280-Юсуф Хос Хожибнинг “Қутадғу билиг” асарида дабий қарашлар
Аждодларимиз ўз асарларида давлатнинг турли шаклларини тасвирлаб, унинг асосий вазифаси инсонларни бахт-саодатга олиб боришда деб талқин этдилар. Бу жиҳатдан XI аср туркий шеъриятнинг буюк намояндаси Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” ижтимоий-фалсафий достони алоҳида эътиборга лойиқ. Унда давлатни бошқариш, турли ижтимоий тоифаларнинг ўзаро муносабатлари ва жамиятдаги мавқелари хусусида муфассал таҳлил ва хулосалар юксак бадиий шаклда ифодалаб берилган.
Юсуф Хос Ҳожиб асарини ислом маънавиятининг бадиий-фалсафий, ижтимоий-ахлоқий қомуси деб бемалол таърифлаш мумкин. Фирдавсий “Шоҳнома”да минтақа халқларининг ўтмиш тарихини бадиий акс эттирган бўлса, “Қутадғу билиг” достони ислом даври ижтимоий воқелигининг бадиий-фалсафий таҳлил ва талқинини ўзида мужассам этган. Беҳуда эмаски, шоирнинг ўзи китоби ҳақида гапириб, унинг “Адаб ул-мулук” (Хукмдорлар одоби) ва “Ойин ул-мамлакат” (Мамлакатни идора этиш қоидалари) номлари остида ҳам шуҳрат топганини таъкидлайди. Асарнинг асосий қаҳрамонлари ўша давр жамияти бош тимсолларининг рамзий ифодаси бўлиб гавдаланади. Улардан биринчиси Адолат - у бош ҳукмдор, исми - Кунтуғди, у қуёшдек барчага баробар нур таратади. Иккинчи тимсол - Қут ёки Давлат бўлиб, бу тушунча ички мазмунига кўра Бойлик, Барака, Омад, Бахт, Қудрат маъноларини ўзида жамлаган, унинг исми Ойтўлди, у ҳукмдорнинг таянчи, унинг белига қувват, кўзига нур, мулкига фаровонлик бахш этувчи бош маслаҳатчи ва нозир. Аммо Ойтўлдининг умри фоний. Давлат, Бахт, Омад каби нарсалар пойдор эмас. Осмондаги Ой янглиғ гоҳ тўлиб балқийди, гоҳ Ҳилол сингари нозиклашиб, қувватдан кетади, орада кўринмай қолиши ҳам мумкин. Дарҳақиқат, Ойтўлди асар давомида хасталаниб вафот этади. Унинг ўрнига ўғли Ўгдулмиш ўринбосар, ҳукмдорнинг яқин маслаҳатчиси бўлиб қолади. Ўгдулмиш Ақл ва Билим рамзи (Ўг - қадим туркийда “ақл”, “билим” маъноларини беради). Агар Бойлик, Омад, Бахт ўткинчи бўлса, киши қўлида доимий турмаса, Ақл ва Билим уларнинг ўрнини боса олади. Китобнинг асл номи - “Қутадғу билиг” (Бахт келтирувчи билим) - асарнинг бош тимсоли, энг асосий қахрамони Ўгдулмиш, яъни Ақл ва Билим эканлигига ишора қилиб туради. Асардаги тўртинчи тимсол - қаноат. Агар инсонда, жамиятда қаноат бўлмаса, унинг барча фазилатлари бир пул, оқибати аянчли. Қаноатнинг исми Ўзғурмиш бўлиб, у Ойтўлдининг, яъни Бахт ва Давлатнинг, Ўгдулмишнинг, яъни Ақл ва Билимнинг қариндошидир. Аммо Ойтўлди қариндошини эсламайди, Бахт ва Омад қаноатни хотирга келтирмайди. Ҳукмдорга (шоир ҳукмдорни Элиг деб атайди), қариндоши Ўзғурмиш ҳақида Ўгдулмиш эслатади, яъни Адолат Ақл ёрдамида Қаноатдан хабар топади ва унинг суҳбатини истайди. Ўзғурмиш билан бўлган суҳбатлар таъсирида Ўгдулмишнинг ҳам руҳида ўзгаришлар юз беради. У маълум вақт тавба-тазарруга берилиб, моддий дунё ташвишларидан ўзини олиб қочишга интилади. Аммо Ўзғурмиш ва Кунтўлди уни бу ниятдан қайтарадилар, эл-юрт ташвиши билан яшашга ундайдилар. Ўзғурмиш орқали Юсуф Хос Ҳожиб тасаввуф таълимотига ўз муносабатини билдиради. Тасаввуф, тақво, зоҳидлик ва фақр шоир наздида Қаноатнинг тимсоли. Адолат Қаноатсиз бўлмайди. Ҳукмдор сўфийнинг, зоҳиднинг суҳбатидан баҳраманд бўлиб туриши керак. Суфий ҳукмдорни қидириб келмайди, ҳукмдор уни ўзи қидириши, суҳбатига интиқ бўлиши керак. Кунтуғди Ўгдулмишни мактуб билан Ўзғурмиш олдига уч марта жўнатади. Шоир фикрича, агар ҳукмдор эътибор кўрсатса ва майл билдирса, сўфий унинг суҳбатидан бош тортиши яхши эмас. Аммо Ўзғурмиш сарой аъёнига айланмайди, маълум вақт Элиг билан фикр алмашиб, яна ўз кулбасига қайтади. Қаноат Оқибатни ўйлаш билан бўлади, у инсонга Офият (руҳий осойишталик, қониқиш) келтиради. Шоир уларни маънодош тушунчалар сифатида талқин этади.
Юсуф Хос Ҳожиб тасаввуф ғояларига, ҳақиқий тақво эгаларига юксак эҳтиром билан муносабатда бўлади, аммо жамият, халқ бахти учун, Адолат тантанаси учун ўз умрини бағишлаганлар унинг энг суюкли қаҳрамонларидир. Асар охирида Ўзғурмиш ҳам бу фоний дунёни тарк этади. Кунтуғди ва Ўгдулмиш- Адолат ва Ақл шоир бадиий оламида боқий қоладилар.
|
Do'stlaringiz bilan baham: |