлил қилинади, рақобатчиларнинг нархлари билан солиштирилади.
Маҳсулотларни силжитиш соҳасида назорат реклама компаниялари ва маҳсулотларни силжитиш комплекси бошқа элементларининг самарадорлигини баҳолашдан иборат (савдо ва истеъмолчиларни рағбатлантириш, ярмарка ва кўргазмаларни ўтказиш ва ҳоказо).
Маҳсулотни истеъмолчига етказиб бериш жараёнини назорат қилиш икки қисмга бўлинади: 1) алоҳида товар сотиш каналлари ҳаракатининг самарадорлигини баҳолаш; 2) сотиш хизмати ишининг самарадорлигини баҳолаш.
Маркетинг фаолиятининг самарадорлиги даражаси фақатгина жорий фаолият натижалари билан белгиланиб қолмайди. Юқори самарадорлик шу билан белгиланиши мумкинки, ташкилот саводли ва мувофиқлаштирилган ҳолда стратегак йўналишда маркетингни амалга оширади. Шунинг учун кўп корхоналар маркетинг фаолиятининг умумий самарадорлигини мунтазам равишда баҳолаб борадилар. Бунда икки қурол қўлланилади: корхона раҳбарларини анкета сўровига тортиш ва маркетинг аудити асосида ҳар томонлама баҳолашни ўтказиш.
Мазкур ҳолда маркетингнинг стратегик самарадорлигини белгилайдиган йўналишларни ажратиб кўрсатадилар: истеъмолчиларга йўналганлик, маркетингнинг ташкилий интеграциялашуви даражаси, маркетинг ахборотининг адекватлиги, стратегик йўналганлик, жорий маркетинг фаолиятини бошқариш самарадорлиги.
Бунда ғарб амалиётида кенг тарқалган СВОТ — корхона фаолиятининг таҳлили (қуйидаги сўзларнинг бош ҳарфларидан олинган қисқа ном: Афзалликлар ва Камчиликлар, корхона учун Имкониятлар ва Таҳдидлар) тавсия этилиши мумкин. У расм шаклида 10-расмда кўрсатилган.
Афзалликлар ва Камчиликларни баҳолашда асосий эътибор корхонанинг ички омилларига, Имкониятлар ва Таҳдидларни баҳолаганда эса ташқи муҳитни белгилайдиган омилларга қаратилади.
Корхонанинг ички омиллари ундан ташқарида юзага келадиган истеъмолчилар, таъминотчилар, рақобатчилар, алоқадор аудиториялар ва жамоатчилик фикри билан боғлиқ бўлган муаммоларга қараганда осонроқ аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |