Учинчидан, Ўзбекистонда инқироз даврида ёрдамга муҳтож аҳоли қатламига (коронавирус пандемияси туфайли ишлай олмаётган оилалар, чет элга қайтиб кета олмаган мигрант ишчилар, ёлғиз яшовчи қариялар) эътибор қаратиш орқали уларнинг турмуш фаровонлигини сақлаб қолиш асосий мақсад қилиб қўйилди, ижтимоий нафақа ва моддий ёрдамлар ажратилиши оширишга қаратилган чоралар кўрилди.
Жумладан, оилаларнинг ижтимоий нафақа олишга муҳтожлигини баҳолаш тартиб-таомиллари соддалаштирилди.
2020 йилнинг март ойида нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 10 фоизга оширилиши сабабли уларнинг сони 596 мингтадан 655 мингтага ошди.
Кейинчалик, нафақалар ва моддий ёрдам тайинланиши автоматик тарзда узайтирилиши, адресатлардан тегишли аризалар янгидан берилиши талаб этилмаслиги белгиланганлиги натижасида, нафақа олувчилар сони 719 мингтагача оширилди;
Шу йилнинг май ойида эълон қилинган аҳолини давлат томонидан қўллаб – қувватлаш бўйича навбатдаги чораларга кўра, қўшимча 220 млрд.сўм миқдоридаги маблағлар ажратилиши ҳисобига нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони қўшимча яна 10 фоизга оширилди.
Тўртинчидан, республикадаги пенсионерларни, ёлғиз ва ёлғиз яшовчи шахсларни ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш чоралари амалга оширилди. Жумладан, пенсионерлар 2020 йилнинг май ойида 2 ойлик пенсияни бир вақтда олиши имконияти яратилди. Ёлғиз қариялар ва ногиронлар карантин даврида бир марталик ниқоблар, антисептик ва бактерияга қарши воситаларни бепул олиши белгиланди.
Бешинчидан, энг муҳим ва ибратли ташаббуслардан бири бу – Ўзбекистон Республикаси Президенти ғояси билан карантин вақтида эҳтиёжмандлар, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз фуқароларга пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида «Саховат ва кўмак» жамғармаси ташкил этилди.
Жамғарма ва ҳудудий бўлинмалари ҳукумат фармойишига асосан Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва унинг ҳудудлардаги бўлинмалари ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда очилди ва тегишли банкларда махсус ҳисобрақамлари очилди.
Бу борада, Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари ва маҳалла институтини кенг жалб қилиш амалиёти самарали ташкил этилганини таъкидлаш жоиз. Бунда нафақат давлат идоралари, балки кўп сонли кўнгиллилар, ҳомийлар ва тадбиркорлик субъектларининг биргаликдаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи марказ ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди. Тошкент шаҳрида ва ҳудудларда озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни қабул қилиш ва сақлаш учун махсус павильонларда ёрдам олишнинг аниқ тизими ишга туширилди.
2020 йилнинг 10 июнь ҳолатига “Маҳалла” фондининг “Саховат ва кўмак” жамғармаси махсус ҳисоб рақамига республика бўйича жами 194,6 млрд. сўм (15,2 млн. фунт) хайрия маблағлари келиб тушди.
Бундан ташқари, «Маҳалла» хайрия жамоат фондига, «Саховат ва кўмак» фондига, «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмаларига, шунингдек, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахсларга беғараз берилувчи пул маблағлари ва товарлар (хизматлар) даромад солиғи базасидан чиқарилди, шу билан бирга товарлар (хизматлар) ҚҚС ва айланма солиққа тортишдан (1 октябрга қадар муддатга) озод қилинди.
Бунда, масалан, ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини хайрия сифатида берса, ушбу тадбиркор мазкур маҳсулоти учун солиқ тўламайди.
Шунингдек, беғараз ёрдам олаётган жисмоний шахслар ҳам шахсий даромад солиғидан озод қилиндилар. Мазкур имтиёзлар орқали бераётган томон ҳам, олаётган томон ҳам барча солиқлардан озод қилинмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |