# 4, 2020 PEDAGOGIK MAHORAT*ПЕДАГОГИЧЕСКОЕ МАСТЕРСТВО*PEDAGOGICAL SKILL 156
эгаллайди. Улардаги кампуслар ҳудудларида ҳам талабаларга назарий билим берадиган маърузалар
ўқиладиган аудиториялар, ҳам бевосита тадқиқотлар олиб бориладиган лабораториялар жойлашади.
Саноат тармоқлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилгани бундай университетлар концепциясининг
ўзига хос асосий аломати саналади. Бу йўналишдаги университетлар ғоясига АҚШдаги Техас,
Стенфорд, Манчестер-Метрополитен ва бошқа университетлар тажрибалари алоҳида қизиқиш
уйғотади [3,5].
Европа Иттифоқидаги ҳар бир давлат минтақаларидаги инновацион тизимларда ишлаб
чиқариш корхоналари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари манфаатларини ҳисобга олувчи ўзига
хос ёндашувлар мавжуд. Ҳудудларнинг инновацион равнақида университетларнинг аҳамиятини
белгилаш Европа Иттифоқи мамлакатларининг инновацион сиёсатидаги муҳим тенденция саналади.
Финляндияда 20 та университет негизида маҳаллий ҳукумат органлари томонидан аксарияти
уларга тегишли бўлган 22 та технопарк ташкил этилган. Барчаси Финляндия илмий паркларининг
“Текел” ассоциациясига бирлаштирилган. Илмий паркларда жами 1600 та инновацион компания
фаолият юритади, уларда 32 минг нафарга яқин мутахассис ва олимлар ишлайди. Технопарклар
мавқеини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири давлат ёрдамисиз ўзи мустақил иш бошлайдиган
ва билимларга асосланган иқтисодий фаолиятга турдош корхоналарни ҳам жалб этадиган, янги
юқори технологияларга асосланадиган компанияларнинг сонидир [1].
Буларнинг барчаси интеграцион алоқалар орқали олий таълим муассасаларининг мамлакатни
инновацион ривожланиш йўлига олиб ўтишдаги аҳамияти беқиёслигини англатади. Бунда давлат
кўпинча илмий-тадқиқот ташкилотлари, университетлар ва бизнес субъектлари ўртасида воситачи
вазифасини бажаради. Шу асно ҳар хил тузилмалар – олий ўқув юртлари ва саноат ўртасидаги
кооперация марказлари, фанлараро марказлар, кичик ва ўрта бизнесга янги технологияларни бериш
бўйича инновацион марказлар, ихтироларни тижорат мақсадларида рўёбга чиқариш марказлари
очилади.
Европада илмий паркларнинг ғоят ривожланиши ўтган асрнинг 80-йилларидан бошланган.
Дастлабкилари Эдинбургдаги Heriot-WattUniversity тадқиқот парки, Кембриждаги Trinity College
илмий парки, Бельгиядаги Louvain-la-Neuve University ва бошқалар бўлди. Улар фаолиятининг
асосий тури илм-фан талаб қилинадган жабҳаларга дахлдор фирмалар эгаларига ер майдонларини
ижарага беришдан иборат эди [2,4].
Илмий паркларнинг японча модели илмий тадқиқотларнинг илғор ва етакчи тармоқларида
ҳамда илмталаб саноат ишлаб чиқариши соҳаларида жамланадиган технополислар ташкил
этилишини кўзда тутади. Шунга мўлжалланган “Технополис” лойиҳаси 1982 йили амалга ошириш
учун қабул қилинди. Кўп ўтмай Токиодан шимоли-шарқда жойлашган Цукуба шаҳрида Япониянинг
“илмий шаҳри” қад ростлади. Унда 21539 киши яшаб, 50 та давлат тадқиқот институтларида ва 2 та
университетда фаолият олиб боришарди. Япониядаги 98 та етакчи давлат тадқиқот
лабораторияларидан 30 таси Цукубада жойлашгани бу шаҳарни дунёдаги энг йирик илмий
марказлардан бирига айлантирди [3].
Шундай қилиб, техник кафедралар ва ишлаб чиқариш корхоналари интеграцияси бўйича
хорижий тажрибаларни ўрганиш мазкур жараён чет эл олий ўқув юртларида узоқ йиллар мобайнида
аста-секин шаклланганини ва талай мамлакатларнинг инновацион тараққиётида энг муҳим
омиллардан бири бўлганини кўрсатди. Бироқ Ўзбекистонда ҳозир юзага келган ижтимоий-иқтисодий
ривожланиш шароитида ушбу моделларни амалиётга кўр-кўрона кўчириб ўтказиш билан иш
битмайди. Улардан юртимизда шу пайтгача шаклланган илмий-интеллектуал кадрлар салоҳиятини
уйғунлаштирган ҳолда фойдаланиш инновацион ривожланиш тамойилига асосланган тараққиёт
йўналишига ўтказишнинг ягона йўлидир.
Бугунги кунда инсон капиталига инвестициялар жадал ўзгаришларга тез мослаша оладиган,
техник жиҳатдан илғор ва маҳсулдор ишчи кучини яратиш учун жуда зарур. Келгусида қайси давлат
инвестицияларни таълимга, аҳолининг кўникма ва қобилиятларига самарали йўллай олса, у
муваффақиятли иқтисодиётни ярата олади. Бу ўринда таълимга фақатгина ижтимоий эҳтиёжларни
қондириш харажатлари деб эмас, балки келажакка йўналтирилган иқтисодий инвестициялар деб
қараш лозим.
Ўз моҳиятига кўра, инновацион таълимнинг ишлаб чиқариш корхоналари билан интеграцияси
– бу миллий таълим тизимларининг ҳар томонлама яқинлашуви, ўзаро бир-бирини тўлдириши, олий
таълимнинг ягона умумжаҳон ижтимоий тизимига айлантирилишидир.
Олиб борилган таҳлилларнинг кўрсатишича, ривожланган давлатларда олий таълим
интеграцияси бир қатор долзарб масалаларни ҳал қилишга мўлжалланган:
https://buxdu.uz