9-расм. Камқонликни даволайдиган шифобахш маҳсулотлар
Муаммонинг муҳимлиги фақатгина унинг кенг тарқалганлигида эмас, балки у билан бирга ривожланиб борувчи органлар патологияси натижасида деярли барча орган ва тизимлар фаолиятининг бузилишида: бу мослашишнинг узилиши ҳамда турли патологиялар билан касалланишнинг кўпайишига олиб келади. Темир танқислиги, одатда, аста-секин ривожланади ва камқонликнинг яққол кўриниши намоён бўлгунича ривожланиш давомида бир қанча босқичлардан ўтади. Темир танқислиги ривожланишининг сўнгги босқичи темир танқислиги анемиясидир.
Анемиядан азият чекадиган болалар одатда, жисмоний ва ақлий ривожланиш борасида ўз тенгқурларидан орқада қоладилар, улар тез-тез хасталаниб туришлари мумкин. Бу, албатта, уларнинг мактабдаги дарсларни ўзлаштиришларига таъсир қилади, улар дарс тайёрлашни истамайдилар ва тез толиқиб қоладилар. Агар аёл киши ҳомиладорлик пайтида анемия дардига йўлиқса, у вазни етарли бўлмаган заиф болани дунёга келтириши мумкин, бу эса кичкинтой учун хатарлидир. Айрим ҳолларда анемия оналар ўлимига олиб келиши ҳам мумкин.
Анемияда кузатиладиган белгилар:
- тери қатлами ва кўриниб турган шиллиқ қаватларнинг рангсизлиги;
- бош айланиши, беҳоллик;
- тирноқнинг юпқалашиши ва сочнинг синувчанлиги;
- иштаҳа камайиши, таъм бузилиши пайдо бўлади (болалар бўр, кесак ейишади);
- оғир ҳолларда-нафас етишмаслиги, юракнинг тепа қисмида систолик шовқин;
- жигар ва қораталоқ ўлчамининг катталашиши.
Овқатланишнинг аҳамияти. Овқатда темир манбалари жуда кўп, гўшт, жигар, тухум сариғи темирга бой маҳсулотлар ҳисобланади. Ўсимлик маҳсулотларидан сули, гречиха, жўхори, дуккакли ўсимликлар ёрмаларида, қора нонда ва бошқа бошоқли маҳсулотлар таркибида кўп бўлади. Шунингдек, олма, шафтоли, анор ва бошқа меваларда ҳам темир миқдори кўп бўлади.
10-расм. Витаминларга ва темир микроэлементига бой маҳсулотлар
Кунлик овқатланиш тартибига гўшт, балиқ ва оқсилга бой маҳсулотларни киритиш фойдалидир. Сабзавотлар, мевалар, кўкатлар овқатланишда муҳим ўрин тутади, чунки организмга яхшироқ сўрилиши ва ўзлаштирилиши учун А, С ва бошқа витаминлар керак бўлади:
- гўшт, парранда, балиқ маҳсулотлари ва жигар;
- нонуштага-витаминлар билан бойитилган бошоқли маҳсулотлар;
- сабзавот ва мевалар;
- янги кўкатларни истеъмол қилиш фойдали;
- овқатланиш вақтида чой ичишдан сақланиш лозим, чунки чой таркибида бўладиган танин моддаси темир сўрилишига тўсқинлик қилади.
Темир танқислиги анемиясини даволашда темир препаратлари қўлланади. Ҳозирги вақтда бир қатор таркибида темир бўлган дори препаратлари мавжуд: темир лактат, гемостимулин, ферамид, ферротсерон, ферроплекс, тардиферон ва бошқалар. Темир танқислиги анемиясини асосан ичга қўлланадиган темир препаратлари билан даволаш зарур. Уларни наҳорга ёки овқатланишдан 1 соат олдин ёки баъзи ҳолатларда овқатланишлар орасида ичиш мақсадга мувофиқдир, бу темирнинг организмга сўрилишини осонлаштиради. Бундан ташқари, аскорбин кислотсини қўллаш ҳам яхши натижа беради, чунки у темир препаратлари билан биргаликда металлнинг тез ўзлаштирилишини таъминлайди.
Темир танқислиги икки ёшгача бўлган болаларда ақлий ривожланишни пасайтиради. Шунинг учун ҳомиладор, туғиш ёшидаги аёллар ва эмизикли оналар бойитилган ундан тайёрланган маҳсулотларни истеъмол қилишлари ниҳоятда муҳимдир.
Темир моддаси ва фолий кислотаси билан бойитилган ун биргина АҚШнинг ўзида ҳар йили нафақат анемияни, балки 5000 гача инсулт ва 25000 инфаркт ҳолларини бартараф этар экан.
Чой ва қаҳва овқатдаги темир моддасининг 70-100 фоизини ўзлаштиришга тўсқинлик қилади, шунинг учун овқат пайтида ёки овқатдан сўнг шу заҳоти чой ичманг, 30 дақиқа кутиб туринг! Чой ўрнини шарбат, компот, қайнатилган сув ёки маъданли сув босиши мумкин.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, овқат вақтида чой ёки кофе ичилиши озуқа таркибидаги темир моддасининг ҳужайраларга сингишига 70 дан 100 фоизгача тўсқинлик қилади. Чой таркибидаги таниннинг “шарофати билан” темир ва бошқа фойдали элементларга бой мева-чеваларнинг бор-йўғи 5 фоизи ҳазм бўлади. Пировардида эса анемия — камқонлик касаллиги келиб чиқади.
Do'stlaringiz bilan baham: |