Рефрактометрия усули Рефрактометрия усули билан озиқ – овқат маҳсулотлари таркибида ёғнинг, сувнинг, спиртнинг, қанднинг ва бошқа қуруқ моддаларнинг фоиз миқдорини аниқлаш мумкин. Ушбу усулни таҳлил асосида ўрганамиз.
Рефрактометрия усули нурнинг бир муҳитдан иккинчи бир муҳитга ўтиш пайтида унинг йўналишининг ўзгаришига ёки синдириш кўрсаткичи коэффициентларини аниқлашга асослангандир. Масалан, рефрактометр ёрдамида асалнинг таркибида қанча сув борлигини, шарбатлар таркибида қанча қуруқ модда борлигини ёки бўлмаса мой ва ёғларнинг синдириш кўрсаткичлари орқали уларнинг тозалигини ва бузилган – бузилмаганлигини аниқлаш мумкин.
Рефрактометрия усули модданинг нур синдириш кўрсаткичини (рефракциясини) аниқлашга асосланган. Бунда модданинг табиати, унинг тозалиги ёки эритмадаги таркиби аниқланади. Бу усулда жуда оддий ҳамда ниҳоятда кам миқдорда бўлган моддаларни ҳам аниқлаш мумкин бўлганлиги учун ҳозирги вақтда кўп қўлланилади.
Қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг таркибини таҳлил қилиш учун бу усулдан кенг фойдаланилмоқда. Шу жумладан озиқ – овқат маҳсулотлари –ёғ, мой, томатли маҳсулотлар, мураббо ва жемлар рефректометрия ёрдамида текширилмоқда. Масалан, озиқ – овқат маҳсулотлари таркибидаги ёғни миқдорий аниқлаш, суюқликлардаги спиртнинг миқдорини ўлчаш, кондитер маҳсулотлари ва ҳар хил ноалкагол ичимликлар таркибидаги асосиймаҳсулотни технологик процесслар жараёнида назорат қилишда рефрактометриядан кенг фойдаланилади.
Рефрактометрлар ёрдамида нур синдириш кўрсаткичи аниқланади. Модданинг тозалиги унинг аниқланган синдириш кўрсаткичини жадвалдан олинган тоза модданинг константаси билан таққослаб кўрилади. Агар модданинг нур синдириш кўрсаткичи керакли қийматдан кўпи билан 0,001 га фарқ қилса, бундай модда тоза ҳисобланади.
Нур синдириш кўрсаткичи температурага боғлиқ, шунинг учун рефрактометрия ўлчашларни 20ОС да бажариш қабул қилинган. Ўлчаш вақтида температуралар орасида фарқ бўлса, у ҳолда махсус жадвалдан температуралар фарқининг қиймати ҳам ҳисобга олинади. Босим ортиши билан нур синдириш кўрсаткичи ҳам ортади.
Нур синдириш кўрсаткичини аниқлаш усули икки хил муҳит чегарасидан монохраматик нур ўтганда нурнинг бурилиш (синиш) принципига асосланган. Нурнинг тўлиқ ички қайтиш бурчагининг қиймати рефрактометр шкаласидан олинади. Лабораторияларда фойдаланиладиган кўпчилик рефрактометрларнинг оддий умумий тузилиши билан танишайлик. Кўпчилик рефрактометрларда туширилаётган суюқлик иккита призма орасида жойлаштирилади. Призмадан ўтаётган нур синади ёки у муҳит чегараси орасидан акс этиши натижасида, яққол ёруғ ва қоронғу чегара ҳосил бўлади. Шкаладаги бу чегаранинг ўрни текширилаётган модданинг тўлиқ ички қайтиш бурчагига боғлиқ.
Ёруғлик манбаи сифатида натрийдан ажралиб чиқадиган монохроматик нур ёки оддий ёруғлик нуридан фойдаланилади ва махсус ойна билан ёруғлик тушудиган ҳолатга келтирилиб, сўнгра ёруғлик призмага йўналтирилади. Маълумки, ёруғлик ҳар хил тўлқин узунликдаги нурлардан таркиб топган. Ёруғлик призмалардан ўтаётганда дисперция ҳодисасига учрайди. Натижада икки чегара орасида (ёруғ қисм билан қоронғу қисм чегарасида) камалак чизиқчалар ҳосил бўлади. Бу рефрактометр шкаласидан ҳисоб олишни қийинлаштиради. Ҳозирги вақтда чиқарилаётган рефрактометрларда ёруғлик дисперсиясини йўқотиш учун компенсаторлар қўйилган. Компенсатор дастасини бураш билан яққол ёруғ ва қоронғи чегара ҳосил қилинади. Рефрактометр кўрсаткичининг тўғри ишлаётганлигини текшириш учун нормал суюқликлардан ёки дистилланган сувдан фойдаланилади. Дистилланган сувнинг 20 С даги нур синдириш кўрсаткиги 1,333 га тенг.