Шу абзацни тек кк. Маъмун риёзиёт, фалакиёт, табобат, кимё, география, фалсафа, мантиқ, адабиёт, диний илмлар соҳасида қатор ютуқларга эришган, муътазилия таълимотига улкан ҳисса қўшган. Маъмун бобоси Мансур, отаси Ҳорун ар-Рашид томонидан саройда тўпланган китоблар сонини кўпайтирган. Отаси даврида бу кутубхона “Байт ул-ҳикмат” деб номлана бошлаган. Кейинчалик у кутубхоналик доирасидан чиқиб, таржима ва илм маркази ёки ўзига хос академия вазифасини ўтаган.
Хоразм Маъмун академияси
Бағдод академиясидек улуғвор илм даргоҳи Шарқ тарихида ягона бўлмай, Хоразмда маърифатпарвар ҳукмдор Маъмун II раҳнамолигида 1004 йили яна бир академия “Мажлиси уламо" (“Олимлар мажлиси”) ташкил топганди. X аср охири XI аср бошларида фаолият кўрсатган илмий муҳит бўлиб, Маъмунийлар давлати (992-1017) тарихи билан бевосита боғлиқ. Сиёсий, иқтисодий, ҳарбий қудратга эришган хоразмшоҳлар давлати мамлакатни бирлаштириш, унда тартиб ўрнатиш бўйича тадбирларни бошлаб юборган. Кун тартибида давлат ички ва ташқи сиёсатини олиб боришда мафкуравий масалаларни ҳал қилиб турган. Али ибн Маъмун (997-1010) доно ва зукко маслаҳатчиларга муҳтож бўлган. Унинг бахтига тоғаси, Абу Наср ибн Ироқ ўз даврининг ўта билимдон олими бўлган. 1004 йилнинг бошида Ибн Ироқ таклифи билан Беруний Гурганжга қайтиб келган. Маъмун саройида илм аҳли учун яхши шароит яратиб берилган. Бу икки шахс Яқин ва Ўрта Шарқдаги кўплаб олимлар билан шахсий ёзишмада бўлганлар. Уларнинг таклифи билан Нишопур, Балх, Бухоро ва ҳатто араб Ироқидан кўплаб олимлар Гурганжга келишган.
Шу тариқа 1004 йилдан бошлаб Гурганжда “Дорул ҳикма ва маориф” (баъзи бир манбаларда “Мажлиси уламо”) номини олган илмий муассаса тўла шаклланган. Бу илмий муассасада худди Афинадаги “Платон”, Бағдоддаги “Байт ул-ҳикма” академияси фаолиятига ўхшаб, илмнинг барча соҳаларида тадқиқот ва изланишлар олиб борилган, жуда кўп манбалар тўпланган, таржимонлик ишлари бажарилган. Ҳинд, юнон, араб олимларининг ишлари ўрганилган. Ал-Хоразмий, ал-Фарғонийларнинг ўлмас асарлари, илмий ишларидан фойдаланилган ва тадқиқ қилинган. XVIII-XX аср тарихчи олимлари томонидан илмий муссаса ҳар томонлама ўрганилган ва ўз фаолияти нуқтаи назаридан бу даргоҳ ўз даврининг академияси бўлганлиги исботланган ва унга “Маъмун академияси” номи берилган.
Ҳоразм Маъмун академияси асосини қуйидаги олимлар ташкил этган: Абу Наср ибн Ироқ, Абулхайр ибн Ҳаммор, Абу Саҳл ал-Масиҳий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Яъқуб ибн Мискавайҳ, ас-Саолибий, Муҳаммад ас-Саҳрий, Муҳаммад ал-Хоразмий ва бошқалар[15].
Академия олимлари Юнонистон, Яқин ва Ўрта Шарқ, Ҳиндистон илм-фан ютуқларини ижодий, танқидий ўрганиб, уни янада юксак босқичга кўтарганлар. Академия аъзоларининг аксарияти олим сифатида Марказий Осиёда шаклланганлар. Уларнинг илмий фаолияти, асарлари туфайли Қадимги Хоразм бадиий санъати, адабиёти, астрономияси, математикаси, суғориш маданияти ютуқлари жаҳон тамаддуни хазинасига кирган ва бутун инсоният манфаатларига хизмат қила бошлаган.
Масалан, Абу Наср ибн Ироқ астрономияга доир илмий асарлари туфайли “Батлимуси соний” (“Иккинчи Птолемей”) деган фахрий ном олган. Абулхайр ибн Ҳаммор мантиқ, фалсафадан ташқари табобатда ҳам жуда машҳур бўлгани учун “Буқроти соний” (“Иккинчи Гиппократ”) лақабига сазовор бўлган. Абу Саҳл ал-Масиҳий табиб, Ибн Синонинг устози бўлган.
Академия раҳбари Абу Райҳон Беруний фаннинг деярли ҳамма соҳалари билан шуғулланган. Унинг геодезия ва математика соҳалари бўйича асарлари бугун ҳам долзарбдир. Беруний Ўрта Осиёда биринчи бўлиб, тиббиётга оид “Китоб ас-Сайдана фит-тиб” (“Табобатда доришунослик китоби”) асарини ёзган. Беруний Америка қитъаси мавжудлигини европалик олимлардан тахминан 450 йил олдин айтиб ўтган. Беруний ер курраси шарсимон эканлигини исботлаган ва илк глобусни тайёрлаган, ой билан унинг орасидаги масофани аниқ ўлчаган, Ернинг нариги томонида қуруқлик борлигини илмий асослаб берган. Унинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида қадимги халқлар (юнонлар, эронийлар, суғдийлар, хоразмийлар ва бошқалар)нинг йил ҳисоблари, байрамлари ва машҳур кунлари, урф-одатларига оид қимматли маълумотлар тўпланган.
“Тиб қонунлари” билан Европани ҳайратга солган Ибн Сино, жаҳон фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган. Хусусан, унинг “Тиб қонунлари” асари бутун дунёга машҳур бўлган. Хоразмда Ибн Сино, асосан, математика ва астрономия билан шуғулланган олимнинг Аристотель таълимоти хусусида Беруний билан ва ўзининг шогирди Бахманёр билан ёзишмалари тарихда машҳурдир.
Олим Мискавайҳ, математик Абу Наср ибн Ҳаммор ва бошқалар кўплаб илмий-амалий муаммоларни ечиб, жаҳон фани ривожига бетакрор ҳисса қўшганлар16.
Хоразм Маъмун академияси олимлари Хоразм табиати, иқлими, суғориш тизими, минерологияси, ер ости сувлари, Амударё дельтасининг тарихи, коризлар қуриш орқали тупроқни тозалаш йўлларини тадқиқ этишган. Академия аъзоларидан Абу Бакр ал-Хоразмий, табиб Абу-л-Фараж ибн Ҳинду шеъриятда юксак маҳоратга эришганлар. Хоразм тарихи, динлари, ёзуви, миллий қадриятлари ҳақидаги қимматли маълумотлар уларнинг фаолияти туфайли бизгача етиб келган. Уларнинг ўзларига хос шиори: “Илм – инсонлар ҳожатини чиқармоқликка хизмат қилсин”, - дея аталган эди. Хоразм Маъмун академияси олимларига илмда қатъийлик хос бўлган. Аристотель йўл қўйган хатолар текширишлар давомида тузатилган, қутбдаги давомий тун ва кунлар масаласи осонлик билан фалакиёт нуқтаи назаридан тушунтирилиб, ечилган. Берунийнинг қайд этишича, қадимда Хоразм астрономлари юлдузлар жойлашиш тартибини араблардан кўра яхшироқ билишган[17].
Марказий Осиёдаги илм-фаннинг бу даврдаги равнақи жаҳондаги фан шайдоларининг диққатини ўзига тортган, бу ўз навбатида “Буюк Ипак йўли”нинг ривожланиш босқичига ўз ҳиссасини қўшган.
Хоразмшоҳ Маъмун ибн Маъмун (Маъмун II) саройидаги олимлар шуҳрати ўз даврида узоқ ўлкаларга тарқалган. Бу эса Маҳмуд Ғазнавийнинг ғашига теккан. У уюштирган суиқасд натижасида 1017 йилнинг баҳорида Маъмун II ўлдирилган ва ўша йилнинг июнида куёви учун қасос олиш баҳонаси билан Маҳмуд Ғазнавий Хоразмга бостириб кирган. Катта қирғин ва талон-торожликлар натижасида Хоразм Маъмун академияси фаолияти тугатилган ва бу ердаги олимларнинг кўпчилиги Ғазнага мажбуран олиб кетилган[18].
Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президентининг “Хоразм Маъмун академиясини қайтадан ташкил этиш тўғрисида”ги фармони (1997 й. 11 ноябрь) Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини юксалтириш, унинг жаҳон илмий ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлаш, минтақаларда фанни янада ривожлантириш ҳамда истеъдодли ва фидойи олимларни қўллаб-қувватлаш, юқори интеллектуал муҳит яратишдаги миллий анъаналарни ривожлантиришда қўйилган муҳим қадам бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |