2-маъруза машғулоти 1.Мол етказиб берувчи ва пудратчилар билан ҳисоб-китобларни текшириш. Аудиторлик текшируви ўтказишдан асосий мақсад – мол етказиб берувчи ва пудратчилар ҳамда корхона ўртасида корхона харид қилган товарлар ва хизматлар бўйича операциялар бухгалтерия ҳисобида БҲМСга мос ҳисобга олинганлигини ва молиявий ҳисоботларида тўғри акс эттирилганини текширишдан иборат.
Аудит текширувини юқори сифатли ўтказиш мақсадида аудит таваккалчилигини белгилаш ва мол етказиб берувчи / пудратчилар билан ҳисоб-китоблар аудитининг дастурини тайёрлаш учун аудитор ушбу ҳисоб бўлимига нисбатан ички назорат тизими мавжудлигини текшириши ва ушбу тизимни сифат нуқтаи назаридан баҳолаши лозим. Бунинг учун аудитор томонидан қуйидаги вазифалар амалга оширилади:
Мол етказиб берувчи / пудратчилар билан ҳисоб-китоб опреацияларига нисбатан мавжуд ички назорат тизими билан танишиш. Ҳисоб-китоблар аудитининг умумий режаси ва дастурини тайёрлаш учун, 3-сонли "Аудитни режалаштириш" Аудиторлик фаолияти миллий стандарти (АФМС)нинг 19-бандига мувофиқ, аудиторлик ташкилоти мижознинг ички назорат тизими самарадорлигини баҳолайди. Агар ички назорат тизими ишончсиз бўлган маълумотлар вужудга келиши тўғрисида далолат берса ёки ишончсиз маълумот мавжудлигини аниқласа, у самарали деб ҳисобланади.Бу мақсадда аудитор саволнома тўлдиради.
Қўшимча назорат тестларини қўллаш. Бу вазифани амалга ошириш орқали аудитор мижоз корхона ички назорат тизими амалда талаб даражасида ишлаётганига ишонч ҳосил қилишдан иборат. Бу мақсадда мол етказиб берувчи ва пудратчилар билан амалга оширилган бир неча операциялар танлаб олинади ва таҳлил қилинади.
Назорат таваккалчилиги (риски)ни қайта баҳолаш ва асословчи тестларни ишлаб чиқиш. Юқоридаги вазифани ўз ниҳоясига етказгач аудитор ички назорат тизимига нисбатан назорат таваккалчилиги (риски)ни аниқлайди ва молиявий ҳисоботларга нисбатан ўтказилиши лозим бўлган аудит текширувининг кўламини белгилайди. Белгиланган кўламга мос равишда молиявий ҳисобот элементларига нисбатан асословчи тестларни ишлаб чиқилади.
Мол етказиб берувчилар ва пудратчилар билан ҳисоб-китобларни текширишда аудитор, авваламбор, товар-моддий бойликлар (ТМБ) сотиб олиниши учун асос бўлган дастлабки ҳужжатлар мавжудлиги ва тўғри расмийлаштирилганлигини аниқлайди. Масалан, мол етказиб бериш, ишларни бажариш, хизматларни амалга ошириш бўйича тузилган шартномалар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси талабларига мувофиқ амалга оширилганлиги текширилади. Сўнгра мол етказиб берувчилар ўз мажбуриятларини тўлиқ ва ўз вақтида бажарганликлари, мол етказиб берувчиларга ёки улар корхона олдида қарзи вужудга келган санаси текширилади. Субъектлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси талабларига тўлиқ ҳажмда ва белгиланган муддатларига атайин риоя этмаган ҳолда амалга оширган келишувлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Бундан кейин аудитор ва унинг ёрдамчилари 6-сонли журнал-ордер, 6010-сонли “Мол етказиб берувчи ва пудратчиларга тўланадиган счетлар” счет машинограммалари ва ҳисоб ҳужжатлари кўрсаткичлари бўйича бевосита ҳар бир мол етказиб берувчи билан (ёки танлаб олиб) амалга оширилган ҳисоб-китоб операцияларини текширадилар. Амалга оширилган операция санаси ва тавсифи, олинган ТМБ бўйича нарх-наволар тўғри қўлланилганлиги ва улар тўлиқ кирим қилинганлиги, мол етказиб берувчиларнинг счет-фактураларида ҚҚС асосли равишда кўрсатилганлиги аниқланади.
Аудитор олинаётган ТМБ, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар сифати ва миқдори бўйича даъволар ўз вақтида тақдим этилишига, шунингдек, нарх-наволар ва тарифларга риоя қилмаслик, ҳисоб-китоб ҳужжатларида арифметик хатолар аниқланиши, тортиш ва ўлчаш натижасида келиб чиқадиган камчиликларни текширувига алоҳида эътиборини қаратиши лозим. Даъволар нафақат мол етказиб берувчиларга, шунингдек, транспорт ташкилотларига – юк йўлда йўқотилганлиги учун, банкларга - ҳисоб-китоб ва валюта счетларидан нотўғри кчиқарилган ёки киритилган суммалар бўйича тақдим этилиши мумкин. Даъволар ёзма равишда, даъво суммаси ва керакли исботлар кўрсатилган ҳолда, факс ёрдамида ёки буюртмали хат билан йўлланилади. Даъвога жавоб ёзма равишда 30 кун муддатда олиниши шарт
Аудитор ҳисобдан чиқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларга эга бўлмаган ТМБ лар камомадлари ёки йўқотишлари, шунингдек, мансабдор шахслар томонидан талон-торож суммалари даъволар бўйича ҳисоб-китоб кўринишида беркитилмаётганлигини аниқлаши лозим.
Аудитор мол етказиб берувчилар томонидан ҚҚС тўғри кўрсатилганлигини аниқлайди. Амалиётда мол етказиб берувчиларнинг счетда ҚҚС кўрсатилмаган ҳолатлари учрайди (агар мол етказиб берувчи ягона солиқ ёки ялпи даромаддан солиқ тўлаганда), корхона эса, мустақил равишда ҚҚСни ажратади ёки бўлмаса, мол етказиб берувчидан “ҚҚС билан” деган белги қўйиб беришларини сўрайди. Хусусий тадбиркорлардан ТМБ олинганда ҳам ҚҚС ни ажратиб кўрсатиш ҳоллари учраши мумкин. Ушбу йўл билан ажратиб кўрсатилган ҚҚС ни бюджетдан қопланиши лозим бўлган суммага киритадилар. Шунинг учун, аудитор иложи борича кўпроқ счет-фактураларни танлаб олади ва уларни ўрганиб чиқади. Аниқланган фарқлар аудиторнинг ишчи ҳужжатларида акс эттирилиши лозим, аудитор улар асосида бюджетга тўланадиган ҚҚС ни ҳисоблаш ва тўлаш маълумотномасини қайтадан кўриб чиқишни талаб қилади.