Bog'liq 1.2-мавзу.Солиқларнинг функциялари, элементлари, солиқ сиёсати ва солиқ тизими
Солиқ сиёсати таркибий жиҳатдан қуйидаги йўналишларда амалга оширилади: - мамлакат миқёсида амал қилувчи солиқлар ва солиқсиз тўловларни қонуний жорий этиш;
- амал қилаётган солиқларни самарали ишлашини таъминловчи механизм шакллантириш ва такомиллаштириш, солиққа оид қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириб бориш;
- солиқ сиёсатини амалга оширувчи тегишли ваколатли органларни ташкил этиш ва уларни ушбу соҳадаги вазифаларини белгилаш;
- солиққа тортиш тизимини шакллантиришга қаратилган чуқур илмий тадқиқотни амалга ошириш ва уларни жорий этишни ташкил этиш.
Юқорида қайд қилинганидек, солиқ сиёсати давлат, яъни унинг ваколатли органлари томонидан олиб борилади. Агар ушбу ваколатли органлар ҳокимият тури нуқтаи-назаридан олиб қараладиган бўлса, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларига бўлинади. Айрим ҳолларда давлатнинг солиқ сиёсати Давлат солиқ қўмитаси томонидан олиб борилади, деган фикрлар учрайди. Амалда эса солиқ сиёсати давлат ҳокимиятининг барча бўғинлари: Қонун чиқарувчи, Ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари фаолиятларининг ажралмас қисми сифатида комплекс тарзда амалга оширилади.
Бу ҳокимиятлар томонидан солиқ сиёсати қуйидаги тартибда ишлаб чиқилади ва унинг ижроси таъминланади. Қонун чиқарувчи ҳокимият ҳисобланган Олий Мажлис томонидан солиққа оид ва унга бевосита тегишли бўлган қонунлар қабул қилинади, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади ёки айримлари бекор қилинади. Демак, солиқ сиёсатининг ҳуқуқий негизлари мазкур ҳокимият фаолияти билан боғлиқдир. Ижро ҳокимияти бўлган Вазирлар Маҳкамаси ва унинг бўлинмалари, Давлат Солиқ Қўмитаси, Молия Вазирлиги, Адлия Вазирлиги, Иқтисодиёт Вазирлиги, маҳаллий ҳокимиятлар ва бошқа тегишли органлар томонидан Олий Мажлис томонидан қонун йўли билан жорий этилган солиқлар ва солиқларга тенглаштирилган мажбурий тўловларнинг ишлаш механизмини таъминлашга хизмат қилувчи ҳуқуқий- меъёрий ҳужжатлар орқали уларнинг ижроси таъминланади. Бунда албатта ижро ҳокимиятининг бир бўғини ҳисобланган Давлат солиқ қўмитасининг солиқ сиёсати ижросини таъминлашдаги алоҳида ўринга эга эканлигини қайд этиш лозим. Бундан ташқари, ҳар йилнинг охирида келгуси йил учун амал қиладиган солиқлар ва солиқларга тенглаштирилган мажбурий тўловлар бўйича солиқ ставкаларини тасдиқлаш, ўзгартиришлар киритиш ваколати Вазирлар Маҳкамасига берилган. Солиқ сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар бўғинлари билан бирга суд ҳокимиятининг бўғинлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Суд ҳокимияти томонидан қонуний амал қилаётган солиқлар ва солиқларга тенглаштирилган мажбурий тўловларнинг ўз вақтида бюджетга келиб тушиши устидан назорат ўрнатилиб, солиқ қонунчилиги бузилишларини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар қўлланади.