3. Давлат ер кадастрини юритиш.
«Давлат ер кадастри тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддасида давлат ер кадастрини юритиш механизми белгиланган. Давлат ер кадастрини юритишни махсус ваколатга эга бўлган давлат идоралари амалга оширади. чунончи, шаҳарлар ва шаҳарчаларда – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Геодезия, картография ва давлат кадастри бош бошқармаси («Ўзгеодезкадастр»)нинг кучмас мулк давлат кадастри туман ва шаҳар хизматлари томонидан юритилади. Мамлакатимизнинг бошқа маъмурий-ҳудудий бўлинмаларида эса давлат ер кадастрини Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитасининг ер ресурслари бўйича туман хизматлари томонидан амалга оширилади.
Юқорида айтиб ўтилган икка давлат органининг давлат ер кадастрини юритиш борасидаги ваколатига:
ер участкаларига бўлган мулкчилик, уларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва ижарага олиш ҳуқуқини, сервитутлар тўғрисидаги битимларни ва ушбу ҳуқуқлар бўйича бошқа чеклашларни рўйхатдан ўтказиш;
мулкдорлардан, ер эгаларидан, ердан фойдаланувчилардан ва ижарачилардан ҳуқуқий ҳолатида, ер участкаларининг таркибида ва ер участкаларидан фойдаланишда юз берган ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни тўплайдилар ва жойи (натура)да текширилгандан сўнг жорий ўзгаришларни уч кун мобайнида ер кадастри ахборотига киритиш;
туман (шаҳар) ер ресурслари миқдори ва сифати тўғрисидаги маълумотлар банкларини тузиш ва улардан фойдаланиш каби масалаларни амалга ошириш киради.
Давлат ер кадастрини юритиш жараёнида аэрокосмик суратга олиш, топография-геодезия, картография, тупроқшунослик, агрохимия, геоботаникага оид ва бошқа изланишлар ва тадқиқотларни ўтказиш; ерларни миқдор ва сифат жиҳатдан ҳисобга олиш ва баҳолаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатига олиш, ерлар мавжудлиги ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни тузиш каби ишлар амалга оширилади.
Давлат ер кадастрини юритиш ваколатига эга бўлган органлар ҳар йили ер ресурсларининг ҳолати тўғрисида миллий ҳисобот тайёрлайдилар. Бундай миллий ҳисоботда бутун мамлакат ва маъмурий-ҳудудий бирликлар бўйича ерларнинг миқдор ва сифат ҳолати ҳамда уларнинг баҳоси, ерларнинг тоифаларга бўлиниши, тармоқлар, ер участкаларининг эгалари, ер участкасидан фойдаланувчилар, ижарачилар, ер мулкдорлари бўйича тақсимланиши тўғрисидаги маълумотлар ва ер кадастрига оид бошқа ахборот акс эттирилади.
Давлат ер кадастрини юритиш мобайнида ер кадастри ҳужжатлари тўпланади. Бундай ҳужжатларга ер участкаларига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар, туман (шаҳар) ер кадастри дафтари, ерларнинг миқдори, сифат ҳолати ва уларнинг баҳоси тўғрисидаги ҳисоботлар, кадастр хариталари, планлари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳужжатлар киради.
Давлат ер кадастрини юритиш жараёнида ер кадастрига доир ахборот йиғилади ва берилади.
Ер кадастрига доир ахборотлар ерни рўйхатга олиш, ерни ҳисобга олиш ва ер баҳосига оид ахборотлар мажмуини ташкил этади ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шунингдек манфаатдор юридик ва жисмоний шахслар фойдаланиши учун мўлжалланган бўлади.
Ерлардан фойдаланиш, уларни тиклаш ва муҳофаза қилиш, ер участкалари бериш (реализация қилиш) ва уларни олиб қўйиш, ер учун тўланадиган ҳақ миқдорини белгилаш, ер тузиш ишларини бажариш, хўжалик фаолиятига баҳо бериш ҳамда ердан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ бошқа тадбирларни амалга ошириш чоғида давлат ер кадастри маълумотларидан фойдаланилиши шарт.
Ер кадастрига доир ахборот давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига текинга тақдим этилади, юридик ва жисмоний шахсларга эса ҳақ эвазига берилади.
Давлат ер кадастрини юритиш борасидаги ишлар давлат бюджетидан, шунингдек ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олганлик учун ундириладиган маблағлар ва қонун ҳужжатлари билан ман этилмаган бошқа манбалар ҳисобидан молияланади.
Давлат ер кадастрини мамлакат бўйича юритиш ишларида иккита давлат органи махсус ваколатли орган бош-қош бўлади. Уларга Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитаси ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Геодезия, картография ва давлат кадастри бош бошқармаси киради. Бу органларнинг ваколати «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги қонуннинг 8- ва 9-моддаларида берилган.
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари давлат қўмитасининг давлат ер кадастрини юритиш соҳасидаги ваколатларига: мамлакат бўйича давлат ер кадастри юритилишини ташкил этиш; ер ресурсларининг ҳолати тўғрисидаги ҳар йилги миллий ҳисоботни тайёрлаш; тегишли давлат ҳокимият ва бошқарув органларини ер кадастри материаллари ва маълумотлари билан таъминлаш; Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Геодезия, картография ва давлат кадастри бош бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятлар, туманлар ва аҳоли пунктларининг маъмурий чегараларини белгилаш (аниқлаш)га доир ишларни ташкил этиш ва юритиш ва бошқа масалалар киради.
Давлат кадастрлари ягона тизимига тақдим этиладиган ер кадастрига доир ахборотларнинг таркиби, ҳажмлари ва уларга қўйиладиган техник талабларни белгилаш; шаҳар ва посёлкаларда давлат ер кадастри юритилишини ташкил этиш; тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини давлат ер кадастрини юритиш учун зарур бўлган аэрокосмик суратлар, турли масштабдаги план-картографик асослар, топографик ишлар ва маълумотлар билан белгиланган тартибда таъминлаш ва бошқа масалалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Геодезия, картография ва давлат кадастри бош бошқармасининг ваколатига киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |