[
ОКОЗ:
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.10.00.00 Мажбурият ҳуқуқи / 03.10.01.00 Мажбурият тушунчаси ва томонлари. Мажбуриятда шахсларнинг алмашинуви]
[
ТСЗ:
1.Фуқаролик қонунчилиги. Тадбиркорлик / Мажбурият ҳуқуқи. Мажбуриятларнинг алоҳида турлари]
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик
суди пленумининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИНИНГ ТАЛАБДАН БОШҚА ШАХС ФОЙДАСИГА ВОЗ КЕЧИШ ҲУҚУҚИ БИЛАН БОҒЛИҚ НОРМАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
(Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 30 октябрдаги 189-сонли қарори асосида киритилган ўзгартиришлар билан)
Суд амалиётида келиб чиқаётган масалаларнинг ечимини ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (кейинчалик — ФК) талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш билан боғлиқ нормаларининг низоларни ҳал этилишида бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 47-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми қуйидаги тушунтиришларни беришга қарор қилади:
1. Судлар шунга эътиборларини қаратишлари лозимки, талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш битим ҳисобланади, ушбу мажбуриятда шахс (кредитор) сўзсиз алмашади.
Талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномасига асосан дастлабки кредитор асосий мажбурият бўйича талаб қилиш ҳуқуқини топшириш, янги кредитор эса бу ҳуқуқларни қабул қилиш мажбуриятини олади.
Талабдан бошқа шахс
фойдасига воз кечиш шартномаси, агарда қонун ҳужжатларидан, шартноманинг мазмуни ёки моҳиятидан бошқача ҳол англашилмаса, ҳақ эвазига тузилган шартнома ҳисобланади (ФКнинг 355-моддаси учинчи қисми).
ФКнинг 319-моддаси биринчи қисмига асосан кредиторнинг ўз талабидан бошқа
шахс фойдасига воз кечишига, башарти у қонун ҳужжатларига ёки шартномага зид бўлмаса, йўл қўйилади.
Талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечилганда дастлабки кредитор асосий мажбурият бўйича шахс алмаштирилиши муносабати билан мажбуриятдан чиқади.
2. Кредиторнинг мажбурият бўйича ҳуқуқлари белгиланган тартибда нафақат талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш асосида, балки қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳам бошқа шахсларга ўтиши мумкин (ФКнинг 295, 318, 957-моддалари).
3. Судлар кредиторнинг ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ низоларни кўришда бундай ишлар бўйича янги кредиторнинг ҳуқуқни ўтказилиши натижасида дастлабки кредитордан оладиган мажбуриятлар ҳажмини аниқлаш муҳим масала эканлигини инобатга олишлари лозим.
Агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, дастлабки кредиторнинг ҳуқуқи янги кредиторга ҳуқуқ ўтиш пайтида мавжуд бўлган ҳажмда ва шартлар асосида ўтади.
Янги кредиторга, хусусан, пул мажбуриятининг бажарилишини таъминлайдиган ҳуқуқлар (масалан: боқиманда ундириш ва ҳ.к), шунингдек талаб билан боғлиқ бошқа ҳуқуқлар, шу жумладан тўланмаган фоизларга бўлган ҳуқуқ ҳам ўтади. Ваҳоланки, пул мажбуриятида кредитор ўзгарган ҳар қандай ҳолда ҳам дастлабки кредитордан янги кредиторга барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўтади.
4. Судлар
шуни назарда тутишлари лозимки, талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномасида қандай талаблар қайси мажбуриятларга асосан ўтаётганлиги аниқ кўрсатилган бўлиши лозим.
Ўтказилаётган талаблар ҳажмини белгилашда у қандай мажбуриятдан келиб чиққанлиги кўрсатилиб, ҳар қандай шартноманинг муҳим шарти ҳисобланган шартнома предмети ҳам битим иштирокчилари томонидан белгиланади.
Талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномасининг предмети унинг муҳим шартларидан бири ҳисобланиб, тарафлар (дастлабки ва янги кредитор) шартномада ўтказиладиган ҳуқуқ предметини аниқ, равшан тарзда асосий мажбуриятга боғлаган ҳолда. кўрсатишлари шарт.
Агар талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномасида воз кечилаётган ҳуқуқни келтириб чиқарувчи мажбурият аниқ кўрсатилмаган бўлса, талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномаси тузилмаган деб ҳисобланиши лозим (ФКнинг 364-моддаси).
5. Талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечган дастлабки кредитор янги кредитор олдида унга ўтказилган талабнинг ҳақиқий эмаслиги учун жавоб беради, бироқ қарздор томонидан бу талабнинг бажарилмаганлиги
учун жавоб бермайди, дастлабки кредитор янги кредитор олдида қарздор учун ўз зиммасига кафолатни олган ҳоллар бундан мустасно (ФКнинг 321-моддаси).
6. Агар талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномаси ўз моҳиятига кўра талаб қилиш ҳуқуқини ўтказиш бўлмай, балки бунда тарафларнинг хоҳиш-иродаси аслида ҳақ эвазига хизмат кўрсатишга қаратилган бўлса, бундай шартнома ФКнинг 124-моддаси иккинчи қисмига биноан бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган ҳисобланади (топшириқ шартномаси ёки ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси) ва суд тарафлар аслида назарда тутган битимга доир қоидаларни қўллайди.
Агар асосий битим суд томонидан тузилмаган (ёки ҳақиқий эмас) деб топилса, асосий битимга асосланган талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳам ҳақиқий ҳисобланмайди (ФКнинг 313-моддаси).
7. Талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномасининг
хусусияти шундаки, бунда қонун ёки асосий шартномада тўғридан-тўғри бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбуриятдаги бошқа тарафнинг (қарздорнинг) розилиги талаб қилинмайди.
8. Судларга тушунтирилсинки, талаб қилиш ҳуқуқи ўтган янги кредитор қарздорни бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Акс ҳолда у бундай хабар бермаслик туфайли келиб чиққан ўзи учун ноқулай оқибатлар хавфини ўз зиммасига олади (ФКнинг 313-моддаси).
Ўз талабидан бошқа шахс фойдасига воз кечган кредиторга ҳам маълум мажбуриятлар юклатилади. У янги кредиторга талаб қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни бериши ва талабни амалга ошириш учун аҳамиятли бўлган маълумотларни билдириши керак. Қарздор талаблар янги кредиторга ўтганлигини исботловчи ҳужжатлар ўзига тақдим этилмагунича унга нисбатан мажбуриятни бажармасликка ҳақли (ФКнинг 316-моддаси).
Бунда, қарздор мажбурият бўйича ҳуқуқлар янги кредиторга ўтганлиги ҳақида огоҳлантириш олган пайтида дастлабки кредиторга қарши эътирозларини янги кредиторнинг талабига қарши қўйишга ҳақли эканлиги инобатга олиниши лозим (ФКнинг 317-моддаси).
Кредиторнинг ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтганлиги ҳақида қарздорнинг хабардор қилинмаганлиги ёки ўз талабидан бошқа шахс фойдасига воз кечган кредитор талаб қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни унга бермаганлиги унинг ҳуқуқларини бошқа шахсга ҳақиқатан ўтказилганлигига таъсир қилмайди ва ўз талабидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномасини тузилмаганлигига (ҳақиқий эмаслигига) олиб келмайди.
Дастлабки кредитордан янги кредиторга ҳуқуқларнинг ўтказилиши қарздорни битим тузилганлиги тўғрисида хабардор қилиш пайти билан боғлиқ эмас. Қарздорни хабардор қилиш ҳуқуқлар бошқа шахсга ўтказилганлигига
биноан амалга оширилиб, бу мажбурият бўйича талаб қилиш ҳуқуқини ўтказишнинг зарур шарти сифатида қаралмайди.
9. Судларнинг эътибори оддий ёзма ёки нотариал шаклда тузилган битимга асосланган талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш фақат ўша шаклда (оддий ёзма ёки нотариал) амалга оширилиши мумкинлигига қаратилсин (ФКнинг 320-моддаси биринчи қисми).
Агар асосий битим давлат рўйхатидан ўтказилиши талаб қилинадиган битим бўлса, талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш битими ҳам асосий битим бўйича белгилаб қўйилган тартибда рўйхатдан ўтказилиши шарт (ФКнинг 320-моддаси иккинчи қисми).
Талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномасини тузиш вақтида асосий битимни давлат рўйхатидан ўтказиш шартлигини назарда тутувчи қонун ҳужжатларининг талаблари ўзгарган ва бундай тоифадаги битимларни рўйхатга олиш шартлиги бекор қилинган ҳолларда талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномасини рўйхатга олиш талаб қилинмайди.
10. Судлар талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечишга қонун ҳужжатлари билан чекланганлик мавжудлигини назарда тутишлари лозим:
доимий рента шартномаси бўйича рента олувчининг ҳуқуқлари фақат фуқаролар ва нотижорат ташкилотларига ўтказилиши мумкин (ФКнинг 518-моддаси);
прокат шартномаси бўйича ижарага олувчи ўзининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказишига йўл қўйилмайди (ФКнинг 563-моддаси иккинчи қисми);
корхонани ижарага берувчининг тегишли фаолият билан шуғулланиши учун махсус рухсатнома асосида олган ҳуқуқлари ижарага олувчига берилиши мумкин эмас (ФКнинг 579-моддаси бешинчи қисми);
кафолат бўйича бенефициарга тегишли бўлган кафилга талаб қўйиш ҳуқуқи, агар кафолатда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бошқа шахсга ўтказилиши мумкин эмас (ФКнинг 303-моддаси) ва бошқалар.
11. Судларга тушунтирилсинки, талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечишни тақиқлаш ва ҳар қандай чеклашлар ёхуд талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечишнинг қўшимча шартлари тарафларнинг келишувларига биноан шартномада назарда тутилиши мумкин.
Шу билан бирга судлар шартномада бундай тақиқ ёхуд чеклашлар мавжуд бўлсада, лекин қонун талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечишга йўл қўядиган баъзи бир алоҳида ҳолатларга эътиборларини қаратишлари лозим.
Масалан, ФКнинг 753-моддасига мувофиқ, мижоз билан унинг қарздори ўртасида талабномадан бошқа шахс фойдасига воз кечишни тақиқлаш ёки чеклаш ҳақида келишув бўлган тақдирда ҳам, пул талабномасидан молия агенти фойдасига воз кечиш ҳақиқий ҳисобланади.
ФКнинг 834-моддаси олтинчи қисмига биноан битим бўйича ҳуқуқларни
комитентга топширишга, воситачининг учинчи шахс билан ҳуқуқларни бундай беришни тақиқлайдиган ёки чеклайдиган келишувидан қатъи назар, йўл қўйилади. Бу ҳар икки ҳолатда ҳам янги кредитор (жумладан; мижоз ёки воситачи) ҳуқуқни топширишни тақиқлаш ёки чеклаш ҳақидаги келишувни бузиб ҳуқуқни топширганлиги муносабати билан уни учинчи шахс олдидаги жавобгарликдан озод қилмайди.
12. Талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳуқуқи билан боғлиқ ишларни суд муҳокамасига тайёрлашда судлар ишда иштирок этувчи барча манфаатдор шахсларни жалб қилиш тўғрисидаги масалани ҳал этишлари зарур.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агар қабул қилинадиган суд ҳужжати дастлабки кредиторнинг манфаатларига таъсир кўрсатиши ишни кўриб чиқиш вақтида аниқланса, суд уни низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишга жалб қилиш масаласини ҳал этиши лозим.
(12-банднинг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2016 йил 23 декабраги 307-сонли қарори таҳририда)
Дастлабки кредиторни қўшимча далиллар (ҳужжатларнинг асли, дастлабки кредиторнинг кўрсатмалари)ни олиш учун ҳам суд мажлисига жалб қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Тошкент ш.,
2003 йил 28 февраль,
110-сон