Юракка ташқи массаж ўтказиш. Жабрланувчи нафас олмаса ва унинг уйку артериясида пульс аниқланмаса унга ёрдам кўрсатаётганда фақат сунъий нафас олдиришнинг ўзи етарли бўлмайди, чунки ўпкадаги кислород қон билан бошқа органлар ва тўқималарга ўта олмайди. Бу ҳолда сунъий равишда қон айланишини тиклаш керак, бунинг учун юракка ташқи массаж ўтказиш лозим.
Одамнинг юраги кўкрак қафасида тўш суяги ва умуртқа поғонаси ўртасида жойлашган бўлади. Тўш суяги – ҳаракатчан ясси суякдир. Одам чалқанча (қаттиқсиртда) ётганида умуртқа поғонаси ҳаракатсиз қаттиқ асос бўлиб қолади. Агар тўш суяги босилса, юрак тўш суяги ва умуртқа поғонаси ўртасида сиқилади ва унинг ичидаги қон томирлари сиқиб чиқарилади. Агар тўш суягига илкиб –илкиб босилса, юракдаги қоннинг сиқиб чиқарилиши худди юрак табиий қисқарганида чиқанидек ўхшаш бўлади. Бу юракка ташқи (билвосита, ёпиқ) массаж ўтказиш деб аталади, бунда қон айланиши сунъий равишда тикланади. Шундай қилиб, сунъий нафас олдириш юракка ташқи массаж ўтказиш биргаликда амалга оширилса, нафас олиш ва қон айланиш функциялари амалга оширилади.
Қўйидаги: тери қатламларининг оқариб ёки кўкариб кетиши, хушини йўқотиш, уйку артерияларида пульсининг аниқланмаслиги, нафас олишнинг тўхтаб қолиши ёки энтикиб, тўхтаб – тўхтаб нафас олиш аломатларининг биргаликдаги кўриниши юрак фаолиятининг тўхтаб қолганидан далолат беради ва реанимацион чора – тадбирларнинг амалга оширилишини тақозо этади.
Юрак тўхтаб қолганда, вақтни зое кетказмасдан, жабрланувчини қаттиқ текис жойга: курсига, полга, хеч нарса бўлмаганда тагига тахта қўйиб ётқизиш лозим.
Агар битта одам ёрдам кўрсатаётган бўлса, у жабрланувчининг ён томонига ўрнашиб олади ва энгашиб икки марта («оғиздан - оғизга» ёки «оғиздан - бурунга» усули билан) тез ҳаво пуфлайди, сўнгра қаддини ростлаб, жабрланувчининг шу томонида қолиб, битта қўлининг кафтини туш суягининг пастки ярмига, тагидаги учидан икки бармоқ юқорироққа қўяди, бармоқларини эса сал кўтаради. Иккинчи қўлининг кафтини биринчи кафтининг устига кўндаланг ёки узунасига қилиб қўйиб, энгашган гавдаси билан ёрдам берган холда босади. Босганда қўллар тирсак бўғимларида тўғри бўлиши керак.
Босганда тез – тез шундай силтаб босиш керакки, тўш суяги 4 – 5 см га сурилиши, босиш давомийлиги 0,5 сониядан ошмаслиги керак.
Босишлар оралиғида қўллар тўш суягидан олинмайди (агар икки киши ёрдам бераётган бўлса) бармоқлар кўтарилган ҳолатда бўлиши, қўллар тирсак бўғимларида тўлиқ тўғриланган бўлиши лозим.
Агар жонлаштиришни битта одам ўтказаётган бўлса, ҳар икки марта чуқур ҳаво пуфлаганида тўш суягини 15 марта босиш керак, сўнгра яна икки марта ҳаво пуфланади ва яна 15 марта тўш суягини босиш керак ва ҳоказо. Бир дакика ичида тўш суягини камида 60 марта босиш ва 12 марта хаво пуфлаш, яъни 72 муолажани бажариш лозим, шунинг учун реанимацион чора – тадбирларнинг суръати юқори бўлиши керак. Тажрибанинг кўрсатишича, сунъий нафас олдиришга кўпроқ вақт сарфланади. Ҳавони пуфлашда жабрланувчининг кўкрак қафаси кенгайиши билан, ҳаво пуфлашни тўхтатиш лозим.
Реанимацион чора – тадбирлар икки киши томонидан ўтказилаётган бўлса, «нафас олдириш – массаж қилиш» нисбати 1:5 ни ташкил қилади, яъни битта чуқур ҳаво пуфлаганидан сўнг кўкрак кафаси беш марта босилиши керак. жабрланувчига сунъий нафас олдириш вақтида юракка массаж қилаётган киши кўкрак қафасини босмай туради, чунки кўкрак қафаси босилганидаги ҳаракатлар ҳаво пуфланишидан кучлироқ бўлади (ҳаво пуфланишида кўкрак қафасининг босилиши сунъий нафас олдиришни ва демак реанимацион чора – тадбирларни самарасиз қилиб қўяди). Реанимацион чора – тадбирлар икки киши томонидан ўтказилаётганда ёрдам кўрсатувчи шахслар хар 10 – 15 дакикада ўрин алмашиб туриши мақсадга мувофиқдир.
Юракка ташқи массаж туғри бажарилганда тўш суягининг ҳар босилишида артерияларда пульс пайдо бўлишига олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |