1-амалиёт машғулоти
Темир йўл транспорти ишини ва тартибини белгиловчи меъёрий ҳужжатлар.
Амалиёт машғулоти бажаришдан мақсад: Талабаларга темир йўл транспортида меъёрий хужжатлар ва улардан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини такомиллаштириш.
Темир йўлларнинг аниқ ишлашини ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш белгиланган тартиб ва қоидаларга қатъий риоя қилиш йўли билан амалга оширилади. Бунинг учун темир йўлларда бир қатор бошқарувни таъминловчи ва меёрий ҳужжатлар мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборат.
“Темир йўл транспорти тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорига билан 1999-йил 15-апрелдан “Темир йўл транспорти тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб амалга киритилди. Қонунда темир йўл транспортининг Республикамиз хўжалигининг иқтисодий ва ижтимоий соҳасида тутган ҳуқуқий ўрни белгиланган. Қонун 28 моддадан иборат бўлиб, унинг биринчи моддаси асосий тушунчаларга бағишланган. Бу моддада темир йўл транспорти, йўллари, корхонаси, муассасаси ва ташкилоти, темир йўл Устави, транспорт хизматлари бозори, ташиш жараёни, умумий фойдаланишдаги темир йўллар, юк, йўловчи, багаж, юк багажи, юк жўнатувчи (жўнатувчи), юк олувчи (олувчи), хавфли юклар, ажратилган минтақа, муҳофаза зоналари каби ибораларга таъриф берилган.
Қонуннинг бошқа моддаларида темир йўл транспорти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, меёрий ҳужжатлар тўғрисида, темир йўл транспортида мулкчилик шакллари, темир йўлларда қатновларнинг турлари ва бошқа барча тартиб ва қоидалар, ҳамда фаолият турлари бўйича аниқ ифода ва ҳуқуқий ўринлар белгиланган.
Темир йўл Низоми – темир йўллар, темир йўлдан фойдаланувчи ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулиятлари ҳамда темир йўлларнинг бошқа транспорт турлари билан ўзаро муносабатларини белгилайди. Низом темир йўл хизматидан фойдаланиш жараёнида юзага келадиган темир йўл ва юк жўнатувчилар, юк олувчилар, йўловчилар ва бошқа жисмоний ва юридик шахслар орасидаги муносабатларни бошқаради.
Низом йўловчилар, юклар, багаж ва юк багажлар ташишнинг асосий шартларини, темир йўллар ва бошқа транспорт турлари орасидаги муносабатларни, ҳамда шоҳобча йўллардан фойдаланиш соҳасидаги асосий ҳолатларни белгилайди.
Темир йўлларнинг мунтазам ва хавфсиз ишлаши, юк ва йўловчиларни ташишни тўлиқ амалга ошириши темир йўллардаги барча бўлимларнинг бир маромда ўзаро уйғунлашган ҳолда тартибли ишлашига боғлиқ. Темир йўлларда бундай уйғунлашган тартиб темир йўл бошқармаси томонидан белгиланадиган ягона умумтармоқ поездлар ҳаракати графигига қатъий амал қилиш билан таъминланади. Ҳаракат графиги бўйича поездлар ҳаракатини аниқ бажариш станциялар, депо, тортиш нимстанциялари (подстанциялар), техник хизмат пунктлари ва ҳаракат билан боғлиқ бошқа бўлинмаларнинг ҳаракат графиги асосида аниқ ишлаши билан амалга оширилади.
Темир йўллардан техникавий фойдаланиш қоидалари. Ўзбекистон республикаси темир йўлларидан техникавий фойдаланиш қоидалари “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК нинг барча ҳудудларида амал қилади ҳамда темир йўллар ва темир йўл транспорти ходимларининг асосий низомларини, иш тартибини, муҳим иншоотлар, қурилмалар ва ҳаракатланувчи таркибларни сақлаш меёрларини, асосий ўлчамларини, уларга бўлган талабларни, поездлар ҳаракатини ташкил қилиш тизимини ва сигнализация тамойилларини ўрнатади.
Техникавий фойдаланиш қоидалари темир йўл транспортининг барча бўлинмалари ва ҳодимлари учун мажбурийдир. Унга қатъий амал қилиш темир йўл транспортининг барча бўғинларида барқарор тартибни, темир йўлларнинг аниқ ва бетўхтов ишлаши ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлайди.
Ўзбекистон темир йўлларида сигналлаштириш бўйича йўриқнома. Ушбу йўриқнома поездлар ҳаракати ва манёвр ишларини бошқаришга тааллуқли буйруқ ва кўрсатмаларни узатиш учун қўлланиладиган кўринувчан ва овозли сигналлар тизимини, ҳамда ушбу сигналларни узатиш учун қўлланиладиган сигнал асбобларини белгилайди.
Йўриқномани билиш темир йўлларнинг барча бўлинмалари ва Ўзбекистон темир йўллари ҳудудидаги барча темир йўл ходимлари учун мажбурий бўлиб, унинг талабларига риоя қилиш темир йўлларнинг бетўхтов ишлашини, поездлар ҳаракати ва манёвр ишлари хавфсизлигини таъминлайди.
Ўзбекистон темир йўлларида поездлар ҳаракати ва манёвр ишлари бўйича йўриқнома. Ушбу йўриқнома Ўзбекистон темир йўлларидан техникавий фойдаланиш қоидалари ва темир йўлларда сигнализация бўйича йўриқномаларнинг талаблари асосида тайёрланган бўлиб, қуйидаги қоидаларни белгилайди:
– поездларни қабул қилиш, жўнатиш ва ўтказишни ҳар хил СМБ (сигналлаштириш, марказлаштириш, блокировка) тизимларида носозлик ҳолатларида ва темир йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилаётган вақтларда бажариш тартиб-қоидалари;
– станцияларда манёвр ҳаракатлари тартиби;
– поездларни огоҳлантириш тартиби;
– поездлар ҳаракати ва манёвр ишлари хавфсизлигини таъминловчи бошқа қоидалар.
Ҳаракат хавфсизлигини таъминловчи асосий шартлардан бири техник қурилма ва иншоотларнинг бутунлигини ва ишга шайлигини таъминлашдир. Техникавий фойдаланиш қоидалари талабларига биноан темир йўлнинг ҳар бир ишчи ва хизматчиси ҳаракатга хавф туғдирувчи ҳар қандай ҳолатда поездга ёки манёвр воситаларига тўхташ сигналини берабилиши, уни тўхтатиш чорасини кўрабилиши, ҳаракатга хавф туғдирувчи иншоот ёки қурилма бўлса, бундай хавфли жойни чегаралаб муҳофазалаши ва камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилиши керак.
Темир йўлларда ҳаракат билан боғлиқ вазифаларга ишга қабул қилинувчилар белгиланган тартибда техникавий фойдаланиш қоидалари, сигнализация ва ҳаракат ташкили бўйича йўриқномалар, вазифага тааллуқли бўлган бошқа йўриқномалар, хавфсизлик ва ишлаб чиқариш-санитария қоидалари бўйича махсус синовдан ўтказилиб ишга тайинланадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |