6. Давлат қарзларини бошқариш Ўзбекистон Республикасида давлат қарзини бошқаришнинг олий органи Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисидир.Олий мажлис бюджет дефицитини молиялаштириш учун жалб қилиниши лозим бўлган маблағлар ва бюджет маблағлари ҳисобидан кредитлаштиришнинг максимал миқдорларини белгилайди. У ёки бу кўринишдаги қимматли қоғозларни чиқаришнинг чегаравий ҳажмини Ўзбекистон Республикаси ҳукумати – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўрнатади.
Давлат ички ва ташқи қарзларини бошқаришни оптималлаштириш (оқилоналаштириш) учун икки дастурни ишлаб чиқмоқ мақсадга мувофиқ:
ташқи қарзларни олиш давлат дастури;
ички қарзларни олиш давлат дастури.
Бу дастурлар мақсадлари, манбалари ва қайтарилиш муддатларини кўрсатган ҳолда навбатдаги молиявий йилда олиниши лозим бўлган қарзлар (қарзга олишлар) рўйхатидан иборатдир. Дастурлар навбатдаги йил бюджетининг лойиҳаси билан Олий мажлисга тақдим этилади ва тасдиқланиши керак.
Хусусан, ташқи қарзларни олиш давлат дастурида қарзлар икки гуруҳга бўлиб акс эттирилади:
боғланмаган (молиявий) қарзга олишлар (қарзлар);
мақсадли хорижий қарзга олишлар (қарзлар).
Буларнинг ҳар иккаласи учун ҳам юқоридаги дастурда алоҳида-алоҳида қуйидагилар ўз ифодасини топиши керак:
боғланмаган (молиявий) қарзга олишлар
(қарзлар) бўйича:
а) жалб қилиш манбалари;
б) қарзга олиш суммалари;
в) қайтариш (узиш) муддатлари.
мақсадли хорижий қарзга олишлар
(қарзлар) бўйича:
а) якуний олувчи;
б) қарзга олишнинг мақсади ва фойдаланиш йўналиши;
в) қарзга олиш манбаи;
г) қазга олиш суммаси;
д) қарзни қайтариш (узиш) муддатлари;
е) маблағларни бюджетга қайтариш бўйича учинчи
шахснинг кафолати;
ё) навбатдаги молиявий йил бошлангунча қадар
фойдаланилган маблағлар ҳажмининг баҳоланиши;
ж) навбатдаги молиявий йилда маблағларнинг
фойдаланиш ҳажми прогнози (башорати).
Ўзбекистон Республикаси номидан давлат қимматли қоғозларининг ягона эмитенти бўлиб, Молия вазирлиги ҳисобланади ва у Ўзбекистон ҳукумати томонидан аниқланган чегараларда уларнинг чиқарилиш муддатлари ва ҳажмини белгилайди.
Давлат бюджети ва нобюджет фондларнинг маблағларини мақсадли ва барқарор сарфланишини таъминлаш, бюджетдан молиялаштирилаётган ташкилотларнинг қарзларини камайтириш мақсадида ижроия ҳокимият органларига давлат қимматли қоғозларини чиқариш, кредитлар ва қарзлар олиш йўли билан қарзий маблағларни жалб қилиш таъқиқланган (ҳукумат томонидан тўғридан-тўғри ўрнатилган ҳоллардан ташқари). Бу нарса давлат нобюджет фондларига ҳам тўлиқ тегишлидир.
Давлат ички қарзларига хизмат қилиш бўйича бош вакил функциясини мамлакатнинг Марказий банки бажаради. Ҳар бир облигацияни чиқаришнинг эмиссиясида барча ягона ва жамланма сертификатлар Молия вазирлиги томонидан сақлаш ва ҳисобга олиш учун депозитарийга берилиши керак. Депозитарий функциясини Марказий банк ёки у томонидан ваколати белгиланган бошқа ташкилот бажариши мумкин. Марказий банк Молия вазирлигининг топшириғига кўра ва республика бюджетининг маблағлари ҳисобидан облигацияларнинг эгаларига бу облигациялар қайтарилаётган (ўзилаётган) пайтда тўловларни амалга оширади.
Давлат қимматли қоғозларини тартибга солиш ҳукуматнинг Молия вазирлиги ва Марказий банк билан ҳамкорликдаги энг муҳим ва масъулиятли функцияларидан биридир. Ҳозирги амалиётда давлат қимматли қоғозларини тартибга солиш чораларини шартли равишда қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:
“оловли” чоралар – қайта молиялаштириш ва ломбард ставкаларини ошириш (кўтариш), қимматли қоғозлар бозори ва валюта бозорида Марказий Банкнинг интервенцияси. Бироқ бундай чоралар қисқа вақт – 2 ёки 3 кун - учун таъсирчан ҳисобланади;
хорижий қарзга олиш. Қимматли қоғозлар бозорига таъсир кўрсатиш учун қарз олишнинг ўзи эмас, балки кредитларнинг олиниши тўғрисида ишонч бўлишининг ўзи етарлидир. Юқоридаги чоралар сингари бу гуруҳга кирувчи чоралар ҳам, маълум даражада ва маънода, таназзулни орқага сурувчи ва унинг илдизларига барҳам бермовчи “оловли” чоралар ҳисобланади;
давлат қимматли қоғозлар миллий бозори нобарқарорлигининг олдини олишга самарали ва узоқ муддатли таъсир кўрсатишга узоқ муддатли монетар чораларга молиявий бозорнинг чегарасидан четга чиқувчи чоралар (хусусан, солиқ тизими ва солиқларнинг ундрилишини тартибга солиш, бюджет дефицитини қисқартириш, иқтисодиётнинг ўсишига эришиш ва ҳ.к.лар) қўлланилсагина эришиш мумкин.
Давлат қарзларини бошқариш мамлакат иқтисодий ўсишининг суръатлари ва сифатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган Ўзбекистон Республикаси бюджет сиёсатининг муҳим қисми бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳозирги шароитда давлат қарзларини бошқаришда аниқ бир концепцияга эга бўлиш алоҳида аҳамият касб этади. Бу концепцияда давлат қарзларини бошқариш ҳамда пул-кредит сиёсати ва валюта сиёсати ўртасидаги алоқаларни (боғлиқликларни), давлат қарзларининг давлат молия тизимидаги ўрнини, ташқи ва ички давлат қарзларининг бир-бирлари билан боғлиқлигини аниқлаш жуда муҳимдир. Давлат қарзларини бошқариш концепциясини ишлаб чиқишда эски мажбуриятларни уларнинг янгиларини жалб этиш ҳисобидан қайтарилиши (узилиши) етарли даражада хавфли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги инобатга олинмоғи керак. Худди шунингдек, давлат қарзларини тартибга солишнинг ягона концепцияси ишлаб чиқилаётган пайтда бу қарзлар ҳажмининг асосланмаган (асоссиз) тарзда оширилиб юборилиши иқтисодий ўзгаришларни (ислоҳотларни) амалга ошириш йўлида таъсирчан тўсиқ бўлиши мумкинлиги ҳам назардан четда қолмаслиги лозим.
1 Афсуски, бундай характердаги давлат кредитлари ҳамон бизнинг мамлакатимизда айтишга арзигулик даражада таркиб топмаган.