1-Мавзу. Кириш. Курснинг мақсад ва вазифалари. Этногенез ва этник
тарихга оид айрим атама ва тушунчалар
Режа:
1. Кириш. Курснинг мақсад ва вазифалари.
2. Этногенез ва этник тарихга оид айрим атама ва тушунчалар.
Таянч сўзлар ва иборалар: этнос, этник бирлик, элат, қабила, халқ, миллат,
к.
1. Кириш. Курснинг мақсад ва вазифалари
Ўрта Осиё халқлари этногенез ва этник тарихи билан бевосита боғлиқ
фанлар-этнология, археология, этнография, антропология, топонимика,
тарихий лингвистика каби фан тармоқлари ўша кезларда хали ривожланмаган
эди. Шунинг учун Ўрта Осиё халқларининг келиб чиқиши масаласида
тушунмовчиликлар кўп эди. У ёки бу халқнинг келиб чиқиши масаласида олға
сурилган ғоялар фақат тарихий ва афсонавий ривоятлар омухталашган ўрта
асрлар даври қўлёзма асарларига асосланган эди.
Бундай ҳолатдан чиқиб кетиш учун Ўрта Осиё халқларининг келиб
чиқиши масаласида кўхна тарих тақазо этган, илмий асосли концепция яратиш
керак эдики, бу муаммо ечими билан ўтмиш тарихимизнинг дарғалари, рус
шарқшунос, археолог, этнограф ва антропологлари шуғулландилар. Бунинг
учун эса юқорида эслатилган фан йўналишлари бўйича илмий изланишларни
ривожлантириш ва масалага комплекс ёндашув асосида тадқиқотлар олиб
бориш керак эди. Чунки ўтган асрнинг 40-йилларигача хорижий ва собиқ
СССР тарихчи олимлари ўртасида ўзбек халқининг этник тарихи Шайбоний
ўзбекларининг Ўрта Осиё ҳудудларига XVI аср бошларида кириб келишидан
бошланади, деган тасаввур ҳукмрон эди.
Ўрта Осиё қадимги ва ўрта асрлар тарихини мукаммал ўрганган олимлар
эса бундай фикрга қўшилмас эдилар. Ана шундай қатъиятли олимлардан бири
таниқли шарқшунос ва археолог А.Ю. Якубовский бўлиб, ўзининг 1941 йилда
Тошкентда ўзбек ва рус тилларида чоп этилган “Ўзбек халқининг юзага
келиши масаласи ҳақида” (“К вопросу об этногенезе узбекского народа”)
рисоласида бу масалада ўзининг қарашларини қуйидагича ифодалайди: Дашти
Қипчоқнинг 92 бовли сахройи ўзбеклари Шайбонийхон бошлиқ Ўрта Осиёга
кириб келганларида, бу ерда қадимдан яшаб келаётган туркий аҳолини
учратадилар. Бу турғун туркий аҳоли Ўрта Осиёнинг икки азим дарёлари
(Амударё ва Сирдарё) оралиғида энг қадимдан бошлаб яшаб келаётган эроний
тилли халқлар билан аралашиб, қоришиш натижасида Қорахонийлар даврига
келганда бу қоришмадан янги этнос, яъни ўзбек халқи шаклланган. Дашти
Қипчоқдан бу заминга кўчиб келган кўчманчи қабилалар, уларнинг
келишидан роса 5 аср бурун шаклланган янги этнос таркибига қўшилган
компонентлар бўлиб, тарих тақазосига кўра, улар ўзбек халқига ўз номини
берган.
А.Ю. Якубовский XX асрнинг 40-йилларигача тарих фанида ҳукм сурган
бундай ғайриилмий қарашни аниқ тарихий маълумотлар асосида хатолигини
исботлаган. А.Ю. Якубовскийнинг бу илмий фикр-мулоҳазалари унинг
академик Б.Д. Греков билан ҳамкорликда чоп эттирган “Олтин Ўрда ва унинг
қулаши” номли асарида ҳам ўз аксини топган.
Дарҳақиқат, А.Ю. Якубовский ишлаб чиққан концепция нафақат илмий
жиҳатдан тарихий ҳақиқатни ўзида акс эттирди, ҳатто собиқ совет
ҳокимиятининг ленинча миллий сиёсатини ҳам ўзида ифода этарди. Шунинг
учун
бу
концепцияни
илмий
асосда
қонунлаштириш
Россия
шарқшуносларининг зиммасига тушди.
Демак, собиқ СССР таркибидаги миллий халқларнинг келиб чиқиш
тарихини ўрганишга қаратилган хатти-ҳаракатлар советлар ҳокимият тепасига
келгандан сўнг бошланган. Унинг амалий ҳаётга тадбиқ этилиши Туркистонда
миллий давлат чегаралаш сиёсати туфайли кун тартибига қўйилган. Унгача,
на қадимда, на ўрта асрларда, на мустамлака Туркистонда миллий масала
давлат сиёсати даражасида кўтарилмаган эди. Турли тилли Туркистон
халқлари узоқ асрлар давомида миллий низоларсиз ҳамжиҳатликда, бир халқ,
бир миллат, яъни Туркистон миллати бўлиб яшаб келишган.
Бу заминда таркиб топган давлатлар ўтмиш тарихда сулолавий ёки этник
номлар остида маълум ҳудудий доирада ташкил топган бўлсаларда, уларнинг
фуқаролари ҳеч қачон миллий белгиларига қараб ажратилмаган ва майда
миллат вакилларига нисбатан муайян давлат тазйиқи бўлмаган.
Тарихан таркиб топган бундай анъанавий-ўзгача ҳолатда яшаб келган
Туркистон зиёлилари, олиму-фузалолар, бадиий ижод аҳли, давлат арбоблари,
икки этнос жамоалари бирга ёки бир-бирларига яқин жойларда яшаган оддий
халқ ҳам туркий ва форсийда баб баробар сўзлашганлар.
Ўрта асрларда тарих тақазосига кўра, дастлаб илм-фан араб тилида,
кейинроқ аста-секин форс ва туркий тилларда ҳам олиб борилган. Давлат
маҳкамачилигида асосан форс тили, қисман ва баъзида туркий тил ҳам
қўлланилган (Хива хонлигида). Кенг халқ оммасининг жонли тили туркий ва
форсийда эди. Шу боис, ўтмишда ўтган алломалар, илм-фан дарғалари,
шоиру-адибларимизнинг илмий ва бадиий ижод мероси минтақамиз
халқларининг барчасига тегишли эканлигини тарихий ҳақиқат деб билишган.
Афсуски, советлар ҳокимияти даврида бу тарихий ҳақиқат илдизига болта
урилди. Миллий республикалар чегара майдонларини белгилаш баҳонасида
Туркистон халқлари, уларнинг яхлит тарихи ва маданий мероси сунъий
равишда бўлиб ташланди, миллатлараро низоларни келиб чиқишига асос
солинди. Бу сиёсат туфайли собиқ совет даврида таркиб топган янги авлод
минтақа тарихини ўрганиш билан шуғулланар экан, уларнинг ҳар бирида она
сути билан қонига, қалбига сингдирилган тил доирасида фикрлаш, ҳудуд ва
мерос талашиш кайфияти ва руҳияти шаклланиб борди.
Кўп миллатли мамлакатда (собиқ СССРда) барқарорликни таъминлаш
йўлида давлат ҳокимияти қанчалар қатъий тартибни, миллатлараро муносабат
мувозатини сақлашга уринмасин, гўё миллий ўзликни англашга қаратилган
советларнинг “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” сиёсати миллатлараро ички
низолар ва зиддиятларни етилиб, илдиз ортиб боришига олиб келган. Бундай
сиёсатнинг оқибати СССР парчаланиб, унинг харобаларида қатор миллий
мустақил давлатлар ташкил топгач, ялт этиб кўзга ташланди.
Кичик бир лирик чекинишдан сўнг, муаммонинг илмий ечими йўлида
олиб борилган изланишларга қайтадиган бўлсак, юқорида эслатилган
академик А.Ю. Якубовскийнинг рисоласи руҳияти асосида 1942 йилда
Тошкентда Ўрта Осиё халқларининг этногенези масалалари бўйича махсус
илмий сессия ўтказилди. Сессияда таниқли олимлар: А.Д. Удальцев
“Этногенетик тадқиқотларнинг назарий асослари”, С.П. Толстов “Ўрта Осиё
этногенезининг асосий муаммолари” ҳамда “Арал этногенетик жараёнлар
майдони”, Л.В.Ошанин “Антропология маълумотлари Ўрта Осиё халқлари
этногенези ҳақида”, К.В.Тревер “Милоддан аввалги VI-V асрларда Ўрта Осиё
аҳолисининг этник таркиби”, И.И.Умняков “Тоҳарлар муаммоси”,
А.Н.Бернштам “Ўрта Осиё этногенезида қадимги туркий элементлар”,
Н.А.Кисляков “Тожикларнинг юзага келиши масаласи ҳақида”, В.В.Гинзбург
“Антропология маълумотлари тожиклар этногенези ҳақида”, А.Ю.
Якубовский “Туркман халқининг VIII-X асрлардаги этногенези тарихидан”
мавзуларда маърузалар қилишиб, Ўрта Осиё халқлари этногенези ва этник
тарихининг асосий йўналиши ва илмий-методологик асослари белгилаб
олинди.
Мана шу концептуал йўналишда кўп миллатли Ўрта Осиё халқлари этник
тарихи бўйича комплекс тадқиқотлар олиб бориш йўлга қўйилиб, уларнинг
натижалари асосида 1962 йилда кўп жилдли “Жаҳон халқлари” тарихининг
“Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқлари”га бағишланган қисми чоп этилди. Ушбу
илмий ва методологик асарнинг “Ўзбек халқи этногенези ва этник тарихи”
бўлимида, “тарихнинг илк босқичлариданоқ суғорма деҳқончилик билан
қадимдан шуғулланиб келган эроний тилли маҳаллий аҳолининг маълум
қисми Зарафшон, Фарғона, Чоч ва Мовароуннаҳрнинг воҳалари ва дашт-
саҳроларига ҳамда қадимги Хоразмга кириб келган туркий қабилалар билан
бир неча асрлар давомида аралашиб яшашлари натижасида тил жиҳатидан
туркийлашган янги этнос шаклланади. Ўз навбатида туркий қабилалар эроний
тилли халқларнинг маданий таъсиридан баҳраманд бўлиб, улардан хўжалик
юритиш усулларини, деҳқончилик сирларини ўрганадилар. XI-XII асрлар
этник аралашув ва турклашиш жараёнининг энг жадаллашган вақти бўлиб,
айнан шу асрларда икки азим дарё (Амударё ва Сирдарё) оралиғи ва унинг
теварак-атрофларида туркийзабон ўзбек халқининг асосий ўтроқ ўзаги
шаклланади. Кейинчалик бу халқ (этнос) ўзбек этник номини қабул қилган”.
Бу концептуал қараш Ўрта Осиё халқлари этногенезининг асосий илмий
тезисига айланиб, минтақа халқлари тарихига бағишланган фундаментал
асарларда ўз аксини топди.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқларининг келиб чиқиши муаммолари
ечимига назарий ва илмий методологик асос берган бу илмий ишланма
этнология фанида “миллий автохтонизм концепцияси” номини олди. Бу
янги назариянинг концептуал асосини Ўрта Осиёнинг ҳар бир халқи “ҳозирда
яшаб турган ҳудудлари билан азалдан боғлиқдир”. “Ҳозирги замон Ўрта
Do'stlaringiz bilan baham: |