маблағларни жалб қилиш муддатига кўра:
қисқа муддатли (бир йилгача қайтариш муддати билан);
ўрта муддатли (бир йилдан беш йилгача);
узоқ муддатли (беш йил ва ундан юқори).
Қисқа муддатли қарзлардан бюджет даромадларининг келиб тушиши ва харажатларини амалга оширишдаги қисқа муддатли узилишларни молиялаштириш учун фойдаланилади. Одатда, бундай мақсадлар учун векселлар чиқарилади. Италияда ғазначилик векселлари 3, 6, 12 ойлик муддатларда, Японияда – 60 кунлик, Буюк Британияда – 91 кунлик муддатларда чиқарилади. Ғазначилик векселлари икки йилгачалик муддатларда чиқариладиган Германия бундан мустаснодир.
Баъзи бир мамлакатларда нисбатан узоқ муддатлар учун маблағларни жалб қилишда ғазначилик ноталаридан фойдаланилиб, улар векселларга нисбатан камроқ тарқалгандир. Италияда бундай ғазначилик ноталари 2-3 йиллик қайтарилиш муддати билан, АҚШда – бир йилдан ўн йилгача қайтарилиш муддатларида чиқарилади. Узоқ муддатлар учун маблағларни жалб қилиш, одатда, облигациялар ёрдамида амалга оширилади.
5. Қарзий мажбуриятларнинг таъминланганлигига қараб:
Гаровли облигациялар конкрет ёки аниқ мулк билан таъминланади. Бундай облигациялар хорижнинг ривожланган мамлакатларида тез-тез маҳаллий ҳокимият органлари томонидан муомалага чиқарилади. Гаровсиз облигациялар аниқ бир нарса таъминланмайди: унинг таъминланиш асоси бўлиб давлатнинг ёки маҳаллий ҳокимият органларининг жами мулки ҳисобланади. Марказий бошқарув органлари,одатда, гаровсиз облигацияларни муомалага чиқаришади. Уларнинг ишончлилиги жуда юқори бўлганлиги учун улар қўшимча кафолатга эҳтиёж сезмайди.
6. Тўланадиган даромаднинг характери бўйича:
ютуқли қарзий мажбуриятлар;
фоизли қарзий мажбуриятлар;
ноль купонли қарзий мажбуриятлар.
Ютуқли облигациялар бўйича даромадларнинг тўланиши лотереялар асосида амалга оширилади. Бу облигациялар катта талабга эга эмас. Чунки инвесторлар тасодифга таяниб эмас, балки барқарор даромад олишга интиладилар. Ютуқ олишни истаганлар эса лотерея чипталари сотиб олишни ихтиёр этадилар. Бу турдаги қарзий мажбуриятларнинг асосийси фоизли облигациялар бўлиб, улар бўйича даромад купонлар асосида йилда бир, икки ёки тўрт марта тўланади. Инвесторларнинг жуда кўпчилиги ана шундай қарзий мажбуриятларни маъқул кўришади.
Давлатнинг қисқа муддатли қарзий инструментлари купонларга эга эмас. Улар номиналидан чегирмалаш асосида сотилади ва номинал бўйича сотиб олинади. Айрим узоқ муддатли қарзий мажбуриятлар ҳам купонларга эга бўлмаслиги мумкин. Улар бўйича барча даромадлар асосий қарзнинг суммаси билан биргаликда тўланади. Худди қисқа муддатли облигациялар сингари улар ҳам номиналидан чегирмалаш орқали сотилади ва номинали бўйича сотиб олинади. Амалиётда бундай облигациялар ноль купонли облигациялар номини олган.
Do'stlaringiz bilan baham: |