Давлат ер кадастри
Режа:
1. Давлат ер кадастри тушунчаси
2. Давлат ер кадастрининг мазмуни
3. Давлат ер кадастрини юритиш
«Кадастр» лотинча сўз бўлиб, «солиққа тортиладиган ашёлар рўйхати» маъносини англатади. Дастлаб кадастр ер солиғи манбаига доир китоб (реестр) сифатида тушунилган, кейинчалик у давлатнинг ҳисобга олиш-баҳолаш тадбирлари тизимини ифодалайдиган бўлди.
Ҳар бир мамлакатда кадастр ривожи ўз шароитлари ва анъаналарига асосланади, шунинг учун жаҳонда айнан бир хил кадастр тизимини топиш мумкин эмас. Шуниси қизиқки, мамлакатимиз ҳудудида ўтган асрда шариатда қабул қилинган «темир дафтар» термини ҳам кадастр тушунчасига тўғри келади.
Давлат ер кадастрига тегишли барча муносабатлар 1998 йил 28 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги қонуни билан тартибга солинади. Ушбу қонуннинг 3-моддасига биноан давлат ер кадастри давлат кадастрлари ягона тизимининг асосий таркибий қисми ҳисобланиб, у ерларнинг табиий, хўжалик, ҳуқуқий режими, уларнинг тоифалари, сифат хусусиятлари ва қиммати, ер участкаларининг ўрни ва ўлчамлари, уларни ер эгаларига, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорлар ўртасида тақсимоти тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ҳужжатлар тизимидан иборатдир.
Давлат ер кадастри ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини, ерларнинг миқдори ва сифатининг ҳисобга олинишини, тупроқ бонитировкасини, ерларнинг қиймат баҳосини, шунингдек ер кадастрига доир ахборотлар бир тизимга солиниши, сақланиши ва янгиланиб турилишини ўз ичига олади.
Давлат ер кадастрининг маълумотлари ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишда, ер участкалари бериш ва уларни олиб қўйишда ер учун тўланадиган ҳақ миқдорларини белгилашда,ер тузиш ишларини ўтказишда, хўжалик фаолиятига баҳо беришда ҳамда ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан бошқа тадбирларни амалга оширишда мажбурий тартибда тадбиқ этилади.
Ер участкаларининг жойлашган ўрни ва ўлчамлари тўғрисидаги кадастр ҳужжатларида ер эгасининг (ердан фойдаланувчининг, мулкдорнинг) исми-шарифи, ернинг мулк шакли, кадастр рақами, ер участкасига оид ҳуқуқнинг рўйхатга олиш санаси, эгалик ҳуқуқига оид ҳужжатларнинг берилиш санаси, ер участкасидан фойдаланиш, фойдаланишнинг муддатлилиги, ер берилишининг мақсад-вазифаси, ер участкаси чегарасининг бурилиш нуқталари ўрни кўрсатилган схемаси, ёндош ер участкаларининг таърифи, сервитутлар, ер участкасидан фойдаланишдаги чеклашлар, ер участкасининг ҳолатини тавсифловчи миқдор ва сифат кўрсаткичлари, унинг иқтисодий баҳоси кўрсатилади.
Ер кадастрини юритиш фақат ҳозирги лаҳзага оид маълумотларни қайд қилишдангина эмас, кадастр маълумотлари ва ахборотларини узлуксиз янгилаб туришдан, бошқача айтганда уларни актуаллаштиришдан иборатдир.
Кадастр маълумотларининг катта ҳажмлилиги ва турфа хиллиги топографо-геодезия ва тупроққа оид катта ҳажмдаги турли текшириш ва изланишлар олиб боришни тақозо қилади.
Êàäàñòрнинг барча бўлимларида маълумотлар объектив ва ишончли бўлиши учун ернинг фактик ҳолати ва ундан фойдаланишга мос бўлиши керак. Кадастрнинг ишончлилиги ва объективлиги, кадастр маълумотларининг замонавий даражада бўлиши кадастр ишларининг узлуксизлиги орқали таъминланади.
Ер кадастри ахборотини ишлаб чиқиш технологиясини доимий равишда такомиллаштириш, тизимлаштириш, сақлаш, янгилаш ва фойдаланувчиларга ишончли ва тежамли ер кадастри ахбороти бериш давлат ер кадастрининг асосий вазифалари ҳисобланади.
Давлат ер кадастри ер муносабатларини тартибга солиш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини, манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларни ер тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш, ердан оқилона фойдаланишни, қайта тиклаш ва муҳофаза қилишни, ер тузилишини ташкил этиш, ер учун ҳақ тўлаш миқдорларини асослаш, хўжалик фаолиятини баҳолаш учун мўлжаланади.
Давлат ер кадастрининг таркибий қисмлари бўлиб:
ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини ер участкаларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш, ижарага олиш ҳуқуқларини, сервитутларни ҳамда бу ҳуқуқларга доир бошқа чеклашларни давлат рўйхатидан ўтказиш;
ер миқдорини ҳисобга олиш;
ер сифатини ҳисобга олиш (тупроқ бонитетини аниқлаш);
ерни қиймат жиҳатдан баҳолаш.
«Давлат ер кадастри тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида ер кадастри юритишнинг асосий принциплари баён этилган. Ушбуга кўра, давлат ер кадастри юритишнинг асосий принциплари бўлиб:
мамлакатнинг бутун ҳудудини тўла қамраб олиш;
фазовий координаталарнинг ягона тизимини қўллаш;
ер кадастрига доир ахборотлар ишлаб чиқиш услубиётининг бирлиги;
ер кадастрига доир ахборотларнинг тўғри бўлиши ҳисобланади.
Давлат ер кадастри маълумотлари асосий (дастлабки) ва жорий маълумотларга бўлинади. Дастлабки рўйхатдан ўтказиш вақтида олинган маълумотлар ва давлат ер кадастрининг дастлабки маълумотларини тузиш асосий (дастлабки) ахборот ҳисобланади.
Давлат ер кадастри маълумотларини қайта рўйхатдан ўтказиш ёки ўзгартириш жараёнида олинган маълумотлар жорий ахборот ҳисобланади.
Давлат ер кадастрини юритиш ишлари давлат бюджетидан, шунингдек ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олганлик учун ундириладиган маблағлар ва бошқа манбалар ҳисобидан маблағ билан таъминланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |