10.4. Девелопментнинг самарадорлиги
Девелопмент лойиҳасининг самарадорлиги турли нуқтаи назарлардан баҳоланиши мумкин:
девелопер ва инвестор нуқтаи назаридан (тижорат самарадорлиги);
иқтисодий ривожланишга таъсир нақтаи назаридан (иқтисодий, халқ хўжалиги самарадорлиги);
бюджет манфаатлари нуқтаи назаридан (бюджет самарадорлиги);
ҳаёт фаолияти шартларига таъсир нуқтаи назаридан (ижтимоий самарадорлик).
Девелопмент лойиҳаларининг тижорат самарадорлиги ҳаражатлар ва натижаларнинг ўзаро нисбати, лойиҳанинг талаб этилувчи даромадлилигининг меъёрини таъминлаш билан аниқланади. Тижорат самарадорлигини баҳолаш – лойиҳани таҳлил қилишнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Девелопментнинг иқтисодий самарадорлиги иқтисодий жараёнларга бўлган кўчмас мулк ривожланишининг ижобий таъсирида намоён бўлади ва у қиймат кўринишида ифодаланиши мумкин. Иқтисодиётга девелопментнинг шартли позитив таъсирини икки нуқтаи назардан қараш мумкин: ҳудудий ва тармоқ.
Девелопментнинг таъсирига ҳудудий нуқтаи назардан қараганда, кўчмас мулкнинг ривожланиши фақатгина объектлар сифатининг ўзгаришига эмас, балки уларнинг атроф-муҳитини ҳам ўзгаришига олиб келади. Бунда кўчмас мулкнинг ривожланиши мумкин бўлган вариантлардан энг яхшиси бўлиши керак. Фақатгина шу ҳолда девелопментнинг ҳудудлар ривожланишига бўлган ижобий таъсири максимал даражада бўлади ва уларнинг аҳамиятини имкон қадар ошишига ёрдам беради.
Девелопментнинг атроф-муҳитга таъсири ҳам локал (микро даражада), ҳам регионал, ҳаттоки, миллий (йирик масштабли лойиҳаларда) аҳамиятга ҳам эга бўлади.
Девелопментнинг ҳудудлар ривожланишининг сифатига бўлган ижобий таъсирини максималлаштириш ҳудудларни ўзлаштириш масаласи юзасидан алоҳида кўчмас мулк объектлари ривожланишини бошқа объектлар билан комплекс равишда қарайдиган ташкилий-иқтисодий шаклларни қўллаган ҳолда ёндашган ҳолда эришилади. Бундай шаклларга мисол сифатида ҳудудларни ривожлантириш агентликларини келтириш мумкин. Ҳудудларни ривожлантириш агентликлари (ҲРА) кўчмас мулк объектларидан энг самарали фойдаланиш мақсадида турли хил қўлланиш соҳасидаги кўчмас мулк объектларининг ҳудудларида жойлашган мажмуаларнинг ва мулк шаклларининг ўзаро боғлиқ бўлган ривожланишини таъминлашга қаратилган. Самарадорлик кўчмас мулк жойлашган ҳудуд бозор қийматининг ва даромадлилигининг ошиши, давлат бюджетига солиқ ва солиқсиз тўловлардан тушадиган тушумнинг ўсиши, ва асосийси, ҳудуд ва шаҳар (янги иш жойларининг пайдо бўлиши, ижтимоий инфратузилма объектларининг ривожланиши, ҳудудни ободонлаштириш ва ҳ.к.) аҳолиси фаровонлигининг яхшиланиши билан белгиланади.
Девелопментнинг иқтисодиётга бўлган таъсирига тармоқ (макроиқтисодий) нуқтаи назардан қараш кўчмас мулк соҳасидаги юқори фаоллик таъсири билан белгиланади. Кўчмас мулкка киритиладиган инвестициялар иқтисодиётнинг турли тармоқлари (қурилиш материалларини ишлаб чиқаришда, уй-жой коммунал хўжалигида, истеъмол товарларини ишлаб чиқаришда ва ҳ.к.)даги фаолликнинг ўсиши ва охир-оқибатда ялпи маҳсулот ва мамлакатдаги иш билан бандлик ўсишининг таъминланишига олиб келади.
Девелопментнинг бюджет самарадорлиги ўзини иккита асосий аспект, яъни тўғри ва эгри томондан намоён қилади. Кўчмас мулкни ривожлантириш лойиҳаларининг тўғри бюджет таъсири девелопмент лойиҳаларини реализация қилиш жараёнида бевосита юзага келадиган тўловлар ва солиқларда ўз ифодасини топади. Бундай бюджет даромадларига қуриш ҳуқуқи учун тўловлар, ер участкалари ижара тўловлари, қурувчи ва инвесторларнинг даромад солиғи, лойиҳани реализация қилиш жараёнида қатнашган ишчиларнинг иш ҳақидан солиқлар киради.
Эгри бюджет таъсири – бу яратилган кўчмас мулк объектининг амал қилиш жараёнида бюджетга тушадиган даромадлар (ёки бюджет иқтисоди) бўлиб, уларга корхона даромадларидан солиқлар, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва ҳ.к., шунингдек, аҳоли бандлигининг ўсиши, уларнинг даромадлари ўсиши ва ҳ.к.лар билан боғлиқ иқтисодлар киради.
Девелопментнинг ижтимоий самарадорлиги кўчмас мулк фонидаги ўзгаришлар таъсири остида яшаш муҳити ва фаолияти, даромадлари, аҳоли ҳаёт сифатининг яхшиланиши кабиларда намоён бўлади.
Бизнес ва аҳолининг маълум эҳтиёжларини қондирадиган кўчмас мулк объектининг яратилиши ва моддийлик, узоқ муддатлилик, юқори капиталталаблилик каби тавсифлари бўйича бир қатор такрор ишлаб чиқариш босқичларида қатнашиш девелопментнинг натижаси бўлиб ҳисобланади.
Девелопмент лойиҳаларининг иқтисодий ва ижтимоий жараёнларига бўлган ижобий таъсири билан бир қаторда бу лойиҳаларни реализация қилиш негатив ташқи таъсирлар билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Улар вақтинчалик (қурилиш ишларини олиб бориш билан боғлиқ қулайсизликлар) ёки доимий (қурилишларнинг ҳаддан ташқари зич бўлгани сабабли яшаш муҳити сифатининг пасайиши, экологиянинг ёмонлашуви ва ҳ.к.) бўлиши мумкин. Бу негатив таъсирларни минималлаштириш девелопментнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Девелопментнинг ташқи негатив таъсирларни минималлаштириш бўйича назорат воситалари сифатида, биринчи навбатда, шаҳар ҳудудларини зоналаштиришдан, шунингдек, жамоат фикри, лойиҳаларнинг оммавий тақдимоти, давлат стандартларининг жорий этилиши ва ҳ.к.лардан фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |