Трифтазин (стелазин) – аминазинга нисбатан танлаб таъсир кўрсатувчи, кучли антипсихотик ва камроқ седатив хоссаларга эга. Қусишга қарши таъсири бўйича аминазиндан устун, аммо гипотензив, адренолитик ва миорелаксантлик хоссалари бўйича ундан кучсиз. Экстрапирамидал бузилишларни кўпроқ келтириб чиқаради.
Фторфеназин (мотиден) – антипсихотик самараси бўйича трифтазин билан деярлик бир хил, қусишга қарши фаоллиги бўйича эса ундан анча устун. Унинг таъсири узайтирилган препарати фторфеназин-деканоат (мотиден-депо) номи билан амалиётда кенг ишлатилади. Унинг таъсири 7-14 кунгача ва ундан узоқроқ давом этади.
Этаперазин – фаол нейролептик, қусишни ва ҳиқичоқни бартараф этиш кучи бўйича аминазиндан устун. Миорелаксантлик хоссасига эга. Ухлатувчи, наркотик ва бошқа МНСга сусайтирувчи таъсирли воситаларнинг самарасини аминазинга нисбатан камроқ узайтиради. Гипотермик ва адренолитик таъсири бўйича аминазиндан кучсиз, лекин антипсихотик таъсир кучи бўйича ундан устун. Асосан қусишга қарши восита сифатида ҳамда аминазиннинг таъсири камайган беморларда яхши самара беради.
Фенотиазин унумларининг ножўя таъсирлари турлича бўлиши мумкин: умумий ҳорғинлик, апатия, уйқучанлик, оғиз қуриши, юрак ва ошқозон усти соҳаларида нохуш сезгилар, гипотония, ортостатик коллапс, баъзан билирубиннинг организмда тўпланиб қолиши натижасида сариқлик (буларнинг барчаси асосан аминазин қўлланилганда кузатилади). Экстрапирамидал бузилишлар (паркинсонизм) асосан пиперазин ҳалқали препаратлар учун хос. Узоқ муддат давомида қўлланилганда кекса ёшли беморларда медикаментоз давога турғун бўлган кечиккан дискинезия (секинлик билан пайдо бўлувчи) юзага келади: асосан юз, тил, қўл-оёқлар ва тана мушакларининг беихтиёрий хореясимон қисқаришлари кузатилади. Бунда препаратни бериш тўхтати-лиши ёки дозаси камайтирилиши ҳамда диазепам тавсия қилиниши лозим.
Камдан-кам ҳолларда қўлланилган препаратга нисбатан идиосинкразия натижасида хавфли кечувчи нейролептик синдром юзага чиқиши мумкин: мушаклар ригидлиги, тана ҳароратининг ортиши, юрак-қон томир тизими фаолиятининг издан чиқиши, эс-ҳушнинг бузилиши ва бошқалар пайдо бўлади. Бундай беморларнинг 10-20% вофот этади. Даволаш учун диазепам, бромокриптин, дантролен препаратлари қўлланилади. Шунингдек, тананинг ташқи физик совутилиши лозим.
Кўпинча диспептик бузилишлар, тери ва шиллиқ қаватлар таъсирланиши, дерматитлар, фотосенсибилизация, оғир ҳолатларда лейкопения ва агранулоцитоз пайдо бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |