7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
шахсга доир маълумотлар соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
шахсга доир маълумотлар соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди;
Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритиш тартибини белгилайди;
шахсга доир маълумотлар базаларини Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш тартибини тасдиқлайди;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шахсга доир маълумотлар соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан:
шахсга доир маълумотларга ишлов берилаётганда ушбу маълумотларнинг хавфсизлигига бўлган таҳдидларга қараб, уларнинг ҳимоя қилинганлик даражасини;
шахсга доир маълумотлар ҳимоясини таъминлашга оид бўлган, бажарилиши шахсга доир маълумотларга ишлов бериш чоғида уларнинг белгиланган ҳимоя қилинганлик даражасини таъминлайдиган талабларни;
биометрик ва генетик маълумотлар мавжуд бўлган моддий жисмларга ҳамда бундай маълумотларни шахсга доир маълумотлардан ташқарида сақлаш технологияларига оид талабларни белгилайди.
8-модда. Шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).
Ваколатли давлат органи:
шахсга доир маълумотлар соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади;
шахсга доир маълумотлар соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
Шахсга доир маълумотларга ишлов беришнинг намунавий тартибини тасдиқлайди;
Мулкдорнинг ва (ёки) операторнинг шахсга доир маълумотларга ишлов берилишини ҳамда уларнинг ҳимоя қилинишини таъминловчи тузилмавий бўлинмаси ёки ваколатли шахси фаолиятини ташкил этишнинг намунавий тартибини тасдиқлайди;
Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритади;
шахсга доир маълумотлар базаси Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома беради;
шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан ўз ваколатлари доирасида давлат назоратини амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига шахсга доир маълумотлар соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;
давлат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатли давлат органларига уларнинг фаолияти соҳасига нисбатан қўлланиладиган белгиланган маълумотларни юборади;
шахсга доир маълумотларнинг зарур ҳимоя қилинганлик даражасини белгилайди;
ишлов бериладиган шахсга доир маълумотларнинг ҳажми ва мазмунини, фаолият турини, шахсга доир маълумотлар хавфсизлигига бўлган таҳдидларнинг ҳақиқийлигини таҳлил қилади;
шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишларини бартараф қилиш ҳақида юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритади;
чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлар билан шахсга доир маълумотлар соҳасида ҳамкорликни амалга оширади.