Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 декабрдаги 1013-сон қарорига
2-ИЛОВА
Давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолати таҳлилини ўтказиш
РЕГЛАМЕНТИ 1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Регламент давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолати таҳлилини ўтказиш (кейинги ўринларда таҳлил деб аталади) тартибини белгилайди.
2. Таҳлил иқтисодий таваккалчилик ва иқтисодий ночорлик аломатларини аниқлаш ҳамда келгусида молиявий соғломлаштириш, давлат активларини сотиш ёки банкротлик таомилини қўллаш бўйича таклиф тайёрлаш мақсадида мазкур Регламентга иловада келтирилган тартибда ўтказилади.
3. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини таҳлил қилиш учун маълумотларни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ маълумотларни шакллантириш якуни бўйича ҳар чоракда таҳлил ўтказади.
4. Мазкур Регламентга мувофиқ, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши мавжуд бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат унитар корхоналари (кейинги ўринларда корхоналар деб аталади) таҳлил объекти ҳисобланади.
Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши мавжуд бўлмаган хўжалик жамиятлари бошқарув органларининг қарорига кўра жамиятнинг молиявий-иқтисодий ҳолати таҳлилини ўтказиш учун мазкур Регламент қоидаларини татбиқ этишлари мумкин.
2-боб. Корхоналар молиявий-иқтисодий аҳволининг асосий кўрсаткичлари (мезонлари)
5. Таҳлил учун қуйидаги асосий кўрсаткичлар (мезонлар) қўлланилади:
а) тўлов қобилияти ёки қоплаш коэффициенти — Тқк;
б) ўз айланма маблағлари билан таъминланганлик коэффициенти — Ўак;
в) активларнинг ва харажатларнинг рентабеллилик коэффициенти — Арк, Хрк.
Шунингдек, қуйидаги қўшимча кўрсаткичлар ҳам қўлланилиши мумкин:
ўз ва қисқа муддатли қарз маблағларининг нисбат коэффициенти — Ўқк;
ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш коэффициенти — Қфк;
асосий воситаларнинг эскириш коэффициенти — Авэк.
6. Тўлаш муддати келган кундан бошлаб уч ойдан ортиқ муддат ўтган пулли мажбуриятлар ва мажбурий тўловлар бўйича муддати ўтган кредиторлик қарзлари қонун ҳужжатлари ёки шартномаларга мувофиқ мажбурий тўловларни тўлаш бўйича мажбуриятлар ва кредиторларнинг пулли мажбуриятлар бўйича талабларини амалга ошириш юзага келган вақтдан бошлаб корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини таҳлил қилиш учун маълумотлар тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида белгиланади.
7. Тўлов қобилияти (қоплаш) коэффициенти корхонанинг нафақат дебиторлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш ва тайёр маҳсулотни қулай шароитда сотиш шарти билан, балки бошқа моддий жорий (айланма) маблағлар элементлари шароитида баҳоланувчи қисқа муддатли мажбуриятларни тўлаш имкониятларига эгалигини кўрсатади. Коэффициентнинг камайиши корхона тўлов имкониятларининг пасайганлигини кўрсатади.
Коэффициент қуйидаги формула асосида ҳисобланади: