Текшириш ва назорат учун саволлар:
1. Маркетингда коммуникацион сиёсатни қандай тушунасиз?
2. «Паблик рилейшнз» нима?
3. Рекламанинг аҳамиятини тушунтириб беринг?
4. Рекламанинг қандай турларини биласиз?
5. Ўзбекистонда «Реклама тўғрисида»ги қонун қачон қабул қилинган?
6. Реклама воситаларига нималар киради?
7. Рекламага қандай талаблар қўйилади?
8. Рекламани ишлаб чиқариш тартибини тушунтириб беринг.
9. Реклама харажатларини қандай тушунасиз?
10. Маркетингда сотишни рағбатлантиришга нималар киради?
9-МАВЗУ: МАРКЕТИНГ СТРАТЕГИЯСИ
Режа:
Стратегик режалаштиришнинг моҳияти ва вазифалари.
Стратегик бошқариш услубияти.
Стратегик маркетингни режалаштириш.
1. Стратегик режалаштиришнинг моҳияти ва вазифалари
Стратегик режалаштириш-бу корхонанинг миссияси ва мақсадларини аниқлаш, келажакда корхона фаолиятини самарали ташкил етишни таъминлаш учун зарур бўладиган ресурсларни аниқлаш ва уларга эга бўлишда маҳсулот стратегияларини танлаш жараёнларидир.
Стратегик режалаштириш жараёни бошқариш ечимларини қабул қилишда ёрдам берувчи восита бўлиб ҳисобланади.Унинг вазифаси ташқи муҳитда содир бўладиган ўзгаришларга тегишли жавоб қайтариш учун зарур бўладиган янгиликларни ва ўзгаришларни таъминлашдир.Стратегияни режалаштириш у ёки бу ҳолдаги тезкор ҳаракат билан якунланмайди.У корхона позициясининг ўсиши ва мустаҳкамланишини таъминлашга қаратилган умумий йўналишларни белгилаш билан тугайди.
Корхонадаги ҳамма бўлинмалар,уларнинг бирга фаолият кўрсатишларини тўғри йўлга қўйиш ва баҳолаш учун режалар тизимини ташкил етиш зарурдир.
Стратегик режалаштириш жараёни уни ўзлаштириш давомида бир қатор қийинчиликларга дуч келади. Асосий қийинчилик шундаки,дастлабки ечимларни қабул қилиш жараёни ташкилотдаги ваколатларнинг таркиби билан боғлиқдир.Янги стратегия одатда корхонадаги мавжуд ўзаро муносабатларни ўзгартиради ва корхона раҳбарияти сиёсатига зид бўлиши мумкин.Бунга табиий жавоб-одатий ўзаро муносабатларни ва ваколатлар таркибини ўзгартирувчи ҳар қандай янгиликларга қарши курашдир.Яна бир сезиларли муаммо шундаки,стратегик режалаштиришнинг жорий қилиниши фойда олинишини таъминловчи олдинги турли фаолият билан янгиси ўртасида зиддиятга олиб келиши мумкин, яъни тезкор режалаштириш билан корхоналарда дастлабки пайтда стратегик режалаштиришнинг жорий қилинишига тегишли на тамойиллик,на стратегик фикрлашга қизиқиш бўлади.
Кейинги муаммо шу билан боғлиқки, бунда корхона одатда самарали стратегик режалаштириши учун на ўзи тўғрисида,на ташқи муҳит тўғрисида маълумотга эга бўлади.Бундан ташқари уларда стратегияни ишлаб чиқувчи ва ўзгарувчи лойиқ бошқарувчиларнинг йўқлиги бу масалани анча мураккаблаштиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |