Батлимус қаламига мансуб китоблар. Европада Клавдий Птолемей номи билан танилган, тахминан, 90- йилларда Искандарияда туғилиб, 161 йилдан сўнг вафот этган. Юнонистонлик йирик астроном, математик ва географ. Фалакиётга оид “Алмажистий” ва “Жуғрофия” каби 2 та машҳур асарнинг муаллифи. Оламнинг геоцентрик назариясини ўртага ташлаган ва сайёраларнинг Ер артофида айланишини асослаб берган.
Ўрта асрларда катта шуҳрат қозонган “Алмажистий” (“ал-Мажисти”) асари Яҳё б. Холид Бармак даврида таржима ва тафсир этилган.
Ўша йиллар давомида илмий адабиётларда Архимеднинг 10 та асари, Апполоний, Аристарх, Пифагор, Архимед, Гиппарх, Теодовский, Менелай, Диоскорид, Геродот, Фило ва Геронларнинг қатор фан соҳаларига оид бир қанча асарларининг араб тилига таржима қилингани эътироф этилади[4;1].
“Байт ул-ҳикма”да форс тилидан араб тилига таржима қилинган асарлар.
Аббосийлар даврида форс тилидан араб тилига ўгирилган асарларнинг кўп қисми адабий-тарихий мазмунга эга бўлган. Шу билан бирга Навбахт оиласи аъзолари Али б. Зиёд ат-Тамимий ва бошқалар фалакиётга доир баъзи форс тилидаги китобларни ҳам таржима қилдилар.
Абдуллоҳ б. Ал-Муқаффаъ форсий таржимонларнинг энг йирикларидан эди. У 724 йили Ироқда таваллуд топади. Асли эронлик мажусийлардан бўлган, кейинчалик ислом динини қабул қилади. Абдуллоҳ б. Ал-Муқаффаъ халифа ал-Мансур девонидаги кутубхонани бошқарган, ноёб асарларни форс тилидан араб тилига таржима қилган, умуман олганда, у ўз даврининг энг катта китобсеварларидан эди.
Абдуллоҳ б. Ал-Муқаффаъ илмий адабиётларда, биринчи навбатда, “Калила ва Димна”нинг таржимони сифатида шуҳрат топган. Бундан ташқари, у Арастунинг бир қанча асарларини ҳам ал-Мансурга таржима қилади. У 759 йили Басра шаҳрининг амири Суфён б. Муъовия томонидан қатл этилади.
Биз қуйида форс тилидан араб тилига таржима қилинган баъзи асарлар ва уларнинг таржимонлари ҳақида маълумот келтирамиз:
“Рустам ва Исфандиёр”, “Баҳром ботир” (“Китаб Баҳрам мавс”), “Сийратлар ҳақида ҳидоянома” (“Китаб ҳидайанама фи-с-сира”) – Жабала б. Салим таржимаси.
“Калила ва Димна” (“Китаб Калила ва Димна”) – Бурзуйа санскритдан паҳлавийга, Ибн Муқаффаъ эса паҳлавийдан араб тилига таржима қилган. Ануширвон даврида Ҳиндистондан келтирилган бу машҳур китобнинг таржималари ҳақида Хожи Халифа батафсил маълумот беради[4].
“Маздақ” (“Китаб Маздақ”), “Ануширвон сийрати ҳақида тож асар” (“Китаб ат-таж фи сират Аниширвон”), “Катта адаб” (“Китаб ал-адаб ал-кабир”), “Кичик адаб” (“Китаб ал-адаб ас-сағир”), ”Минг афсона” (“Китаб хазар афсана”) ва бошқалар.
Араб тилига ўгирилган форс тилидаги асарлар жумласига яна “Форс подшоҳлари сийрати” (“Сират мулук ал-фарс”) номли бир нечта рисолаларни киритиш мумкинки, улар араб тилида мутолаа қилувчиларни Эрон тарихи билан яқиндан таништиришда қўл келади. Бошқа кўплаб форс тилидан араб тилига таржима қилинган асарлар рўйхатини келтириш мумкин.
“Байт ул-ҳикма”да ҳинд тилидан араб тилига таржима қилинган китоблар.
Аббосийлар даври таржима фаолиятида ҳинд уламоларининг илмий мероси юқори ўринни эгаллаган. Буни қадимий ҳинд, яъни санскрит тилидан араб тилига ўгирилган табобат, фалакиёт, ҳисоб, риёзиёт, тарих, адабиётга оид кўпгина асарлар мисолида кўришимиз мумкин. Аббосий халифалар юнон олимлари билан бир қаторда ҳинд алломаларини ҳам пойтахт Бағдодга жалб эта олдилар. Улар орасида Канка, Санжаҳал, Шанақ, Синдбаз, Базикар, Қилйурфил, Салих б. Баҳла ал-Ҳиндилар бор эди[4].
Ўз даврининг машҳур олими Канка Ҳиндистондан Бағдодга Ҳорун ар-Рашидни даволаш учун келади. Тезда шифо топган Ҳорун ар-Рашид Канкани катта мукофот ва маошлар эвазига Бағдодда қолишга кўндирди. Канка табобат, хусусан, фалакиёт илмида йирик мутахассис эди. Бундан ташқари, у форс тилини ҳам билган. Шу туфайли санскрит тилидаги қатор асарлар Канка тарафидан форс тилига, сўнгра форс тилидан араб тилига таржима этилган.
Ҳинд мутафаккирларининг қуйидаги китоблари ўз вақтида араб тилига ўгирилиб, Шарқда илм-фаннинг юксалишига муносиб ҳисса қўшди.
Do'stlaringiz bilan baham: |