1. МАЪРУЗА МАШҒУЛОТЛАРИ
1.1. МОДУЛ.
1-МАВЗУ: СОЦИОЛОГИЯ ФАН СИФАТИДА.
СОЦИОЛОГИЯ СТРУКТУРАСИ
РЕЖА:
Социология фанининг мустақил фан сифатида вужудга келиши.
Социология фанининг объекти ва предмети, мақсади ва вазифалари.
Социология структурасининг таркибий қисмлари ва функциялари.
Социологиянинг бошқа фанлар билан муносабати.
Таянч сўзлар: Социология, социологиянинг объектлари, социологиянинг бош мақсади, эмпирик тадқиқотлар, структура, позитив социология, предмет, тадқиқот объекти, таркибий тузилиши, ижтимоий, назарий ва эмпирик социология, махсус ва тармоқ йўналишлар, социал психология, тарих, фалсафа, микро ва макро социология, структура, социологиянинг асосий тармоқлари, умумсоциологик назариялар, махсус назариялар.
Социология фанининг мустақил фан сифатида вужудга келиши.
Жаҳон социология фанининг намояндаларидан бири Роберт Кинг Мертон (1910 йилда туғилган) шундай деган эди: «Социология – бу ўта қадимий предметни ўрганиш тўғрисидаги жуда ёш фан». Бундан-да аниқ таърифни тополмайсиз. Биз ҳозир жамият деб атайдиган таърифга инсонлар қадим замонлардаёқ қизиқишган. 2500 йил мобайнида мутафаккирлар жамиятни таҳлил қилишган ва унга таъриф беришган, бироқ йиғган билимларини социология деб аташмаган. Жамият тузилиши ҳақидаги дастлабки ва анча тўлиқ тасаввурни антик давр файласуфлари беришган. Антик даврдаги биринчи социологларни ижтимоий файласуфлар дейишади. Уларнинг орасида иккита буюк мутафаккирни кўрсатиб ўтиш мумкин – Афлотун (эрамизгача 427–347 й.) ва Арасту (эрамизгача 384–322 й.) Улар ҳозирги социологлар каби анъаналарни, урф-одатларни, инсонларнинг феъл-атворлари ва ўзаро муносабатларини ўрганишган, фактларни умумлаштиришган, жамиятни такомиллаштириш бўйича амалий тавсиялар билан тугайдиган концепцияларни тузишган. Афлотуннинг “Давлат” асари “Умумий социология” бўйича тарихдаги биринчи рисола ҳисобланади. Буюк мутафаккир ижтимоий стратификациянинг дунёдаги биринчи назарияси асосларини ишлаб чиқади, унга кўра ҳар қандай жамият учта синфга ажратилган: давлатни бошқарувчи донишмандлардан иборат олий синф; уни ғалаён ва тартибсизликлардан сақловчи жангчилардан иборат ўрта синф; ҳунармандлар ва деҳқонларни ўз ичига олувчи паст синф. Антик даврнинг яна бир қомусий донишманди Арасту эса стратификация назариясининг ўз вариантини таклиф қилди. Унга кўра ўрта синф тартибнинг таянчи сифатида кўрилади. Ундан ташқари яна иккита синф мавжуд бўлган – бой плутократия ва мулкдан маҳрум пролетариат. Арасту ўз давридаги мавжуд стратификацион, яъни ижтимоий табақалашув тартибларини қўллаб-қувватлайди. Арасту комил инсон, комил фуқаро, адолатли давлат хусусидаги қарашларини илмий асослашга интилди. Комил инсон тарбияси шахснинг ўз давлатига бўлган юксак ватанпарварлигини, ўз ижтимоий-сиёсий тузумига садоқатни шакллантиришдан бошланади. Комил фуқаро тарбияси эса ҳар томонлама мукаммал давлат тартиботини юзага келтиришдан бошланади. Демак, комиллик тизимидаги «давлат-фуқаро-инсон» тартиботи Арастунинг давлат ва жамиятни мукаммаллашдан иборат социологик концепциясини ташкил этади. У жамият аъзоларининг маънавий-мафкуравий тарбияси масаласида умумдавлат нуқтаи назарида турди. Жамиятнинг тарбиявий вазифаси хусусий шахслар ёки алоҳида гуруҳлар қўлига топшириб қўйилмаслиги лозим. Арасту давлат ва жамиятнинг идеал мақсадлари муштарак, умумий бўлганлиги сабабли ҳам мазмуний асоси бир хил бўлган тарбиявий тизим ишга тушмоғи зарур, деб ҳисоблайди. Хуллас, Аристотель антик дунё социологияси тарихини энг мазмундор даври бўлмиш грек социология мактабига мантиқий якун ясаган. Унинг социологик қарашлари дастлаб қадимги Римнинг социология мактаби намоёндалари (Цицерон, Лукреций, Вергилий, Гораций, Овидий) га ҳаётбахш илҳом бағишлади, сўнгра эса ўрта асрлар шарқининг буюк мутафаккирлари Форобий, Беруний, Ибн Сино, Ибн Рушдлар дунёқарашларига ўз таъсирини кўрсатди. Фақат икки минг йилдан кейингина Европа илм арбоблари жаҳонга жамият тўғрисидаги мисли кўрилмаган асарларни инъом этди. Бу аввало, социологиянинг илмий босқичига бевосита замин яратган Н.Макиавелли, Ж.Локк ва Т.Гоббс саъй-ҳаракатлари туфайли юз берди.
Ўрта асрлардаёқ араб донишманди Ибн Халдун (1332–1406), кишилик жамиятининг тузилишини тузган ҳолда, одамларнинг йирик ижтимоий гуруҳлари хатти-ҳаракатини синчиклаб ўрганган. XVIII–XIX асрлардаги кўпгина европалик мутафаккирлар, жумладан, Вольтер, Дидро, Кант, Гегель, Гоббс, расмий тарздаги социология фани пайдо бўлишидан анча олдин инсонларнинг феъл-атвори, ижтимоий ахлоқ ва анъаналари, халқларнинг характери, ижтимоий типажларнинг хулқ-атвори тўғрисида ёзишган.
Моварауннаҳрда табиат ва жамиятни социологик англаш ва ўрганиш улуғ мутафаккир Ал-Форобий томонидан жиддий кенгайтирилди. У Абу Мансур ал-Мотуридий томонидан илмий-теологик жиҳатдан асосланган инсон эрки назариясини янада ривожлантирди. У ўзининг «Фозил одамлар шаҳри» асарида инсондаги инсонлик моҳияти ўзликни англашдан бошланиши, фозил шахс воқеа ва ходисаларнинг моҳиятини идрок эта билишини, моҳиятга интилиш ҳақни таниш эканлигини, инсонга берилган руҳ ақлни ривожлантиришга, унга қувват бағишлашга масъул илоҳий куч эканлигини, ақл эса инсон томонидан нарсаларни моҳиятан танлаб фарқлашга кўмак беришини асослаб беради. Форобий оламни англашда ворисийлик омилини жуда катта кучга эга эканлигини алоҳида қайд этади. Унинг фикрига кўра, инсон барча ҳақиқатларни ўзининг қисқа умри давомида англашга, табиат ва жамиятнинг барча сиру-асрорларини тушуниб, идрок эта олишга қодир эмас. Шу боисдан у ўзидан олдинга аждодлари томонидан билдирилган фикр-хулосаларни борича шубҳаланмай ўзлаштириши зарурлиги, илм-маърифат бобида етук донишмандлар фикрларига эргашиши лозимлигини алоҳида таъкидлайди. Форобий жамиятнинг бообрў шахслари, олимлари, оқил кишилари ижтимоий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучларидир, деб ҳисоблайди. Форобий ўша пайтдаёқ ижтимоий фикрнинг аҳамияти катта эканлигини чуқур англаб, замонавий социологияда кўп қўлланувчи экспертлар, яъни ўз даврининг етук донишмандлари фикрларига таяниб иш тутиш зарурлигига урғу беради. «Донишмандларга ишониб, уларга эргашувчи одамлар ўша нарсаларни донишмандлар билгандай билиб оладилар. Зеро, донишмандларнинг билимлари, энг эхши билимлардур»1.
Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул - қулуб» асарида бевосита ўз давридаги деярли барча ижтимоий гуруҳ ва табақаларга тавсиф берилади ва уларнинг қайси бири яхши ёки ёмон, қайси бири инсонийликка, халққа, мамлакатга фойдали ёки зарарли эканлиги баён этилади. Алишер Навоий жамиятнинг миқдор ва сифат жиҳатидан ижтимоий бўлинганлиги умуман олганда ижобий ходиса эканлиги, бу таснифланиш доирасининг қанчалик кенглиги мамлакат фаровонлик даражасининг ифодаси эканлиги хусусида эътиборга сазовор социологик қарашни асослаб беради. Улуғ мутафаккир жамиятдаги юздан ортиқроқ ижтимоий табақа хусусиятларини аниқлаб, уларнинг мамлакат ижтимоий тизимидаги ўрни ва фаолият имкониятларини равшан ифодалаб беради. Мазкур социологик таснифлашдан мақсад, уларни ижтимоий фойдалилик даражаларини ошириш эканлиги асарнинг мазмунини ташкил этади. Зеро, жамиятдаги таснифнинг қандай эканлигини билиш уларнинг мазмунини яхшилашга йўл очади. «Шу жиҳатдан, - деб ёзади Алишер Навоий, - ҳамсуҳбатларни ва дўст-ёронларни бу ҳоллардан огоҳ ва хабардор қилмоқ вожиб кўриндики, токи уларда ҳар тоифани хислати ҳақида билимлар ва ҳар табақанинг аҳволи ҳақида тушунчалари бўлғай»2.
Қадим замонлардан буён жамиятнинг мавжудлиги ва ривожланиши тўғрисидаги билимлар Шарқ ва Ғарб мутафаккирлари умумфалсафий ғояларининг асосий бўлими сифатида қаралган. Жамият ривожи, сиёсат, аҳлоҳ, фан, дин ва санъат муаммолари тўғрисидаги илмий қарашлар Қадимги Хиндистон, Хитой, Юнон файласуфлари, ўрта Осиё ва Европа мутаффакирлари томонидан айтиб ўтилган.
XVII–XVIII асрларда социология фанининг шаклланишида ҳал қилувчи ролни ўйнаган «жамият», «маданият», «цивилизация», «синфлар», «структура», «функция» ва бошқа атамалар илк бор пайдо бўлади.
«Социология» атамаси фақат XIX аср бошида – 1838 ва 1840 йиллар оралиғида пайдо бўлди. Уни француз олими Огюст Конт (1798–1857) яратди. Биринчидан, уни энг кучли ва самарали фалсафий йўналишлардан бири, яъни позитивизмнинг асосчиси санашади. Иккинчидан, у қудратли эмпирик фан – социологиянинг отаси ҳисобланади. О.Конт унга ном берди, унинг предмети ва методларини белгилади. XIX асрда жамият тўғрисидаги тажрибали, эмпирик фаннинг вужудга келиши тасодиф эмас, балки муайян гносеологик ва ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларга эга эди. О.Конт янги фанни яратар экан, тахминан қуйидагича фикр юритган: «жамиятни унинг турли-туман намоён бўлиш жиҳатларида англаш учун фалсафанинг ўзи етарли эмас. Жамиятни бошқа масалалар билан бир қаторда эмас, балки махсус тарзда фақат унга эътибор берган ҳолда ўрганадиган махсус фан керак. Жамият тўғрисидаги янги фан мустақил билим сифатида шаклланиши учун у билишнинг фалсафий методини рад этиши ва ўзининг методини ўйлаб топиши керак. Аммо ҳозирча унинг ўз методлари йўқ экан, социология табиатшуносликдан кузатиш, эксперимент ва солиштирма таҳлил каби усулларни ўзлаштириши лозим». Фанга социология номини берган О.Конт ўз ижодида тараққиёт, сиёсий ва иқтисодий эркинлик идеалларига таянган ҳолда, у фан ва маърифат ёрдамида барча ижтимоий муаммоларни ҳал этиш мумкинлигига умид қилади. Носоғлом жамиятни қандай даволаш мумкин, деган саволга Конт шундай жавоб беради: «табиатшунослик фани қандай бўлса, жамият ҳақида ҳам худди шундай аниқ ва объектив фанни яратиш керак». Социологик ғоя жадал ривожланаётган Европа жамиятидаги инқирозга жавоб бўлди. Янги тафаккурнинг мақсади жамиятдаги ижтимоий муносабатларни очиқ-ойдин қилиши мумкин бўлган интеллектуал воситаларни ривожлантиришдан иборат эди.
О.Контнинг ватандоши Эмиль Дюркгеймни амалий социологиянинг кашфиётчиси дейишади. У ҳозиргача қўлланиб келинаётган функционал таҳлил методологиясини яратган, ўз жонига қасд қилиш муаммосини чуқур таҳлил қилган. Унинг бу ишлари бугунги кунда ҳам социологик тадқиқот қандай бўлиши кераклигига мукаммал мисол бўлиб хизмат қилмоқда. Э.Дюркгейм айни пайтда ҳам ўзининг долзарблик қийматини йўқотмаган аномия назарияси асосини яратган. Унинг ижтимоий меҳнат тақсимоти, механик ва органик ҳамжиҳатлик, ижтимоий факт моҳияти, коллектив онг ва қадриятлар, дин эволюцияси ҳақидаги таълимоти жаҳон социологиясининг олтин фондига кирган.
Нафақат Франция, балки Германия ҳам жаҳонни буюк социологлари – Макс Вебер, Георг Зиммель, Фердинанд Теннис билан лол қолдирган. Масалан, бугунги кунда Вебернинг 30 дан зиёд жилддан иборат асарлар тўплами нашр этилган. Карл Маркс (1818–1881) ижтимоий низо назарияси, жамият тузилмаси ва ривожи ҳақидаги таълимот, ижтимоий синфлар концепциясининг асосчиси ҳисобланади. У умуман ижтимоий файласуфлар орасидаги энг йирик шахсдир. К.Маркс билан бир қаторда немис мутафаккири Макс Веберни (1864–1920) ҳам кўрсатиб ўтиш зарур. Уни иккиланмасдан социологиянинг Леонардо да Винчиси дейиш мумкин. Унинг асосий назариялари бугун социология фанининг пойдеворини ташкил этади: ижтимоий ҳаракат ва мотивация, меҳнатнинг ижтимоий тақсимоти, бегоналашув, касбга мойиллик ҳақидаги назариялар. У дин социологияси, иқтисодий социология ва меҳнат социологияси, шаҳар социологияси асосларини, бюрократия назариясини, ижтимоий стратификация ва статусли гуруҳлар концепциясини, сиёсатшунослик ва ҳокимият институти асосларини, жамиятнинг ижтимоий тарихи ва рационализация ҳақидаги таълимотни, капитализм эволюцияси ва мулкчилик институти тўғрисидаги таълимотни ишлаб чиқди. М.Вебернинг ютуқлари шу қадар улканки, уларни санаб тугатиб бўлмайди. Идеал типларнинг киритилиши унинг методология соҳасидаги энг асосий ютуқларидан бири ҳисобланади.
М.Вебер ҳамда унинг ҳамкасблари Ф.Теннис (1855–1936) ва Г.Зиммелнинг (1858–1918) шарофати билан немис социология мактаби Биринчи жаҳон урушига қадар жаҳон социологиясида устунлик қилди. Англияда жаҳон социологияси фанига ижтимоий эволюция ҳақидаги назарияни яратган ва кишилик жамиятига тирик организм сифатида қараган Герберт Спенсер (1820–1903) улкан ҳисса қўшган. Ф.Теннис ўзининг«Жамоа ва жамият» (1887) деб номланувчи бош асарида кейинчалик классик типологияга айланган ижтимоийлик типологиясини, яъни бевосита шахсий ва қариндошчилик муносабатлари ҳукмрон бўлган жамоа ва формал институтлар устувор бўлган жамиятни таклиф қилади.
Биринчи босқичда (XIX аср охири – XX аср боши) учта мамлакат: Франция, Германия, Англия жаҳон социология фанининг маркази ҳисобланган. Албатта, бошқа мамлакатларда ҳам миллий социологиянинг ривожи учун кўп иш қилган ажойиб мутафаккирлар бўлган. Россияда улар қаторига Н.Кареев, Н.Михайловский, М.Ковалевский, В.Хвостовларни қўшиш мумкин. Бироқ улар жаҳон социологияси ривожига сезиларли таъсир кўрсата олмадилар. Питирим Сорокин (1889–1968) бундан мустасно. Уни социологик муаммони қамрашида универсаллиги, жаҳон социологиясига қўшган назарий ва методологик аҳамияти жиҳатидан М.Вебер билан тенглаштириш мумкин. Россияда туғилиб, АҚШда вафот этган айнан шу мутафаккир социологиянинг донғини ёйди.
ХХ асрнинг 20-йилларидан бошланиб, ҳозирги кунгача давом этаётган кейинги босқичда жаҳон социологияси маркази АҚШга кўчади ва бу ерда социология фанига давлатдан анча кўмак ва кўпчилик университетларнинг тезда ёрдами тегади. Докторлик даражасини берувчи дунёдаги биринчи социология факультети 1892 йили Чикаго университетида пайдо бўлади. 1910 йилга келиб, Америка университетлари ва коллежларининг аксарияти талабгорларга социология курсларини таклиф қила бошлайди.
Эмиль Дюркгейм (1858–1917) О.Контнинг позитивизм методологиясини чуқурлаштирди, кўп ҳолларда эса уни қайта йўналтирди. Дюркгейм ижтимоий фактларга таянишни ва уларнинг статистик ўрганишни таклиф қилади: у бир ижтимоий фактларни (ўз жонига қасд қилиш) бошқа ижтимоий фактлар (интеграция) ёрдамида тушунтиради. Дюркгейм замонавий социологиянинг янги методологиясини беради. Унинг методологик позициясига иккита хусусият хос: натурализм – жамият қонунларини табиат қонунларига ўхшашлиги асосида тушуниш ҳамда социологизм – ижтимоий воқеликнинг ўзига хослиги ва автономлигини, унинг индивидлардан устунлигини тасдиқлаш. Дюркгеймнинг илмий ижодида, бутун француз мактабидагидек сингари, ижтимоий ҳамжиҳатлик муаммоси марказий ҳисобланади. Унга кўра инсонлар жамиятининг ривожи икки фазадан ўтади: механик ҳамжиҳатлик (саноатлашишдан илгариги ёки анъанавий жамият) ва органик ҳамжиҳатлик (саноатлашишдан илгариги, сўнгра эса саноатлашган жамият)
Социология табиатига айнан янгича назари туфайли Америка тез орада илмий социологияни яратиш борасида Европадан ўзиб кетади. Аммо социологлари кўп бўлишига қарамасдан, Америка дунёга фақат битта ҳақиқий миллий оқимни – символик интеракционизм оқимини ва фақат битта буюк социологни - Толкотт Парсонсни (1902–1979) бера олди. Альберт Эйнштейн физикада амалга оширишга интилган назариясини Парсонс социологияда ҳам худди шундай амалга оширишга, яъни жамиятнинг барча даражаларини ва ижтимоий материя ҳаракатининг барча шаклларини тушунтириб бера оладиган кенг қамровли социологик назарияни яратишга уринди. У кишилик воқелигининг хилма-хил кўринишларини қамраб олувчи мавҳум тушунчаларнинг улкан дедуктив тизимини яратишга муваффақ бўлди. АҚШ мана шу хусусий социологик назариялар борасида анча муваффақият қозонди. Америка дунёга буюк олимларнинг энг кўп сонли гуруҳини тақдим этди: Э.Шилз, П.Лазарсфельд, Р.Мертон, П.Блау, Ч.Кули, Ж.Мид, Р.Парк, И.Гофман, Ж.Александер, Д.Белл, Т.Веблен, А.Гоулднер, Р.Миллс, Д.Рисмен, У.Самнер, А.Смолл, А.Тоффлер, Ж.Хоманс. Улар замонавий социологиянинг илмий мазмунини белгилаб беришди.
Агар Европада социологик ғоя фалсафа билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ривожланган бўлса, Америка социологлари орасида социал психология кенг тарқалди. Иккала маданият вакиллари ҳам жамият эволюцияси ва фаолиятини тушунтиришга ҳаракат қилишди ва буни турлича усулда бажаришди: европаликлар кўпроқ глобал тарихий схемаларга суянишса, америкаликлар конкрет моделлар ва амалий ишланмаларга таянишди.
Америкаликлар фалсафий субстанция ўрнига хулқ-атвор ва ҳаракатга урғу беришди. Уларни идрок ичида яширинган ва аниқ ўлчаб бўлмайдиган нарса қизиқтирмасди, аксинча сиртда, яъни очиқ хулқ-атворда намоён бўладиган нарса ўзига тортарди. Шу тарзда ХХ асрнинг биринчи ярмида барча ижтимоий фанларни (иқтисодиёт, руҳшунослик, социология, сиёсатшунослик) ўзига бўйсундирган бихевиоризм (инглиз тилидан behavior – хулқ-атвор) вужудга келади. Энди уларга хулқ-атворга асосланган, ёки бихевиорал фанлар ёрлиғи бириктирилади. Шу ном билан, тўғрироғи хулқ-атворга асосланган (ХХ аср бошида Европада бўлганидек фалсафага асосланмаган) социология ҳозирги кунларгача етиб келди.
Do'stlaringiz bilan baham: |