1.6. Бухгалтерия ҳисобининг ҳисобварақлар режаси, унинг мазмуни ва моҳияти
Республикамизда банк тизимининг узлуксиз ривожланиши бозор муносабатлари шароитидаги объектив зарурият бўлиб, бу ўз навбатида, банклар фаолиятини узлуксиз назорат қилишни ва уларни самарали бошқариш учун зарур маълумотлар базасини вужудга келтирувчи бухгалтерия ҳисобининг услубий асосларини такомиллаштириб боришни талаб этади.
Банкларда бухгалтерия ҳисоби тизимини такомиллаштириш кўп жиҳатдан унинг услубий асослари ҳисобланган, бухгалтерия ҳисобининг ҳисобварақлар режасининг тузилишига боғлиқдир. Ушбу ҳисобварақлар режаси банкларда амалга ошириладиган барча банк операцияларни халқаро стандартлар асосида амалга ошириш имкониятини беради. Унгача банкларда қўлланадиган ҳисобварақлар режаси марказлашган режали иқтисодиётнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, унинг ишлаш тамойилига қуйидагиларни:
- кредит ресурсларини марказлашган ҳолда ҳудудий ва тармоқлар бўйича йиғиш ва тақсимлаш;
- кредит ресурсларини халқ хўжалиги режаларининг бажарилишига хизмат қилишини назорат қилувчи маълумотлар билан таъминлаш;
- давлат маблағларининг харакатини ва сарфланишини пастдан юқорига ва юқоридан пастга ҳисобварақлар режаси ёрдамида кучли назорат остига олиш учун асос қилиб олган эди.
Албатта, ҳисобнинг бундай тизими мазмун ва мохият жиҳатидан бутунлай бошқача бўлган бозор иқтисодиётига ўтиш даври талабига тўлиқ жавоб бера олмай қолган эди. Шу боисдан, банк тизимини ислоҳ қилишда дастлаб ҳисобварақларнинг ишлаб чиқилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Амалдаги ҳисобварақлар режасини ишлаб чиқишда уларнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ва улар қуйдагилардан иборат:
-амалдаги ҳисобварақлар режаси бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартларига мос келиб, даромадлар ва харажатлар ҳисобот ойининг ўзида акс эттирилади. Эски ҳисобварақлар режасида даромадлар келиб тушганда, харажатлар эса тўланганда бухгалтерия ҳисобида акс эттирилар эди;
-амалдаги ҳисобварақлар режасида активлар мавжудлик тамойили бўйича жойлаштирилган бўлиб, бу актив моддаларини оператив равишда бошқариш имкониятини беради. Пассивлар эса муддати бўйича жойлаштирилган бўлиб, мижозлар олдидаги мажбуриятларини бажарилишини назорат қилиш имкониятини беради;
- амалдаги ҳисобварақлар режасида активлар ва мажбуриятларнинг реал баҳолаш имконияти мавжуд бўлиб, бундан келиб чиққан ҳолда, активларнинг таваккалчилик даражаси бўйича ёқотишлар учун заҳиралар тузиш имкониятини беради;
- амалдаги ҳисобварақлар режасида қимматли қоғозлар икки гуруҳга бўлинган бўлиб, биринчи гуруҳ олди-сотди қилишга, иккинчи гуруҳ эса инвестицияга ёналтирилиши режалаштирилган;
-банкнинг ўз капитали таркиби мустақил бўлимларга бўлинган бўлиб, у эълон килинган, чиқарилган қимматли қоғозлар, шунингдек, оддий ва имтиёзли акциялар тўғрисида тўла маълумот беради;
-фойда ва зарарлар (даромад ва харажатлар) банкнинг ички ҳисобварағи бўлиб, улар ҳам мустақил бўлимларга бўлинган.
Республика ҳукумати томонидан банкларда бухгалтерия ҳисобини ислоҳ қилиш борасида амалга оширган ишлар ўзининг ижобий натижасини берди. Ҳозирги кунда Республика банкларнинг бухгалтерия ҳисоби тизими жаҳондаги ривожланган мамлакатларнинг банк тизимига анча яқинлаштирилди ва халқаро банклар билан ҳисоб-китобларни амалга оширилмоқда.
Ҳар бир банк ўз бухгалтерия ҳисобини барча банклар учун бир хил бўлган ҳисобварақлар режаси асосида олиб боради. 1997 йил апрелига қадар республикадаги барча банклар собиқ иттифоқ даврида тузилган ягона ҳисобварақлар режаси асосида иш юритарди. Лекин иқтисодиётимизни янги бозор муносабатлари асосида ташкил этилганлиги, иқтисодиётни изга солиб, уни назорат қилиш учун бухгалтерия ҳисобини халқаро миқиёсда қабул қилинган яхлит тизимга мослаштириб олиб боришни талаб этди. Шу сабабли, республика банклари бухгалтерия ҳисобини янги ҳисобварақлар тизими асосида ташкил этишга киришдилар.
Шу мақсадда 1995 йил Артур Андерсен аудиторлик фирмаси билан шартнома тузилган эди. Шартномада Ўзбекистон Республикаси Банкларда бухгалтерия ҳисобини ислоҳ қилиш кўзда тутилган эди. Фирма республика Марказий банки билан биргаликда банкнинг янги ҳисобварақлар режасини ишлаб чиқди. 1996 йил 13 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг 289 сонли қарори билан “Республика Марказий банкнинг ҳисобварақлар режаси”, 290 сонли қарори билан эса “Банкларнинг ҳисобварақлар режаси” тасдиқланди. 1997 йил 1 апрелдан барча банклар бухгалтерия ҳисоби янги ҳисобварақлар режаси асосида олиб борила бошланди. Банкларнинг янги ҳисобварақлар режасига ўтиши нималар билан белгиланади? Умуман, Ўзбекистоннинг халқаро меҳнат тақсимотига қўйилганлиги, жаҳон бозор муносабатлари тизимига ўтганлиги банклар учун янги ҳисобварақлар режасига ўтиш заруриятини келтириб чиқарди. Уларга,
-биринчидан, республикада икки поғоонали банк тизимининг барпо этилиши;
-иккинчидан, давлат мулки ягона бўлмаган ҳолда турли мулкчлик шаклларининг пайдо бўлиш;
-учинчидан чет эл инвестицияларнинг жалб қилиниш;
-тўртинчидан, чет эл корхона ва ташкилотлари билан шерикчилик муносабатларининг ўрнатилиши;
-бешинчидан, ҳисоботларни жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган даражада тузилишни таъминлаш зарурлиги ва ҳокозо.
Амалдаги ҳисобварақлар режаси аввалгисидан фарқ қилади. Эски ҳисобварақлар режаси 2 қисмдан иборат бўлиб, бири баланс ичидаги ҳисобварақларни, иккинчи қисми балансдан ташқари ҳисобварақларни ўз ичига олар эди. Баланс ичидаги ҳисобварақлар мазмунан гуруҳлаш принтсипи асосида тузилган бўлиб 24 бўлимдан иборат. Ҳар бир бўлимда актив, пассив ва аралаш характердаги актив пассив ҳисобварақлар жойлашган, ҳамда улар бўйича операциялар икки ёқлама ёзув асосида олиб борилар, балансдан ташқари ҳисобварақлар эса 8 бўлимга гуруҳланиб, бу ҳисобварақлар бўйича ёзувлар бир томонлама, яъни, кирим ёки чиқим кўринишда юритилар эди.
Бунда, Марказий банк ва тижорат банклар бухгалтерия ҳисобини ягона ҳисобварақлар режаси асосида юритар эди. Ҳар бир ҳисобварақа рақам ва номи ёнига қайси банкда ишлатилиши ҳақида белги қўйилган эди. Янги ҳисобварақлар режаси ҳам мазмунан, ҳам тузилиш жиҳатидан эскисидан фарқланиб, Марказий банк учун алоҳида, тижорат банклари учун алоҳида ишлаб чиқилди. Бунда ҳар икки банк фаолиятининг хусусиятлари ҳисобга олинган. Масалан, Марказий банк эмиссия маркази бўлиб, ҳисоблангани учун кассадаги пуллар банкнота ва тангаларга бўлинган ҳолда кўрсатилади. Тижорат банклари кассаларидаги пулларни бундай бўлиш учун алоҳида ҳисобварақлар очилмайди. Бундан ташқари Марказий банк барча тижорат банклари ўртасидаги банклараро ҳисоб-китобларни ташкил этади. Шу сабабли бундай ҳисоб-китоблар ҳисобини юритиш учун олинадиган банклараро ҳисоб-китоблар бўйича транзит ҳисобварақлар ва тўланадиган банклараро ҳисоб-китоблар бўйича транзит ҳисобварақлар очилган. Бундай ҳисобварақлар тижорат банкларнинг ҳисобварақлар режасига киритилмаган.
Тижорат банклари турли мулкчлик шаклидаги хўжалик юритувчи субъектларга хизмат кўрсатади, шунга асосан, уларда алоҳида ҳисобварақлар очилади. Марказий банкда эса, фақат ҳукумат ва назорат органларига хизмат кўрсатади. Ҳисобварақлар режаси 6 бўлимдан иборат бўлиб, улардан 5 таси баланс ичидан ҳисобварақлардан ва олтинчи бўлим эса балансдан ташқари ҳисобварақлардан ташкил топган. Янги режанинг яна бир характерли хусусиятлари шундан иборатки, бундаги балансдан ташқари ҳисобварақлар ҳам баланс ичидаги ҳисобварақлар каби икки ёқлама ёзув асосида олиб борилади. Ҳар бир бўлим асосий ва ёрдамчи ҳисобварақларни (субсчет) ўз ичига мужассамланган. Хулоса қилиб айтганда, банк активлари, пассивлари, капитали, даромадлари ва харажатлари бўйича ҳисобварақлар алоҳида бўлимларга киритилган, яъни,
1- бўлим 10000 - Активлар,
2- бўлим 20000 - Пассивлар,
3- бўлим 30000 - Капитал,
4- бўлим 40000 - Даромадлар,
5- бўлим 50000 - Харажатлар,
6- бўлим 90000 -Кўзда тутилмаган ҳолат бўйича (балансдан ташқари) ҳисобварақлар.
Амалдаги ҳисобварақлар режаси бош бухгалтерия китобидаги ҳисобварақлар тизимини ифодалайди. Улар молиявий операцияларни гуруҳлаштириш, икки ёқлама ёзувни амалга ошириш, ҳисоботларни тузиш ва таҳлил қилиш учун ишлаб чиқилган бўлиб, бунда қуйидагилар: биринчидан, барча ҳисобварақларнинг асосий ва ёрдамчи китобларда жойлашувини осонлаштириш; иккинчидан, ҳисобварақларни гуруҳлаш ва туркумлаш; учинчидан, ҳисоб ишларини компютерлаштириш; тўртинчидан, операциялар бўйича ёзувларни бажаришни тезлаштиришни таъминлаш мумкинлиги ҳисобга олинган. Ҳисобварақлар режасидаги ҳисобварақлар Бош дафтар учун бешта раҳамдан иборат қилиб кодлаштирилган ва уларнинг рақамланиши қуйидаги кўринишга эга.
С ММ СС Бунда, С - счетлар категориясини билдиради, яъни 1 - активлар, 2 - пассивлар, 3 - капитал, 4 - даромадлар, 5 - харажатлар, 9 - кўзда тутилмаган ҳолатларни ифодалайди. М - юқорида санаб ўтилган категориялардан бирига қарашли асосий счет, яъни, 01 - банк активларидан бири бўлган нақд пулларни билдиради. СС - асосий ҳисобварақларга қарашли бўлган субсчет ҳисобланади. Масалан, 10000 - активларни, 10100 – “Активга қарашли нақд пулларни” билдирувчи асосий ҳисобварақ, 10101- “Амалиёт (операцион) кассадаги нақд пуллар”ни англатади. Демак, 1 - активлар, 01 - нақд пуллар, 01 - кассадаги нақд пуллар бўйича маълумот беради. Бошқа барча категорияга қарашли ҳисобварақлар ҳам худди шундай тартиб рақамланади. Масалан: 10100 - “Нақд пуллар ва бошқа касса хужжатлари” деб номланади ва қуйидаги шахсийварақларни ўз ичига олади: 10101- “Амалиёт (операцион) кассадаги нақд пуллар”, 10105 – “Чеклар ва бошқа касса ҳужжатлари”, 10109 – “Йўлдаги пуллар” бўйича маълумот беради.
Худди шундай мисолни “Пассивлар” категорияси бўйича банк пассивлари талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит» ҳисобварақларидан бошланади:яъни, 20200- «Талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит» ҳисобварақлари, бунда, 2 - пассивлар категориясини, 02 эса шу пассивларга тегишли асосий ҳисобварақни билдиради. Корхона ва ташкилотлар ўзларининг ортиқча пул маблағларини жамғармали (20400) ёки муддатли (20600) депозитларда сақлашлари мумкин. Бу асосий ҳисобварақлар ҳам талаб қилиб олинадиган депозитлар ҳисобварақлари каби рақамланиб, ўз ичига юқорида кўрсатилгани каби 6та қўшимча ҳисобварақларни олади. Ҳисобварақалар режасининг қолган бўлимлари ҳам худди шундай тартибда рақамланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |