1.7. ДАВЛАТ ВА ҲУҚУҚ НАЗАРИЯСИ ФАНИНИНГ БЎЛҒУСИ
ҲУҚУҚШУНОСЛАРНИ ТАЙЁРЛАШДАГИ АҲАМИЯТИ
Давлат ва ҳуқуқ назарияси фанини ўқитишдан мақсад талабаларда давлат ва ҳуқуқнинг вужудга келиши, ривожланиши, ҳаракатда бўлиши (фаолият кўрсатиши) ва истиқболи тўғрисидаги энг умумий қонуниятлар юзасидан тушунчаларни шакллантиришдир.
Давлат ва ҳуқуқ назарияси фанининг вазифалари талабаларда давлат ва ҳуқуқнинг вужудга келиши, ривожланиши билан боғлиқ умумназарий билимларни шакллантиришдан, ижтимоий муаммоларни шахс ва жамият манфаатларидан келиб чиққан ҳолда давлат-ҳуқуқий нуқтаи назардан туриб ҳал этиш уқувини вужудга келтиришдан иборат.
Олий юридик маълумот бериш концепцияси давлатнинг ҳуқуқий ҳаётида ижодий фаол қатнаша оладиган, юқори малака ва чуқур билимга ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни шарҳлаш ва қўллаш қобилиятига эга бўлган мутахассисларни тайёрлашга қаратилган.
Бу ерда тор доирадаги билим ўринли бўлмайди, бу нафақат юристнинг интеллектуал қобилиятини сусайтирибгина қолмасдан, балки унинг профессионал фаолияти характерига ҳам тўғри келмайди.
Судья, прокурор, терговчи, адвокат ва бошқа мутахассислардан турли хил юридик ишларни бажаришларида қонунларни ва уларни қўллаш тартибларини яхши билишлари талаб қилинади. Шу билан бирга, бўлажак ҳуқуқшунослар учун ҳуқуқ ва қонун ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида устун эканлигини, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси доимо юқори даражада бўлиши лозимлигини ҳам тўла англашда мазкур фан муҳим аҳамият касб этади.
1.8. ЖАМИЯТ ҲАЁТИНИ ДЕМОКРАТИК ЯНГИЛАШДА
ДАВЛАТ ВА ҲУҚУҚ НАЗАРИЯСИ ФАНИНИНГ РОЛИ
Мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча жабҳаларини ислоҳ қилиш жараёнида янги замонавий ғоялар, янгича ёндашувлар шаклланмоқда. Бу ҳол давлат ва ҳуқуқ назариясининг қатор масалаларига янгича назар ташлаш фурсати келганлигини кўрсатади.
Айниқса, мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ҳуқуқий ислоҳотлар, ўзгаришлар, ёндашувлар давлат ва ҳуқуқ тушунчалари, моҳияти, вазифасини янгича талқин қилишни тақозо этмоқда.
Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев хақли равишда таъкидлаб ўтганидек, “Биз мамлакат ҳаётига доир ҳар бир қарорни халқимиз билан маслаҳатлашиб, бевосита мулоқот асосида қабул қилмоқдамиз. “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя бу борада фаолиятимиз мезонига айланмоқда”.
Шу жиҳатдан олганда, мамлакатимизда давлатчиликнинг ҳуқуқий асосларини ривожланиб бориши, ҳуқуқий маданият, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, ҳуқуқий таълим, шу жумладан юридик таълим ҳам ривож топиб бориши билан давлат ва ҳуқуқ назариясининг ҳамда бошқа юридик фанларнинг ижтимоий фанлар тизимидаги аҳамияти ортиб боради. Бу ижтимоий тараққиётнинг муҳим талабидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |