Осиё халқларининг биронтаси ҳам қадимги этник гуруҳларга бевосита
бориб тақалмайди. Аксинча, уларнинг шаклланишида, ерли туб жойли
халқлар ва теварак-атрофдан кўчиб келган халқлар ҳар хил нисбатда ўз
аксини топган, деган ғоялар ташкил этади.
Маълумки, туркий тилда сўзлашувчи халқларнинг ҳар бирида ўзига
хослик, этномаданий ва антропологик ўзгачалик мавжудки, у белгилар айнан
ўша миллатнинг бошқалардан ажратиб туради. Шўролар даврида тарих фани
ва унинг археология, антропология ва этнография соҳаларида ўтказилган
тадқиқотлар айнан ана шу ўзига хосликни илмий ўрганишга, этногенетик
жараёнларнинг тарихий изчиллик ва холисона бирламчи манбалар асосида
объектив тахлил қилишга қаратилди. Бу концепция назария асосида “қизил
империя” таркибида миллий республикаларнинг ташкил топишига, миллий
тилларнинг таркиб топишига, ўзликни англаш ва ҳар бир халққа хос миллий
металитетни шаклланишига хизмат қилди. Шунингдек, бу концепция
“пантуркизм”, “паниранизм” “панисламизм”га қарши собиқ тузум
мафкурасининг кучли сиёсий ҳимоясида бўлди. Мавжуд илмий қарашлар
мажмуасида миллий автохтонизм ғояси ўзининг илмийлиги ва объективлиги
билан тарих фанида ўз ўрнини мустаҳкам эгаллади.
Ўрта Осиё халқларининг келиб чиқиши ҳақидаги миллий автохтонизм
концепцияси илмий-методологик жиҳатдан асосли бўлсада, аммо унинг айрим
назарий жиҳатлари жиддий таҳлил ва қўшимча илмий изланишларни талаб
қилади. Масалан, ўзбек халқининг туркий илдизини Ўрта Осиёда илк бор
пайдо бўлиши ҳамда туркийларни фақат кўчманчи халқ сифатида таърифлаш
масаласи, этносни шакллантирувчи омиллар орасида тилнинг алоҳида ўрни
масаласи, “халқ” атамаси билан “миллат” атамасига бўлган талаблар масаласи,
миллатга хос менталитетнинг шаклланиш даври масаласи, қадимги
халқларнинг табиий-географик шароитга, экологик вазиятга мослашиб
хўжалик юритиш анъаналари ҳисобга олинмаган. Натижада, фанда баъзи бир
англашилмовчиликлар пайдо бўлдики, бунга кўра, Ўрта Осиёнинг туркийгўй
қабилалари “келгинди”, “ўзбек халқи ва миллатининг шаклланишида
минтақанинг қадимий эронзабон халқлари қатнашмаган”, деган тасаввурлар
пайдо бўлди. Аслида шундаймиди? Йўқ, ундай эмас.
Мавжуд ёзма ва моддий маданият манбаларининг таҳлилига кўра, ўзбек
халқининг аждодлари Ўрта Осиёнинг икки азим дарёлари (Амударё ва
Сирдарё) оралиғида ва уларнинг теварак-атроф ҳудудларида азалдан яшаб
келган. Ўзбек халқининг илк аждодлари икки тил-туркий тиллар туркумидаги
қабила ва элатлар (тиек, ху, ди, хун, динлин, турк, қарлуқ, чигил, қипчоқ, ўғиз,
барлос, жалойир, қавчин, арлот ва бошқалар) ва шимолий-шарқий эроний
тиллар туркумидаги қабила ва элатлар (суғдийлар, хоразмийлар, боҳтарийлар,
Чоч ва Фраганиклар ҳамда сак-массагетлар) бўлган. Улар узоқ асрлар
давомида бир-бирларига яқин ёки айнан бир ҳудудда аралашиб, қўни-қўшни
ва қуда-анда бўлиб яшаганлар ва уларнинг этник қоришуви жараёнида ўзбек
халқи шаклланган.
Афсуски, ҳозиргача ўзбек халқи тарихи, маданий мероси, унинг келиб
чиқиши ҳақида битилган илмий мақолалар, рисолалар, фундаментал
монография ва асарларда асосий урғу, унинг туркий илдизи билан боғлиқ
ёзма манбаларга кўпроқ қаратиб келинди. Натижада, ўзбек халқининг туб
жойли ўтроқ суғдий, боҳтарий, хоразмий, чоч ва фраганик негизига беихтиёр
соя тушаётганлигига эътибор берилмай келинди. Ўзбек халқининг келиб
чиқиш тарихига бағишланган асарларда “халқ” билан “миллат” атамаларининг
фарқига борилмади ёки уларнинг ҳеч бирида миллат менталитети масаласи
махсус тадқиқот объекти бўлмади.
Қадимда ва илк ўрта асрларда ўтроқлашган турғун туркий қабила ва
элатлар фақат кўчманчи чорвадор сифатида таърифланиб, уларнинг Еттисув,
ўрта ва қуйи Сирдарё ҳавзалари ҳудудларида кенг кўламда урбанистик
жараёнларга тортилиши, ҳатто бронза давридан эътиборан уларнинг бир
қисми тоғ саноати ва металлургия билан махсус шуғулланиб, ўтроқ ҳаётга
мослашиб бориши унитиб келинди.
Маълумки, этнология фанида миллий автохтонизм концепциясига кўра,
ҳар бир халқнинг келиб чиқиш тарихи уч босқичдан иборат бўлади. Биринчи
босқичда қўшни, ҳудудий жиҳатдан яқин, турли тил ва лаҳжаларда
сўзлашувчи қабила ва элатларнинг иқтисодий ва маданий алоқалари асосида
этномаданий яқинлашиш, аралашиш ва этник қоришув, яъни этногенетик
жараёнлар кечади. Бу этногенетик жараён ҳар бир халқ тарихида жуда узоқ
давом этадиган объектив тарихий воқелик бўлиб, унинг якуни айнан олинган
халқнинг шаклланишига олиб келади, яъни этногенетик жараён якунида халқ
шаклланади.
Демак, халқ бу биологик ҳосила эмас, балки узоқ давом этадиган
этногенетик жараёнлар маҳсули ва этник бирликлар йиғиндисидир. Халқ
тарихининг этногенез босқичи, яъни биринчи босқич унинг элат, халқ бўлиб
шакллангунига қадар бўлган даврни ўз ичига олади. Этногенезнинг
бошланғич нуқтаси, унинг ибтидоси қабиладан бошланади. Агар биз Ўрта
Осиёнинг энг қадимги ўтроқ, туб жойли аҳолиси – ўзбек ва тожик халқлари
мисолида оладиган бўлсак, у ҳолда ўзбек ва тожик халқларининг этногенези
кишилик жамияти тарихий тараққиётининг ибтидоий жамоа тузими сўнгидан
(сўнги бронзадан) бошланиб, то ривожланган ўрта асрлар жамиятининг X-XI
асригача давом этади.
Этногенез якунида этносга хос барча этник белгилар, этник омиллар
бирин-кетин юз бериб, мужассамлашган бўлади. Этник омиллар ва
белгиларни эса ҳудудий бирлик, иқтисодий-хўжалик бирлиги, этномаданий
бирлик, антропологик тип бирлиги, этник ном, ўзликни онглаш, тил бирлиги
ва ниҳоят сиёсий уюшма (политическая консолидация) бирлиги ташкил этади.
Иккинчи босқич, бу элат-халқ тарихи, яъни қачонким, халқ этногенези
якунлангач, унинг шаклланган халқ тарихи бошланади. Ўзбекларнинг халқ
тарихи тўлалигича ривожланган ва сўнгги ўрта асрлар даврининг ижтимоий
маҳсулидир. Ўзбек элатининг маҳаллий туб жойли суғдий, боҳтарий,
хоразмий, сак-массагет, ўтроқлашган турғун туркий қабила ва элатлар асосида
уюшиши қарлуқ-қорахонийлар даврида жадаллашиб (IX-X асрлар), Ғарбий
Қорахонийлар давлати доирасида (XI-XII асрлар) узил-кесил шаклланади.
Шундан сўнг ўзбек элати-халқининг этник тарихи бошланади.
Ўзбекларнинг этник тарихи унинг этногенези каби узоқ давом этадиган
этномаданий жараён бўлиб, бу жараён то XIX асрнинг 70-80-йилларигача
давом этади.
Халқ тарихи ўз иқтисодий-хўжалик ва этномаданий ривожининг маълум
нуқтасига етгач, унинг миллат бўлиб шаклланиш жараёни бошланади, яъни
унинг учинчи-миллат тарихи босқичи бошланади. Бу нуқтанинг ижтимоий
ҳаётда намоён бўлиши жамиятда капиталистик ишлаб чиқариш
муносабатларининг бошланиши билан юз бера бошлайди. Шунинг учун
миллат капитализмнинг ижтимоий маҳсули ҳисобланади. Агар мана шу
методологик принципга асосланадиган бўлсак, ўзбек халқининг миллат
тарихи XIX аср охири - XX асрнинг бошларидан бошланган.
Миллатнинг шаклланиши халқнинг таркиб топиши каби узоқ давом
этадиган тарихий ва этномаданий жараён бўлиб, миллат этник тарихнинг энг
юксак юқори чўққиси, камолот босқичики, бу босқичга кўтарилган халқнинг
давлати миллат номи билан юритилади, у суверен давлат сифатида ўзининг
ички ва ташқи сиёсатини мустақил юритади, умум миллат тили давлат тили
мақомини олади, унинг давлат чегаралари қатъий, даҳлсиз бўлиб, жаҳон
ҳамжамияти томонидан тан олинади, миллатнинг ўзликни англаш даражаси
юксак, миллий ғурур, ватанга фидойилик, она замин ва халқига содиқлик
миллат фуқароларининг ҳаёт мазмунига, кундалик турмуш тарзига айланади,
миллатга хос миллий менталитет узил-кесил шаклланади, давлат жамият
томонидан бошқарилади, яъни давлат миллатнинг хоҳиш-иродасини
бажарувчи жонли механизмга айланади.
Миллатни тил, ҳудуд ва этномаданий жиҳатдан бирлаштирувчи омил
иқтисодий негиздир. Миллатнинг иқтисодий-хўжалик бирлиги асосида тил ва
ҳудуд ҳамда этномаданий бирликлар пайдо бўлади. Миллатнинг иқтисодий ва
сиёсий бирлашиши халқ жонли тилининг (лаҳжаларининг) яқинлашиши
асосида ягона миллий адабий тилнинг пайдо бўлишига олиб келади. Лаҳжалар
ўрнини миллий адабий тил эгаллайди. Унинг давлат тили мақоми даражасига
кўтарилиши эса миллат номи билан аталган давлатнинг мустақиллик
белгиларидан нишонадир.
Миллат мустақил давлат белгиси. Давлат пул бирлигининг жаҳон
бозоридаги мавқеи, унинг иқтисодий қудратидан нишонадир. Унинг
мустаҳкам замини давлат иқтисодий, сиёсий ва мафкуравий сиёсатининг
барқарорлигига боғлиқ. Фуқароларнинг ўзликни англаш даражаси истиқболли
иқтисодий сиёсат билан чамбарчас боғлиқдир. Бундан ўзбек миллати ва
давлати ҳам истисно эмас.
Агарда халқларни келиб чиқиши масаласига доир методологик
талаблардан келиб чиқадиган бўлсак, биринчидан, этногенез, этник тарих ва
миллат тарихининг ҳар бирини алоҳида олганда, уларнинг бошланғич ва
якуний нуқталари бор. Шунинг учун этногенез ва этник тарихни ўрганишда
тадқиқотчи биринчи навбатда ўрганаётган халқ этногенезининг қачондан
бошланганлигини аниқлаб олмоғи керак бўлади. Чунки, этнос фақат кишилик
тараққиётининг маълум бир босқичида пайдо бўлади. Этногенезнинг
бошланғич нуқтаси эса этноснинг қадим замонларда яшаган “аждодларига”
бориб тақалади.
Ўзбек халқининг қадимги аждодлари кимлар эди? Улар Мовароуннаҳр ва
қадимги Хоразмнинг туркий ва қадимги шарқий эроний тил лаҳжаларида
сўзлашувчи туб жойли ўтроқ ва чорвадор аҳолиси бўлиб, бу икки хил тилда
сўзлашувчи қабила ва элатларнинг биринчи бор бир-бирлари билан аралашиш
жараёни ўзбек этногенезининг бошланиши, дастлабки нуқтаси ҳисобланади.
Таниқли шарқ манбаларининг чуқур билиндони, проф. А.Ю. Якубовский
ана шу илмий принципдан келиб чиқиб, 1941 йилда Тошкентда чоп этилган
“Ўзбек халқининг юзага келиши ҳақида” номли асарида ўзбек этногенези Турк
хоқонлигидан бошланади, деган илмий ғояни ўртага ташлаган эди. Кейинроқ,
Ўзбекистон ҳудудларида кенг кўламда олиб борилган археологик,
антропологик ва этнографик материалларнинг ёзма манба маълумотлари
билан қиёсий ўрганиш асосида таниқли элшунос, археолог ва этнолог олим
С.П. Толстов томонидан ўзбек этногенезининг бошланғич нуқтаси антик
давргача қадимийлаштирилди. Шунингдек, у “Қанғ давлатининг таркибида ва
у эгаллаб турган минтақаларда ўзбек халқининг илк аждодлари яшаган,
буларнинг этник таркиби ва тили бир хилда бўлмаган”, деган ғояни кўтариб
чиқди.
Ҳозирги кунда бу сана янада қадимийлаштирилган, яъни ушбу сатрлар
муаллифи академик А.Асқаров томонидан ўзбек халқи этногенезининг
бошланғич нуқтаси сўнгги бронза даври билан белгиланмоқда. Бундай
қарашларнинг илмий асосида ўзбекларнинг ўқ томири, бош илдизи икки тилда
сўзлашувчи этник қатламларнинг (суғдий ва туркий) қоришув натижаси
эканлиги ва унинг дастлабки санаси, уларнинг илк бор қориша бошлаган
нуқтаси сўнгги бронза давридан бошланганлиги ҳисобга олинган.
Таъкидлаш жоизки, ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи ҳақидаги
бундай қарашларнинг пайдо бўлишида миллий автохтонизм назариясининг
методологик ишланмалари асос бўлган.
Расмий тарихда туркийгўй ўзбекларнинг этник асоси туркий ва шимолий-
шарқий эроний тилли суғдийлар, бохтарийлар, хоразмийлар, сак-массагет
қабилалари, Чоч ва қадимги Фарғона ўтроқ ва чорвадор аҳолиси эканлиги тан
олинса-да, собиқ СССР давлати парчаланиб, унинг харобаларида мустақил
миллий давлатлар пайдо бўлгач, ўзбек халқининг келиб чиқиши масаласида
панэронистик қарашлар яна жонланиб қолди. Ўзбек халқининг туркий
қатламига нисбатан “кўчманчи”, “келгинди” тамғаларини босиш яна авж олди.
Маълумки, кўчманчи қабила ва элатлар ҳеч қачон бир жойда муқим
яшамайди. Улар доим кўчиб юради. Чунки, уларнинг хўжалик асоси ва
турмуш тарзи шуни тақазо этади. Моддий маданият ва ёзма манбаларга кўра,
тарихан таркиб топган Буюк Турк чўли-Дашти Қипчоқ ҳудудлари ўз табиий-
географик шароитига кўра, кўчманчиларнинг азалий ватани бўлиб, у ерларда
яшаган ўғузлар, хунлар, усунлар, қарлуқ ва чигил, аргун ва тухси, калтатой ва
қангли, қирғиз ва уйғур, Олтой турклари ва уларнинг аждодлари ху, ди, рунг
ҳамда сак-скиф қабилалари ҳеч қачон бир жойда муқим яшамагани аниқ. Улар
нафақат бепоён Буюк Турк даштида, балки Ўрта Осиёнинг қадимги деҳқон
жамоалари томонидан ўзлаштирилмаган дарё ҳавзалари ва чўлларида ҳам ўз
чорва молларини боқиб, кўчиб юрган.
Аммо, уларнинг Ўрта Осиё ҳудудларига келиб ўрнашган камбағал
қисми ҳар сафар бу заминнинг иқлим-шароитига мослашиб, Ўрта Осиё воҳа
ва даштларида қолиб кетган ва муайян шароитга кўра, ўз касби-корларини
ўзгартириб, секин-аста ўтроқ ҳаётга, яъни деҳқончилик ва ҳунармандчилик
хўжалиги билан шуғулланишга ўта бошлаганлар. Бу жараённинг бир неча
асрлар давомида мунтазам давом этиши ва унинг узлуксиз такрорланиши
натижасида Ўрта Осиёнинг Амударёгача бўлган ҳудудларини бронза
давридан бошлаб туркийгўй қабилалар эгаллаб, уларни ҳам Турон заминнинг
туб жойли аҳолига айланиб кетишига олиб келган. Бу тарихий ҳақиқат.
Ўрта Осиё саклари (Авестода турлар) ўз навбатида Буюк Турк чўлининг
марказий ва шарқий Қозоғистон, Тоғли Олтой, Жанубий-Шарқий Ўрол орти
районлар, Енисей ва Орхон дарёлари ҳавзаларигача кириб борганлар, бу ҳақда
археологик материаллар далолат беради ва у жойларнинг ҳукмрон туркий тил
муҳити таъсирида уларни туркийлашганлигини фараз қилиш мумкин.
Демак, қадимги сак-скиф қабилаларига хос икки тиллилик жуда кенг
этномайдонда юз берган иқтисодий ва сиёсий ҳамда маданий жараёнлар
маҳсули эканлиги ҳақиқатга яқиндир. Ўзбекистон деб аталмиш она заминимиз
халқининг ҳар икки этник қатлами ҳам турк-суғдий этномайдонда жуда
қадим-қадим замонлардан бирга яшаб келган туб жойли аҳолидир. Унинг
этник таркибини ерли суғдий, хоразмий, боҳтарий, Чоч ва Фрағаналик
аждодларимиз ва туркийгўй бобокалонларимиз ташкил этган, ана шу икки
тилли этник қатламларнинг узоқ асрлар давомида бир-бирлари билан
аралашиб-қоришиб кетиши натижасида, тагли-тугли ўтроқ туркийгўй ўзбек
халқи таркиб топган.
Do'stlaringiz bilan baham: |