3. Динлар тарихи Шарқ илмларининг узвий бўлаги сифатида.
Шарқда дунё динларини ўрганиш қадимдан мавжуд бўлиб келган. Динлар ҳақида аввало диний манбаларнинг ўзи хабар беради. Бундан ташқари Шарқ алломалари ўз асарларида диннинг моҳияти, ривожланиш тенденциялари, таснифланиш тамойиллари ҳақида батафсил ёзиб қолдирганлар.
М асалан, IX-X асрларда яшаб мотуридия таълимотига асос солган олим Абу Мансур Мотуридий ўзининг “Китоб ат-таҳид” асарида исломдаги мазҳаблар, фирқалар ва йўналишлар ҳақида маълумот бериш билан бирга дунё динлари ақидалари ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтади. Жумладан, жаҳон динларидан буддавийлик, христианлик ва улар доирасида шаклланган асосий йўналишлар, уларнинг диний-фалсафий таълимотлари сўз юритади. Қайси таълимот қандай ғоялар асосида келиб чиққанини таҳлил этади.
Ш унингдек, X-XI асрларда яшаб ижод этган олим Абу Райҳон беруний (973-1048) ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Ҳиндистон” асарларида дунёда мавжуд динлар ҳақида ўз даври манбалари асосида сўз юритади. Ўрта асрларнинг буюк қомусий олимларидан бўлган Берунийнинг буюклиги ҳам ўз даврининг деярли барча фанларига қўшган бетакрор илмий меросида намоён бўлади. Унинг юксак илмий салоҳиятига машҳур шарқшунос олим академик И.Ю.Крачковский (1883-1951) “унинг қизиққан илм соҳаларидан кўра қизиқмаган соҳаларини санаб ўтиш осондир”, деб баҳо берган эди. Ғарб тадқиқотчиларидан М.Мейерхофф эса “Беруний мусулмон фанини намойиш этувчи қомусий олимларнинг энг машҳури бўлиши керак” деган фикрни билдиради.
Беруний замонасининг машҳур олими Абу Наср Мансур ибн Ироқ (960-1036), Абу Али Ибн Сино (980-1036), Абу Саҳл Масиҳий (X-XI асрлар) каби турли фан соҳалари ҳамда дин вакиллари билан илмий ҳамкорлик қилди, таҳсил олди. Беруний дунё динларини уларнинг бирламчи манбалари асосида ўрганади ва таҳлил этади.
Шарқда дунё динларини бирламчи манбалар ва диний таълимотлар асосида ўрганган яна бир олим Тожиддин Абулфатҳ Муҳаммад ибн Абдулкарим Шаҳристоний (1075-1153) бўлиб, у ўзининг “Китаб ал-милал ва-н-ниҳал” (“Динлар ва мазҳаблар китоби”) асарида динлар тарихи, таълимоти, асосий намояндалари ҳақида асл манбалар асосида хулосаларини беради. Унинг динлар ва мазҳаблар тарихи ва таълимотларини ўрганишга бағишланган мазкур доксографик асари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган.
Шарқда ўрта асрларда дунё динларини ўрганиш, улар учун умумий ва хусусий бўлган жиҳатларни аниқлаш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |