4 – савол баёни: Инвестиция фаолиятини йўлга қўйишда ҳар бир мулк эгаси, биринчи навбатда ўз манфаатини кўзлаб ягона мақсадга, яъни фойда олиш ва самарага эришишни режалаштиради.
Инвестиция фаолиятини ташкил этишда ишбилармонликни, тадбиркорликни моҳиятини чуқур англаган ҳолда иш юритиши муҳим вазифалардан бири бўлиб ҳисобланади. Инвестиция фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахс, яъни мулк эгаси тез ўзгарувчан бозор иқтисодиёти ва унинг кўпқиррали муносабатларини ҳар томонлама англай билиши лозим. Инвестиция фаолиятини юритишда инвестор пул муомаласи, молия кредит ва банклар, солиқ сиёсати моҳиятини чуқур билмай туриб, инвестиция фаолиятини ташкил этиш таваккалчилик билан боғлиқ бўлиб, қисқа давр ичидаги инқирозга учраши мумкин. Саноати ривожланган давлатларда инвестиция фаолияти қуйидаги йўналишларда олиб борилади:
фуқаролар, давлатга қарашли бўлмаган корхоналар, хўжалик ассоциациялари, жамоа ва ўртоқлик хўжаликлари ҳамда жамоа мулкчилиги асосида ташкил этилган ташкилотлар, нодавлат корхоналари ва муассасалари;
давлатни маъмурий ва бошқарув бўлинмалари, ташкилотлари ҳамда давлат корхоналари ва муассасалари;
чет эл фуқаролари, хусусий фирмалар, ассоциациялар, компаниялар ва ҳуқуқий шахслари ҳамда бошқа хорижий давлатлар ва ҳалқаро молия – кредит институтлари;
қўшма корхона кўринишида маҳаллий ва чет эл фуқаролари, ҳуқуқий шахслар ва давлатлар билан ҳамкорликда олиб борилади.
Тадбиркорлик ва ишбилармонликни йўлга қўйилиши, жаҳон иқтисодий алоқаларини тараққий этиши, қўшма корхоналарни иқтисодиётни барқарорлаштиришда ролини ортиши инвестиция фаолиятини тўла ташкил этиш учун зарур бўлган имкониятларни яратади.
Мулкчиликнинг турли шаклларини вужудга келиши, ўз навбатида тадбиркорликнинг ривожланиши, чет эл капиталининг кириб келиши инвестиция фаолиятини ташкил этиш йўналишларини ҳам аниқлаб беради.
Бундай шароитида инвестиция фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантириш жисмоний, ҳуқуқий шахсларни ва давлатни, фойда олиш мақсадида тадбиркорлик, ишбилармонлик ва бошқа фаолиятларини қайтадан тиклашга қаратилган. Бу борадаги асосий мақсад инвестиция фаолиятини ташкил этиб иқтисодиётни инқироздан олиб чиқиш, уни барқарорлаштириш, дунё бозорига кириб бориш, жаҳон хўжалик алоқаларини мустаҳкамлаш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашдир.
Инвестиция фаолиятини молиялаштириш инвесторлар томонидан молиявий ресурсларни жалб қилиш йўли билан кредитлар эвазига, муомалага, қонунчиликда белгиланган тартибда, қимматли қоғозлар ва заёмлар чиқариш ҳисобига олиб борилади. Мамлакат миқёсидаги манбалар ҳисобига, турли мулк эгаларининг маблағлари, янгидан ташкил этилаётган фондларни улуши, чет эл инвестициялари орқали олиб борилади. Инвестиция манбаларини ташкил этишда мамлакат иқтисодиётини барқарорлиги, ташқи иқтисодий муносабатларнинг ривожланиши, аҳоли эҳтиёжини ишлаб чиқариш ҳисобига қондирилиши ва бошқалар етакчи рол ўйнайди.
Молиявий ресурсларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш ҳамда у ёки бу йўналишда сарфлаш ва жамғариш мамлакатдаги тақсимот тизимига боғлиқдир.
Қабул қилинган қонунларни ва уларни ҳаётга татбиқ этилиши энг аввало бозор муносабатларининг ривожлантиришга, тадбиркорлик, ишбилармонликни кенг кўламда тарқалишига хизмат қилса унда инвестиция манбалари таркибида давлат маблағлари камайиши ҳисобига бошқа мулкдорлар маблағлари ўсиб боради. Ишлаб чиқариш муносабатларини тўғри йўлга қўйиш ва давлатнинг самарали молия сиёсатини юритиш алоҳида аҳамиятга эгадир. Хорижий капитални кириб келиш даражаси устун даражада мамлакатни олиб бораётган молия сиёсатига (фискал сиёсати) боғлиқдир.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида олиб бораётган ишларимиз ўзининг ривожланиш йўлида одимланиши билан бирга халқаро иқтисодий ташкилотларнинг рейтингларида ўзининг ижобий ифодасини ҳам топмоқда. Мисол учун 2015 йилнинг октябр ойида Жаҳон банки “Бизнес юритиш” рейтингини эълон қилди. Ана шу рейтингда Ўзбекистон фақат бир йилнинг ўзида 16 поғонага кўтарилиб, 87-ўринни эгаллагани фикримиз далилидир.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, “Янги бизнесни қўллаб-қувватлаш” деб аталадиган мезон бўйича мамлакатимиз айни пайтда жаҳонда 42-ўринни, тузилган шартномалар ижросини таъминлаш бўйича 32-ўринни, иқтисодий ночор корхоналарга нисбатан қўлланадиган банкротлик тизимининг самарадорлиги бўйича 75-ўринни эгаллаб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тадбиркорлик субъектларини ташкил этишнинг соддалаштирилишига ва фаолиятини амалга оширишни енгиллаштирилишига олиб келди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида улкан ютуқлар қўлга киритилаётганига қарамай, унинг имкониятларидан ҳали тўлиқ фойдаланилмаган жиҳатлар ҳам мавжуд. Жумладан, мамлакатимизда кичик бизнес субектлари сонининг жадал суръатлар билан ўсишига қарамай, ҳали уларнинг етарли даражага эришмаганлиги, айниқса, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида у қадар катта салмоққа эга эмаслиги мазкур соҳа имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаётганлигини кўрсатади. Иқтисодиётда кичик бизнес субъектлари салмоғини ошириш маълум чегараларга эга. Бу чегараларни кенгайтириш учун кичик бизнес корхоналари ташкил топишининг асосий хусусиятларини ажратиб олиш муҳим ҳисобланиб, уларни асосан қуйидаги турларрга ажратиш мумкин:
- мустақил ҳолда маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар (масалан, озиқ- овқат маҳсулотлари, кийим – кечак ва ҳ.к. ишлаб чиқарувчи кичик корхоналар);
- йирик корхона фаолиятига ўзаро боғлиқ ҳолда таркиб топган корхоналар (масалан, эҳтиёт қисмлар етказиб берувчи, хизмат кўрсатувчи кичик корхоналар).
Кичик бизнес корхоналарининг янада ривожланиши йирик корхоналар ривожланиши ва улар ўртасидаги кооперацион алоқаларнинг чуқурлашувига боғлиқ. Бу борада, айниқса, етакчи корхоналарнинг модернизациялаш ва янгилаш жараёнлари имкониятларидан кенг фойдаланиш лозим. Бунинг учун янги замонавий корхоналарни барпо этиш билан бир қаторда, мавжуд йирик корхоналарни таркибий қайта тузиш орқали кичик замонавий корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш зарур бўлиб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |